12 сентябрь куни “Озодлик” радиоси Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидаги 29-сонли боғча ошпази қандай шароитларда овқат тайёрлашига тўғри келаётганини гапириб берган материални чиқарди. Унинг сўзларига кўра, овқат очиқ оловда тайёрланган, ҳатто минимал ошхона жиҳозлари ҳам бўлмаган.

Вазирлик матбуот хизматининг қайд этишича, Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармасининг ишчи гуруҳи 19 июлдаёқ боғчадаги шароитларни ўрганиб чиққан. Ошпаз ишчи гуруҳ томонидан қоидабузарликлар аниқланганидан кейин касаллик варақасини очириб, боғчага бормай қўяди. 15 августда эса ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини тўхтатади, дея қайд этилади Мактабгача таълим вазирлигининг хабарида.

Ўрганиш ишлари жараёнида 661 минг сўмлик товар-моддий бойликлар камомади, ҳужжатлар ва кадрлар бўйича ҳужжатларнинг нотўғри юритилиши аниқланди, ходимлар маҳсулотларнинг мунтазам равишда ўғирланганини кўрсатишган.

«Текширув ўтказилган куни боғчада ошпаз бўлмаган, меню ҳам тузилмаган. Боғча мудираси сўралган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган, ишчи гуруҳ вакиллари билан мулоқотда қўпол ва кескин сўзларни қўллаган», - дейилади вазирлик матбуот хизматининг хабарида.

23 июль куни Мактабгача таълим вазирлиги Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-банди – “Иш берувчининг ташаббуси бўйича меҳнат шартномасини тўхтатиш – ходим томонидан ўз вазифаларини мунтазам равишда бузганлик” бўйича боғча мудираси билан меҳнат шартномасини тўхтатди. Ўша куннинг ўзидаёқ аниқланган қоидабузарликлар бўйича ҳужжатлар Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилди.

«Боғча мудираси бўшатилганидан кейин маҳалла фаоллари ёрдамида боғча таъмирланди ва унга зарур жиҳозлар харид қилинди», - дея қайд этади вазирлик матбуот хизмати.