2020 йилда Самарқанд вилоятида 42 та болалар майдончаси барпо этилиши керак эди, аммо уларнинг бирортасиям қурилмади
2020 йили Давлат дастури доирасида Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан бутун республика бўйлаб 389 та болалар ўйин майдончаси қурилди, аммо Самарқанд вилоятида бирортаям шундай майдонча барпо этилмади.
Журналист суриштируви шуни кўрсатдики, 42 та болалар майдончасининг қурилиши молиявий қийинчиликлар сабабли эмас, балки бевосита вилоят ҳокими Эркинжон турдимовнинг ташаббуси билан рад этилган.
Намунавий майдончага мисол
Молия вазирлигининг маълумотларига кўра (Anhor.uz таҳририятида хат мавжуд) 2020 йилга мўлжалланган республика бюджети параметрларига биноан бутун республика бўйича болалар ўйин майдончаларини қуришга 61,7 млрд сўм ажратилган, улардан 4,1 млрд сўм маблағ Самарқанд вилоятига тўғри келган, уларнинг қурилиши учун масъул қилиб Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги белгиланган.
Пастдарғом тумани, Ҳамид Олимжон кўчаси 8, бу ерда дастур бўйича намунавий майдонча қурилиши керак эди
Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Инжиниринг компаниясининг Самарқанд филиали бошқарувчиси Қамариддин Холбеков таҳририят сўровига берган жавобида давлат харидлари порталида 42 та болалар ўйин майдончасини қуришга тендер эълон қилинганини ва ушбу тендер ғолиблари аниқланганини, кейинчалик ушбу ғолиблар билан тегишли шартномалар тузилганини тасдиқлади. Бироқ бу шартномалар бузилиб, болалар ўйин майдончаларини қуриш ишлари бошланмаган.
Таҳририятдаги расмий ҳужжатларга кўра, дастурнинг бузилишига вилоят ҳокимлигининг манзилли дастурни мувофиқлаштириш бўйича ҳужжатларни имзолашни рад этгани сабабчи бўлган.
Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари Назиржон Назиров 2020 йил 13 июлда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов номига манзилли қурилиш дастурини мувофиқлаштириш илтимоси билан хат юборган.
Бироқ вилоят ҳокими Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовга 4,1 млрд сўм миқдорида ажратилган бюджет маблағларини кўп квартирали уйларни таъмирлашга қайта йўналтиришни сўраб мурожаат қилган (28.07.2020 йилдаги № 01-03/1445 сонли хат). Номаълум бўилб қолишни истаган ҳукуматдаги манбанинг маълумотига кўра, ҳокимнинг мақсадли бюджет маблағларини қайта йўналтириш ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилмаган.
«Президент томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ, бутун республика бўйича болалар майдончалари қурилмоқда, Самарқандда эса бундан қатъий воз кечишди. Бунинг сабаби нимада? Майдончаларни қурмаганимиз сабабли биз, биринчи навбатда, фарзандларимизнинг соғлиғини йўқотдик. Вилоят ҳокими томонидан бу жуда аҳмоқона қадам бўлди», – дея изоҳ беради вазиятга “Самарқандни асраймиз” ташаббускор гуруҳининг фаолларидан бири Руслан Хаирнуров.
Таҳририят бу борадаги вазиятга Самарқанд вилоят ҳокимлигининг матбуот хизматидан изоҳ ололмади. Телефон орқали берилган саволлар жавобсиз қолди.
Мирзо Субхонов
Муаллиф фотосурати
Шарҳлар