Заргар Аҳмед Алиев: давлат тўнтаришига уриниш ва “Жаслиқ” колонияси ҳақида

Заргар Аҳмед Алиев: давлат тўнтаришига уриниш ва “Жаслиқ” колонияси ҳақида

21 октябрь куни Тошкентда ЎзР ЖКнинг 23-моддаси бўйича 20 йилга ҳукм қилинган таниқли тадбиркор, заргар, Gold Center (ҳозирги «Олтин Марказ») асосчиси Аҳмед Алиевнинг матбуот анжумани бўлиб ўтди. Журналистлар билан учрашувда у ўз бизнесидан қандай айрилгани, давлат тўнтаришини амалга оширишга бўлган уриниш, “Жаслиқ” колониясидаги шароитлар ва келажак режалари ҳақида гапириб берди.

«2012 йилда мени ва ходимларимни хибсга олишганида муаммоларим Gold Center билан боғлиқ экани ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Бу қисман тўғри, аммо мен ва жамоамга қарши қўзғатилган иш кўпроқ сиёсий характерга эга бўлди. Гап шундаки, 2011-2012 йилларда мамлакатда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримовни лавозимидан четлатиш ва бош вазир Шавкат Мирзиёевни жисмонан йўқ қилиш мақсадида давлат тўнтариши тайёрланаётган эди», – деб бошлади ҳикоясини Аҳмед Алиев. 

«Ҳаммаси 2011 йилда, олдимга МХХ ходимлари келиб, Ўзбекистоннинг заргарлик соҳасини ривожлантириш концепциясини ёзишимни сўраган пайтдан бошланди. Иш жараёнида, 2011 йилда Ўзбекистонга расмий тарзда бор-йўғи 187 грамм олтин импорт қилингани, контрабанда йўли билан эса мамлакатга 15 тонна олтин олиб кирилгани маълум бўлди. Ноқонуний маҳсулот паст сифатли бўлишига қарамасдан, маҳаллий бозорда у асоссиз равишда қиммат сотиларди. Мен буларнинг ҳаммасини ўз концепциямда батафсил ёздим ва бу билан ўзимга-ўзим ҳукм ўқидим десам ҳам бўлади. У пайтда мен контрабанда бизнеси ортида ким турганини ва мамлакатдаги бундай вазият ким учун манфаатли эканини билмасдим», – дейди бизнесмен.  

“Погонли жиноятчилар” Gold Center’ни қўлга олишидан олдин Туркуаз “чўка бошлади”, кейин бутун мамлакат бўйлаб заргарлик бизнесини текширишлар бошланди, аммо бизнинг марказни четлаб ўтишарди. Бу пайтда менинг душманларим гўёки Аҳмед Алиев ижарачиларни ўз марказига оғдириб олиш учун Ўзбекистондаги бутун заргарлик бизнесини қўлга олмоқда деган миш-мишларни тарқата бошлади. Менинг бу ишларга мутлақо алоқам йўқ эди. Бу билан МХХ, Бош прокуратура, ИИВ ва ҳ.к.лар шуғулланаётганди», – дея қайд этади Аҳмед Алиев.

«Бироз вақтдан сўнг Gold Сenter’ни тортиб олиш бошланди. Менга “жозибадор” таклифни қилишди – Gold Сenter’да ойига 5 минг доллар маош билан ишда қолиш, аммо бунда мен барибир бинони беришим ёки бор-будимдан… ва шу жумладан озодликдан айрилишим керак эди. Лекин мен бундай қилолмасдим. Бировнинг олдида тиз чўкиб эмаклагандан кўра, тик оёқда ўлимни қабул қилганим яхши». Алиевнинг сўзларига кўра, у билан музокараларни Рахим Мамажонов олиб борган, ўз навбатида у МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг номидан келган.

