Президент: «Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда»

Президент: «Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой иблан таъминлаш масалалари бўйича йиғилишда давлат органлари раҳбарларининг ОАВ билан мулоқот қилиш маданияти масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ўз телеграм-каналида хабар беради.

“Замон тез ривожланмоқда, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда. Бу борада айниқса, оммавий ахборот воситаларикатта роль ўйнамоқда”, – дейди давлат раҳбари. Унинг сўзларига кўра ОАВ ҳаётий муҳим масалаларга эътибор қилиб, уларни ҳал этишга ёрдам бермоқда.
«Шуни эсдан чиқармайлик, матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз керак. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик.

Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, “мен ҳаммадан зўрман” деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик. “Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама” деган доно мақолни буткул унутиб қўйдик.

Йиллар давомида жамиятимизда қанчадан-қанча иллатларнинг томир отиши, муаммоларнинг йиғилиб қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам шу бўлгани, айни ҳақиқат.

Мен бу гапларни нима учун айтаётганимни ҳаммангиз яхши тушуниб турибсиз. Бугун барча бўғиндаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан, айниқса оммавий ахборот воситалари билан муомала маданияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага айланди.

Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Афсуски, баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.

Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаяпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётганиоқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда.

Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда.

Тушунаман, ҳар кимнинг ўзига яраша ғурури, иззат-нафси бор.  Лекин раҳбар шуниси билан раҳбарки, у нафақат ўзининг шаънини, балки давлат идорасининг обрўсини ҳам сақлашга масъул эканини унутмаслиги керак. У ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларга, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келмасин, вазиятдан оғир-босиқлик ва вазминлик билан чиқиб, фақат қонунга асосланган тўғри қарор қабул қилиши шарт

Шу билан бирга, ҳар қайси раҳбар ўз масъулияти ва жавобгарлигини, аввало ўз виждони олдида, унга ишонч билдирган эл юрт олдида чуқур англаса, фаолиятида қатъиятлик билан вазминлик, талабчанлик билан ақл-заковатни уйғунлаштира олса,халқнинг чинакам меҳрини ва ишончини қозона олади.

Хоҳ у Ҳукумат аъзоси бўладими, вазир бўладими, хоҳ ҳоким бўладими ёки прокурорми, ушбу талаб – барчамизга, оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам бирдек тегишли. Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ»,  – дея таъкидлади давлат раҳбари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.