Кўчада морс ва квас ичиш қай даражада хавфсиз?

Кўчада морс ва квас ичиш қай даражада хавфсиз?

Ушбу жазирама кунларда Ўзбекистон шаҳарларида квас ёки морсга ўхшаган салқин ичимликлар билан савдо қилувчи нуқталар кўпайганини кўриш мумкин. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам истеъмол учун хавфсизми?

– Албатта, йўқ, – дейди Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг раҳбари Дилшод Қодиров. – Биз одатда йўлларнинг чеккасида кўрадиган оддий, қўлбола бочкаларда сотиладиган ичимликлар кимёвий ва бактериологик моддалар бор-йўқлигига текширилмаган. Демак, квас, морс ёки шарбат бўлишидан қатъи назар бундай ичимликларни ичиш хавфсиз эмас.

Биз Тошкент кўчалари ва бошқа йирик шаҳарларда кўрадиган сариқ автоцистерналар билан аҳвол ҳам шундай. Сотувчиларда савдо қилишга рухсат берувчи сертификат ва Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг рухсатномаси бўлиши зарур. Одатда, сотувчилар уларни кўзга ташланадиган жойда сақлайди ва харидорнинг талаби билан тақдим этиши шарт.

– Биз салқин ичимликларнинг ноқонуний савдосини аниқлаш мақсадида мунтазам равишда рейдлар ўтказиб турамиз, – дейди Солиқ қўмитасининг инспектори Акмал Тиллаев. – Шундай рейдлар пайтида 25 дан 60 литргача ҳажмдаги бочкаларни мусодара қиламиз, истеъмолчиларнинг саломатлигини хавф остига қўйган қоидабузарларни эса жавобгарликка тортамиз.  

Биз, истеъмолчилар, бундай рейдлар тез-тез ўтказилишига умид қилиб қоламиз, чунки кўчаларда морс ёки квас билан савдо қилувчи сотувчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда ва уларнинг ҳаммасида ҳам назорат органларининг рухсатномаси борлиги даргумон, дея хулоса қилади “Ташкентская правда” нашрининг мухбири. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.