Лабзакда “элита-квартиралар”нинг бир метр квадрати 3 миллион сўм туради

Лабзакда “элита-квартиралар”нинг бир метр квадрати 3 миллион сўм туради

Тошкентдаги энг қиммат квартиралар Шайхонтоҳур туманидаги «Лабзак» турар-жой мажмуасида жойлашган. Бу ҳақда «Экономическое Обозрение» журнали томонидан қурувчи-компаниялар орасида ўтказилган телефон сўровномаси маълумотларига асосланган ҳолда Kun.uz нашри ёзмоқда.

Сўровнома натижаларига кўра, Тошкент шаҳридаги элита-квартиралар 1 метр квадратининг нархи 1,7 миллион сўмдан бошланади – бунда харидорга пардозланмаган ва безакланмаган «қуруқ уй»нинг ўзи таклиф этилади.

Энг қиммат нарх эса Шайхонтоҳур туманида қурилган «Лабзак» турар-жой мажмуасида қайд этилган – бу ерда уйнинг 1 метр квадрати 3 миллион сўмни ташкил этади.

Ушбу мажмуадаги квартираларнинг умумий майдони 120-184 метр квадрат оралиғида эканлиги ҳисобга олинса, Лабзакдаги битта уй харидорга 360 миллион сўмдан 552 миллион сўмгача тушиши мумкин.

Журналнинг қайд этишича, Тошкентдаги «элита-квартиралар» бозорини кўчмас мулк бозорининг бошқа сегментларидан фақат бир нарса – барқарор қиммат нарх ажратиб туради.

Журналда ёзилишича, бозордаги ва умуман иқтисодий аҳвол қандай эканлигидан қатъий назар, қурувчилар ва девелоперлар уйларни доимо қиммат нархда ушлаб туришади ва нархни фақат янада қимматлаштириш масаласини қайта кўриб чиқишлари мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.