Ўзбекистон Миллий банкининг “Миллий банкдан шок терапияси” мақоласи муаллифига нисбатан билдирган эътирозларига жавоб
2019 йил 20 сентябрь куни Анхор.Уз Телеграм каналида Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий Банкининг муаллифимиз Абдулла Абдукадировнинг “Миллий банкдан шок терапияси” деб номланувчи мақоласига раддия хати чоп этилган эди.
Банкнинг каналимиздаги мақолага тезкор реакциясининг ўзи бизни қувонтирмасдан қолдирмади, албатта, чунки биз, Банк сингари, бизнинг энг йирик давлат банкимиз фаолияти иложи борича очиқ бўлишини истаймиз.
Шу билан бирга, Банкнинг, назаримизда, бироз ҳис-туйғуларга берилган ҳолда ёзилган эътирозлари билан танишиб, бизда профессионал характердаги бир нечта савол туғилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари томонидан амалга ошириладиган барча харидлар Ўзбекистон Республикасининг 11.04.2018 йилдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2018 йил 15 майдаги 185-сонли буйруғига мувофиқ амалга оширилиши зарур. Бизнинг фикримизча, янги автоматлаштирилган банк тизимига ўтишни ташкил қилишда Банк томонидан кўрсатилган Қонуннинг 6, 7, 9, 10 моддаларига тўлиқ амал қилинганига яққол далиллар мавжуд эмас.
Мавжуд қонун ҳужжатлари, энг аввало, давлат харидларини амалга оширишда иқтисодий асосланганлик ва максимал ошкораликни таъминлашга чақирилган. Сизнинг расмий сайтингиздаги “Тендерлар” ёки “Аҳамиятли фактлар” бўлимида АБТни ўзгартириш бўйича ўтказилган тендер ҳақида ҳамон маълумот йўқ. Бу ҳолатда, назаримизда, ижтимоий тармоқларга ҳаволалар, мутлақо ўринли эмас. Сиз “Очиқ танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон 2018 йил август ойида банк сайтининг тегишли бўлимига жойлаштирилган эди, эълон жойлаштирилишидан олдин барча ҳужжатлар ЎзР қонунчилигига қатъий мувофиқ ҳолда ҳамма вазирликлар ва идоралар билан келишилган ва тасдиқланган” деб таъкидлаяпсиз.
Аммо бизга барча вазирликлар ва идоралар билан айнан қайси ҳужжатлар келишилгани ва тасдиқлангани, АБТни ўзгартириш зарурати, банк раҳбарияти ўтишни хоҳлаётган янги тизим ҳақидаги гаплар тушунарсиз бўлиб қолмоқда.
Унда нега ИАБТга ўтиш ҳақида ўз мижозларингизни фақат “2019 йил 23 август куни сайтда, ижтимоий тармоқларда (Facebook, instagram)” гўёки хабардор қилгансиз? Наҳотки сиз буни мижозлар билан алоқаларнинг муносиб даражаси деб ҳисобласангиз?
Агар Банк томонидан юқорида тилга олинган ҳужжатларнинг қоидаларига амал қилинган бўлса, унда тендер комиссиясининг “Тендерда ғолибликка даъвогарларнинг қисқа рўйхатини тузиш тўғрисида”ги, “Тендер ғолибини танлаш тўғрисида”ги баённомаларини чоп этиш (таҳририят ихтиёрига тақдим этиш) мумкинми?
Ўзбекистон ТИФ МБ давлат банки бўлгани учун унга Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 11 мартда қабул қилинган ва Сенат томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунининг 5, 7 ва 9 моддалари ҳам тааллуқли ҳисобланади. Таҳририятимиз Банкдан юқоридаги Қонунга амал қилиш бўйича батафсил маълумотнома олишга умид қилиши мумкинми?
Шунингдек бизни жавобда бирортаям расмий ҳужжатга ҳавола йўқлиги ҳайрон қолдирди. Ўзбекистон Республикасининг “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7, 8 ва 9 моддаларига мувофиқ, Марказий банкнинг автоматлаштирилган банк тизимидаги ахборотни ҳимоя қилиш хизмати жорий этилаётган янги АБТ кўрсатилган Қонун қоидаларига ва МБ талабларига мувофиқ келишига ишонч ҳосил қилиши керак. Сизда янги АБТнинг ахборотни ҳимоялаш талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи шундай Хизматнинг хулосаси борми?
Хулоса ўрнида на Анҳор.Уз таҳририяти, на унинг муаллифлари “Фидо-Бизнес” томонидан ишлаб чиқилган маҳаллий ИАБТни “қоралаш”дан манфаатдор эмаслигини қайд этишни истардик. Биз ҳар бир тизимнинг афзалликларини иложи борича холис акс эттиришга уриндик ва бунинг учун компанияларнинг расмий сайтларидаги ахборотдан фойдаландик. Биз учун ТИФ МБ қайси операцион тизимдан фойдаланишининг фарқи йўқ.
Аммо бизга шундай йирик банк ўз мижозларининг манфаатлари ҳақида ғамхўрлик қилмаётгани, гапни гўёки бизнинг манфаатдор эканлигимиз ҳақидаги йўналишга ўтказаётгани ва вазиятни тузатиш ўрнига банк ходимлари ишдан ташқари пайтда ишлашга мажбур экани борасида ўзини оқлаш позициясини эгаллаётгани барибир эмас.
Ва Ўзбекистон ТИФ МБ “2019 йил II чорак охирига тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан хизмат кўрсатиш сифатини аниқлаш бўйича ўтказилган таҳлилнинг якуний натижалари” бўйича Ўзбекистон Банклар Ассоциацияси томонидан ўтказилган сўровда ўзига муносиб бўлмаган 10-ўринни эгаллагани афтидан мутлақо тасодиф эмасга ўхшаяпти. Бунинг устига ўқувчиларимизнинг шарҳларини ҳам келгусида инобатга олиш ортиқчалик қилмайди, деб ўйлаймиз.
Шарҳлар