«Айнан Мамажонов тайёрланаётган давлат тўнтариши ҳақида менга батафсил гапириб берди. Агар уларнинг таклифини қабул қилмасам, мени қамашларини, кейин эса ўлдиришларини аниқ қилиб айтишди. Ўша пайтда мен вазиятнинг қай даражада жиддий эканини тушунмасдим. Улар мени фақат қўрқитяпти деб ўйлардим. Менинг МХХдаги кураторларим мен билан учрашишдан қоча бошлаганини (ҳолбуки улар турли баҳоналар билан кунига 200 мартадан қўнғироқ қиларди) кўрганимда барча шубҳаларим тарқалиб кетди. Бир сафар уйга кетаётганимда тасодифан кураторларимдан бирини учратиб қолдим, у мен билан алоқага киришиш тақиқланганини тан олди», – дейди Аҳмед Алиев.

Сал олдинроққа ўтиб шуни маълум қиламизки, кейинчалик судда Мамажонов Алиев у билан учрашувга қурол билан келганини ва ундан фойдаланишга уринганини айтиб, бизнесменга қарши кўрсатма берган. Ушбу кўрсатмадан кейин Алиевдан ташқари яна унинг тўққизта ходими 248-модда (қурол, жанговар ўй-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатувчи қурилмаларга ноқонуний эга бўлиш) бўйича айбланди.

Аммо тергов қўмитаси бу қуролни тополмади ва ишга илова қила олмади. Етти йилдан сўнг, шу жумладан ушбу модда бўйича ҳам, ишнинг барча иштирокчилари оқланди.

Кейин кутилмаганда ижарачилар оммавий равишда Gold Center билан шартномаларни бекор қила бошлашди ва Алиевда Kapital Bank’га қарашли лизинг компанияси олдида кредитни узиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. «Бино қурилиши пайтида мен лизинг компаниясидан йиллик 23% остига беш йилга 5 млрд сўм кредит олгандим. Мен бу жуда катта фоиз эканини тушунардим, шунга қарамасдан 2,5 йил давомида жадвалга мувофиқ кредиторга мунтазам тўлаб бордим. Тўловни бирор мартаям кечиктирмадим. Аммо устимда қора булутлар кўпая бошлаганида, кредитни узиш билан боғлиқ муаммоларим ҳам бошланди, айрим одамлар бу вазиятдан фойдаланиб қолишга қарор қилди. Бир куни кечаси бақувват йигитлар келди, улар қўриқчиларимни бир хонага қамаб, менга 30 минг долларга тушган лавҳани буза бошлашди. Бу лизинг компанияси ва Kapital Bank’нинг одамлари эди».

Тадбиркорнинг таъкидлашича, у Gold Center’дан Мақсуд Абдусаматов туфайли ҳам маҳрум бўлган. Юқорида айтиб ўтилганидай, қурилиш пайтида Алиев Абдусаматовнинг компаниясидан Gold Center’ни гаровга бериш эвазига 5 млрд сўм миқдорида кредит олган, ҳолбуки бинонинг баҳоланган қиймати 16 млрд сўм эди. Алиевда кредитни узиш билан муаммолар бошланганидан сўнг у кредитордан кредитни узиш жадвалини ўзгартиришини илтимос қилади. «Мен ҳатто қайта молиялаштириш ставкасини қайта кўриб чиқишни сўрамадим, шунчаки кредитни узиш жадвалини ўзгартиришни илтимос қилдим холос. Одатда, бундай вазиятларда, қарз узилишидан манфаатдор бўлган кредитор мижозга ёрдам беради, аммо менга буни рад этишди. Шундан сўнг мен кредитимни қайта сотиб олиш таклифи билан бошқа банкларга мурожаат қила бошладим, аммо ҳамма негадир мендан қочарди, ҳолбуки бундан олдин шу молиявий муассасалар уларнинг мижози бўлишимни сўраб ўзлари илтимос қилишганди. Сал кейинроқ банк раисларидан бири, мендан кредитни харид қилмаслик ҳақида барча банклар огоҳлантириш олганини тан олди. Лекин ҳатто ҳамма мендан юз ўгирганидан кейин ҳам, мен пул топа олдим. Менга дўстларим ёрдам қўлини чўзди. Ўша пайтда қарзим 2 млрд 100 млн сўмни ташкил қиларди. Аммо мен ўз фаолиятимнинг самараси бўлган Gold Сenter учун 6 млрд сўм беришга ҳам тайёр эдим. Бироқ менга буни рад этишди. Мен қопқонга тушганимни, уларга пул эмас, бино кераклигини тушундим. Шахмат партияси ўйналиб, мени мушук боласидай у бурчакдан бу бурчакка қувишарди. Шу тарзда Gold Сenter’дан айрилдим», – дейди Алиев.

