Ҳуқуқ ҳимоячилари терилган бир килограмм пахта нархини арзон деб ҳисобламоқда

"Бир килограмм учун 800 сўм менинг назаримда ва биз сўровдан ўтказган кўпчилик кишиларнинг фикрича, барибир? жуда паст нарх”, - дея қайд этади ҳуқуқ ҳимоячиси...

25 сентябрдан 31 октябрга қадар Ўзбекистонда пахта далаларида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича Миллий мониторинг ўтказилади. Уни 400 нафар меҳнат инспектори амалга оширади.

«Агар 2016 йилда теримчиларга бир килограмм пахта учун 250 сўм тўланган бўлса, бу йил бир килограмм пахта учун 800 сўм тўланади. Ўтган йили бизда 200 нафар меҳнат инспектори бор эди, бу йил уларнинг сони 400 га етди, уларнинг 200 нафар ёрдамчиси ҳам бор», – деди Халқаро меҳнат ташкилотининг бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп матбуот анжуманида.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, бир килограмм пахта нархи барибир арзон. “Одамлар бугунги кунда яшаётган реал шароитларга мувофиқ нархни самарали шакллантириш механизмини кўриб чиқиш керак эди. Бир килограмм учун 800 сўм менинг назаримда ва биз сўровдан ўтказган кўпчилик кишиларнинг фикрича, барибир жуда паст нарх”, – дея қайд этади ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев.

«Нарх ҳар йили кўтарилади, агар ўтган йилга қарайдиган бўлсак, у 600 сўмни ташкил қилганди. Нархни шакллантириш умумий бозор конъюнктурасидан келиб чиқади, ҳозир фермерларга хориждагидан кўра кўпроқ тўлаш зарарга ишлайди, бунинг иложи йўқ. Шу билан бирга 800 сўм – бу бошланғич нарх. Ўтган йили кластерлар 1600 сўмгача тўлаганди», – дея қайд этади бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Нодир Якубов.

Унинг сўзларига кўра, пахта терими кўпчилик оилалар учун даромад манбаи ҳисобланади.

«Бу унчалик ёмон пул эмас. Шу боис унга даромад олиш нуқтаи назаридан ёндашиш керак. Биз ҳар бир меҳнат бузилиши фактини қайд этиб боряпмиз», – дейди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.