Нукус туманида маҳаллий аҳоли газ йўқлиги сабабли норозилик намойишига чиқди

Нукус туманида маҳаллий аҳоли газ йўқлиги сабабли норозилик намойишига чиқди

Воқеа Қорақалпоғистоннинг Нукус туманидаги Қирантау овулида содир бўлди, дея хабар беради ЎзА. Ушбу овул ҳудудида табиий газ йўқ, аммо маҳаллий ҳокимият аҳолини кўмир билан таъминламаган.

Нукус туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумотларига кўра, икки нафар фуқаро йўлга чиқиб, шиналарни ёққан. Улар шу йўл билан маҳаллий аҳолини ўз норозилигини билдиришга чақирган. Норозилик акциясига 70 га яқин фуқаро чиққан.

Воқеа жойига туман ҳокими А.Сейтахов ва прокурор Ш.Алламбергенов етиб келган. Суҳбат жараёнида улар вазиятни тўғирлашни ваъда қилган. Шу куни овулга 116 тонна кўмир олиб келинган, аммо у сифатсиз бўлиб чиқди ва одамлар энди табиий газни талаб қила бошлади.

Кейинчалик овулга “Қорақалпоғистонгаз” компаниясининг раҳбари Х.Айманов ва Ички ишлар вазири А.Темирхановлар ташриф буюрган. Улар маҳаллий аҳолига нега овул табиий газ билан таъминлана олмаслигини тушунтирган. Шунингдек ҳокимият вакиллари бундай акциялар қонунчиликка тўғри келмаслигини ҳам қайд этишган.

«Айни пайтда аҳоли сифатли кўмир ва суюлтирилган газ олмоқда. Хусусан, эҳтиёжманд оилаларга бепул 500 кг кўмир ва иккита газ баллони берилган. Бундан ташқари, ҳар бир оилага 10 арава ўтин ҳам берилган», – дейилади ЎзА хабарида.

Нашрнинг маълумотларига кўра, маҳаллий ҳокимият ушбу овулга табиий газ ўтказиш ниятида, ҳозир бу масала тегишли идоралар томонидан ўрганилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.