Шунингдек конференцияда иштирок этган тадбиркорнинг рафиқаси ва ҳамкори Меҳрибан Алиева ҳам “шу вазият туфайли турмуш ўртоғим ва унинг ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Уларнинг бўйнига ноқонуний равишда 242, 248, 264 моддалар “илиб” қўйилди”. Унинг айтишича, бугунги кунда жиноий ишнинг барча иштирокчилари судда далил бўлмагани учун оқланган.

Бизнесменнинг айтишича, уни 2012 йил 1 октябрда Чимкент чегарасида хибсга олишган, у Чимкентга италиялик ҳамкори билан музокараларга борган экан. «Мени ЎзР МХХ тергов изоляторига жойлаштиришлари биланоқ, мен тайёрланаётган давлат тўнтариши ҳақида айтиб бериш учун МХХ раҳбарияти билан учрашув ҳақида сўрай бошладим. Аммо фақат хибсдаги тўртинчи куним мени бир эркакнинг олдига олиб боришди, у менга анча одобсиз оҳангда ва сурбетлик билан “нега Раҳимнинг гапига қулоқ солмадинг? Агар унга қулоқ солганингда ҳозир бу аҳволда бўлмасдинг. Энди “Жаслиқ”да чирийсан” – деди. Яъни мен ҳали кимлигини айтиб улгурмасимданоқ, менга музокарачининг исмини айтишди-қўйишди. Бу ҳақда бирор кимсага нимадир айтишдан маъни йўқлиги аниқ бўлди. Эртаси куни мени “лохмачлар” (бу тезкор ходимларга ишлайдиган махбуслар, улар куч билан махбуслардан иқрорлик олишади) олдига ташлашди. Эсимда, мени қаттиқ калтаклашди, қовурғаларимни ва бурнимни синдиришди, бошимни ёришди, кейин хушимдан кетибман. Мени МХХ госпиталига олиб боришди, бир нечта чок қўйишди. Кейинроқ “Жаслиқ”қа тушдим”, – дейди Аҳмед Алиев.

«Жаслиқ» ҳақиқий концлагер, – дея эслайди бизнесмен. – У ерда ҳатто оддий инсон ҳуқуқларига амал қилинмасди. Бу жойнинг даҳшатлари ҳақида гапиришдан олдин ушбу концлагерни ёпиш ташаббуси билан чиққан Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдиришни истардим. У туфайли бу даҳшат кўпчилик учун якун топди. “Жаслиқ”да яшаш шароитларига умуман чидаб бўлмасди. Ёзда чидаб бўлмас даражада иссиқ бўларди, биз чанқоқдан азобланардик. Крандан совуқ сув ўрнига иссиқ сув оқарди, қишда эса музлаб қолмаслик учун этик ва қулоқчинларда ухлардик. Овқатланиш нормаси белгиланган талабларга жавоб бермасди. Тиббиёт ҳам паст даражада эди. Махбусларнинг кўпчилигида тишлари билан жиддий муаммолар бор эди. Ойда бир марта мутлақо малакасиз стоматолог келарди, у фақат тишларни суғуриб олиш билан шуғулланарди.

