Ўз ўғлига никоҳ ўқиган ота етти суткага қамалди

Ота ўғлига никоҳ ўқиб қўйишларини сўраб, бир неча имом-домлага борган, бироқ уларнинг бари рад жавобини бергач, ўғлини ўзи никоҳлаб қўйган.

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида ўғлига никоҳ ўқиб қўйган отага маъмурий чора кўрилди. Бу ҳақда «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» информацион дастури хабар беради.

Сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган иш жараёнида ота ўғлига никоҳ ўқиб қўйишларини сўраб, бир неча имом-домлага борганини, бироқ уларнинг бари рад жавобини бергач, охири ўғлини ўзи никоҳлаб қўйганини айтган.

Ўғлига никоҳ ўқиган ота аслида бу иш бўйича ҳеч қандай ваколатга эга эмаслигини ҳам тан олган. Суд унга етти кунлик маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Ўғлига никоҳ ўқиган ота қўлида кишан билан сайёр суд мажлисидан олиб кетилган.

Аввалроқ Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида ўғлининг иккинчи турмуши учун никоҳ ўқиб қўйган ота маъмурий жавобгарликка тортилган эди. Бундан ташқари, Фарғонанинг Тошлоқ туманида бир фуқаро ўзига-ўзи никоҳ ўқигани ҳақида хабар берилганди.

Куни кеча эса Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари одамларни «шаръий никоҳ ўқигани учун жавобгарликка тортиш тўғри эмас»лигини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.