Ҳалок бўлган Жасурбекнинг оиласи 650 млн сўм компенсация талаб қилмоқда

Жасурбекнинг ота-онаси ундириладиган бутун суммани оғир касал болаларни даволашга ёрдам кўрсатувчи Ezgu Amal хайрия ташкилотига йўналтирмоқчи...

25 сентябрь куни Тошкентнинг фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида Жасурбек Ибрагимовнинг ўлими билан боғлиқ моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича тингловлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Repost хабар беради.  

Жасурбекнинг ота-онаси Муҳаммаджон Турсунов ва Нилуфар Алиева даъвогарлар сифатида чиқишмоқда. Улар ўғлининг даволаниши ва дафн этилиши билан боғлиқ 151,7 миллион сўм моддий харажатни ва етказилган 500 млн сўмлик маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Ҳалок бўлган Жасурбек Ибрагимовнинг ота-онаси жавобгарлардан моддий зарарни ундирганидан сўнг бутун суммани (500 млн.сўм) оғир касал болаларни даволашга ёрдам кўрсатувчи Ezgu Amal хайрия ташкилотига йўналтирмоқчи.

Фуқаролик иши бўйича кейинги тингловлар 2019 йил 14 октябрга тайинланган.
 
Эслатиб ўтамиз, Боровский номидаги тиббий коллеж талабаси Жасурбек Ибрагимов муштлашув пайтида Исломбек Тўлаганов томонидан дўппосланган, натижада Ибрагимов 2017 йил 1 июнь куни оламдан кўз юмган эди. 2017 йил 30 октябрда Тўлаганов 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди, аммо 1,5 йилдан сўнг муддатидан олдин озод этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.