Ҳатто йирингли аппендицитда ҳам шифокор ёрдамини олиш имконияти йўқ эди, чунки энг яқин тиббий муассаса колониядан икки соатлик масофада жойлашганди. Омад чопса, маъмуриятдан оғриқ қолдирувчи таблетка олинарди. Махбусга бор-йўғи битта таблетка бериларди, аммо у худди 200 та таблеткани бўйнига олгандай имзо чекарди. Шу тарзда колония ходимлари дориларни ҳисобдан чиқарарди», – ҳикоясини давом эттирди Аҳмед Алиев. 

Ушбу колония собиқ махбусининг айтишича, у ва бошқа махбуслар мунтазам равишда калтакланган ва қийноқларга солинган. Очлик эълон қилиш йўли билан норозилик билдирганларни қўлкишан билан панжарага осиб қўйиб, оғзига воронка солишар ва у орқали “баланда” (қамоқхона овқати – таҳ.) қуйишган. Маълум сабабларга кўра, адвокатлар махбусларнинг олдига қўйилмаган.

«2014 йил охирида “Жаслиқ”да пайтимда мен тайёрланаётган давлат тўнтариши ҳақида маълум қилдим. Мен қонун йўли билан ҳеч қачон амнистияга тушмаслигимни билардим, 20 йил бундай шароитда яшашга эса кучим йўқ эди. Ҳар бир колонияда миллий хавфсизлик хизматининг вакили ишлашини ҳаммаям билмаса керак. Йўқотадиган нарсам  бўлмагани учун ҳаммасини МХХ вакилига айтишга қарор қилдим. Омадим бор экан, у жуда инсофли ва билимли одам бўлиб чиқди. У эшитганларидан шокка тушди ва менга маълум бўлган ҳамма нарсани ёзиб беришимни илтимос қилди. Тўрт кун ичида роппа-роса 50 бет ёздим. Шуни таъкидлашни истардимки, мен “погонли жиноятчилар”, шу жумладан Шухрат Ғуломов ва Рашид Қодировлар қамоққа олинганидан кейин эмас, балки улар ҳали ҳокимият тепасида пайтидалигида, тайёрланаётган давлат тўнтариши ҳақида маълум қилдим. Шу боис мени бу одамлар қамалганидан фойдаланиб қолишга қарор қилган, деб ўйламанглар. Айтгандай, мен режалаштирилаётган давлат тўнтариши ҳақида маълум қилганимдан кейин колонияда менга суиқасд ҳам уюштирилди. Мен фақат мўъжиза туфайлигина ўлимдан қутилиб қолдим», – дейди Gold Center’нинг собиқ эгаси.

Қайд этиб ўтамиз, ўшанда суд Алиев иши бўйича 11 кишига ҳукм чиқарганди. Улардан 9 таси 16 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазога тортилди, қолган учтаси эса шартли жазога ҳукм қилинди. Масалан, Аҳмед Алиевнинг рафиқаси шартли равишда 9 йилга ҳукм қилинди. Иш қайта кўриб чииқлганидан кейин барча иштирокчилардан айблов олиб ташланди. Алиевга қарши ишни сохталаштирган одамларнинг кўпчилиги эса ҳозир ўзлари қамоқ жазосини ўтамоқда. Аҳмед Алиев этник озарбайжон бўлиб, бир умр Ўзбекистонда яшаб келмоқда, у шу мамлакат фуқароси ҳисобланади.

«Мен Озарбайжон давлатининг раҳбари Илҳом Алиев ва юртдошларимга менга ёрдам беришга урингани учун ва жуда мураккаб вазиятга тушиб қолган оиламни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдиришни истардим. Ҳозир оиламизни тўнғич ўғлим боқмоқда. У ишлаб топаётган пуллар, очиғини айтсам, бизга етмаяпти. Ишонмайсиз, чироқ ва газ бўйича қарзларимиз бор. Аммо менинг миямни эмас, чўнтагимни ўмаришди. Мен душманларимни ўзимнинг муваффақиятим билан “ураман”. Кўпчилик мени эрта ҳисобдан чиқарган», – дейди Алиев.

Элина Рустамова 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.