Ўзбекистон Миллий банкининг Anhor.uz таҳририятига жавоби

Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизмати Anhor.uz таҳририятига “Миллий банкдан шок терапияси” мақоласига нисбатан ЎМБнинг позициясини чоп этиш талаби билан мурожаат қилди.

Ўзбекистон Миллий банки матбуот хизмати Anhor.uz таҳририятига “Миллий банкдан шок терапияси” мақоласига нисбатан ЎМБнинг позициясини чоп этиш талаби билан мурожаат қилди.

2019 йил 19 сентябрь куни www.anhor.uz сайтида “Миллий банкдан шок терапияси” мақоласи чоп этилган эди. Унинг муаллифи иқтисодчи, молиявий эксперт Абдулла Абдукадиров.

Муаллифнинг мақолани холис ёритишга уринишига қарамасдан, охир-оқибатда мақола Ўзбекистон Миллий банкининг «Temenos» компанияси тизимидан фарқ қилувчи Автоматлаштирилган Банк Тизими (қуйида – АБТ)га ўтишидан ҳеч қачон манфаатдор бўлмаган кишиларнинг қўли билан ёзилгани тушунарли бўлиб қолди. Ушбу факт, муаллиф қайд этганидай, ЎзРдаги деярли барча банклар кўп йиллардан буён муваффақиятли ишлаб келган маҳаллий тизимларни иложи борича қоралашга бўлган уринишлар билан ҳам тасдиқланади, шу билан бирга мақолада «Temenos» компаниясининг маҳсулотларини илгари суриш билан шуғулланувчи компаниялар сайтларидан кўчириб олинган кўплаб бандлар мавжуд (масалан, http://profix.com.ua/ru/core-banking-competence).

Айтиш жоизки, бугунги кунда «Temenos» автоматлаштирилган банк тизими МДҲ бозорида, масалан, Россия Федерацияси ва Қозоғистон банкларида тўлақонли ишлайдиган банк тизими сифатида тақдим этилмаган, банкларнинг аксариятида МДҲ мамлакатлари компанияларида ишлаб чиқилган АБТ қўлланади: ЦФТ, Colvir, «Диасофт», R-Style Softlab, БИС ва «Инверсия».
 
Ўзбекистон Миллий банки 2004 йилдан буён «Temenos» компаниясининг (Швейцария) АБТдан фойдаланиб келганини муаллиф тўғри қайд этади, ушбу тизим ҳар йили қимматга тушадиган хизмат кўрсатиш ишлари ва ундан ҳам қимматроққа тушадиган бир марталик модернизация (update) ишлари амалга оширилишига қарамасдан, ўз олдига қўйилган талабларга жавоб бермасди, чунки 2004 йилги базавий тизим ўрнатилганди.

Масалан, ойнинг ҳар дастлабки кунларида ва ҳисоботларни шакллантириш даврининг бошида «Temenos» АБТ шу даражада юкланган бўлардики, натижада банк ЎзР Марказий банки билан ҳисоботларни солиштириш ишларида кўп соатлик кечикишларга дуч келарди. Кечикиш кўпга чўзилганида эса банклараро электрон тўловларга йўл қўйилмасди, бу эса банкнинг мижозлар ва ҳамкорлар олдидаги нуфузига салбий таъсир кўрсатарди.  
         
Муаллиф қўйган саволлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

– Очиқ танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон 2018 йил август ойида банк сайтининг тегишли бўлимига жойлаштирилган эди, эълон жойлаштирилишидан олдин барча ҳужжатлар ЎзР қонунчилигига қатъий мувофиқ ҳолда ҳамма вазирликлар ва идоралар билан келишилган ва тасдиқланган;

– 2019 йил 23 августда Миллий банк сайтида, ижтимоий тармоқларда (Facebook, instagram) янги Автоматлаштирилган банк тизимига ўтилиши ҳақида тегишли эълон жойлаштирилган;

– “Нега иш кунларида барча баланслар, ҳисобрақамлар бўйича айланмалар, мижозларнинг ҳисобрақамларидаги қолдиқлар “ёйилиб” кетди? Нега банк раҳбарияти муаммонинг кўламини ўз вақтида кўра олмади ва эҳтиёт чораларини кўрмади?” деган саволни мақсадга мувофиқ эмас ва очиқ туҳмат деб ҳисоблаймиз. Муаллифнинг ўзи, собиқ банк ходими сифатида, банклар банклараро тўловларни амалга ошириш учун рухсатнома олиш мақсадида ҳар куни Марказий банкка баланс ва ҳисоботларни юборишини билиши керак;

– банк ходимлари юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳар куни мижозлар билан ишлайди ва уларни оператив тартибда ҳал қилади. Бунинг учун колл-марказ мавжуд, Telegram мессенжерида банк ходимлари ва мижоз-бухгалтерлар гуруҳлари яратилган, мижозларнинг кўпчилиги масъул ходимларнинг бевосита мобил рақамларини билади;

– ходимларнинг барчаси ўз банки учун жон куйдиради, уларнинг кўпчилиги банкка ўз ҳаётининг 10-20 йилини бағишлаган. Ҳеч ким ҳеч кимни кечгача ишлашга мажбур этмаяпти. Агар муаллиф ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш жараёни билан таниш бўлмаса, унда у ўзгаришлар ва тўғирлаш ишлари ишдан ташқари пайтда амалга оширилишини билиши керак;

– ИАБТда кредитлар, аккредитивлар, халқаро тўловлар бўйича барча амалиётлар автоматлаштирилган режимда амалга оширилади ва, аксинча, «Temenos» АБТда амалиётларнинг кўпчилиги қўл режимида бажарилади;

– муаллифнинг SWIFT топшириқномалар ва ҳисоботларга гўёки қўлда ишлов берилиши ҳақидаги далиллари ҳам очиқ туҳматдан иборат. ИАБТ аввал бошиданоқ SWIFT тизими билан муваффақиятли интеграциялаштирилган бўлиб, ЎзРнинг бошқа барча банкларида анчадан бери автомат режимда ишлайди;

Ўзбекистон Миллий банки АБТни алмаштириш бўйича лойиҳани 2018 йил бошида, маҳаллий, халқаро ва МДҲ бозорида амалда бўлган АБТни  батафсил таҳлил қилишдан бошлаган. Банк бўлинмаларининг ишлаб турган бизнес-жараёнларини оптималлаштириш бўйича комплекс ишлар амалга оширилди, банкнинг ишончли ва замонавий АТ-платформаларни қуриш бўйича қатор йирик АТ лойиҳалари ишга туширилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий банки ўз трансформациясининг якуний босқичида турибди, у нафақат банк фаолиятининг иш ва ёндашувлари сифатини оширади, балки ЎзРнинг бошқа банкларида ҳам ўз аксини топади, бу банклар томонидан ўзларининг барча турдаги мижозларига тақдим этиладиган хизматлар рўйхати ва сифатини кенгайтириш имконини беради.

Мавзу бўйича мақолалар:
“Миллий банкдан шок терапияси”

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.