Журналистлар, кимга сотилдингиз?

Журналистлар

Ўзбекистоннинг ОАВ аслида қай даражада эркин? Журналист ва блогерларнинг фикрига қандай очиқ ва яширин омиллар таъсир кўрсатади? Никита Макаренко америкалик файласуф Ноам Чомскининг концепциясидан фойдаланган ҳолда миллий медиани таҳлил қилиб чиқди.

Бугун биз Жаҳон матбуоти эркинлиги кунини нишонлаяпмиз. БМТ 2020 йилни “Қўрқмас ва холис журналистика” шиори остида ўтказяпти. “Нашр этиш” тугмасини босишдан қўрқиш ҳақида мен роппа-роса бир йил олдин ёзган эдим. Келинг, холислик ҳақида сўз юритамиз.

Кўпинча ўқувчиларнинг “сотилишибди” деган ҳукмига дуч келамиз. Сизга зиддиятли брендлар, ҳукумат ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик, алоҳида шахслар учун фурсат бериш ёки бермаслик ёқмаслиги мумкин. Лекин буларнинг барчаси ҳам “иллат” эмас.

Медианинг иши ниҳоятда қийин ва ҳар куни тўқнаш келадиган муросалардан иборат. Айниқса Ўзбекистонда. “Қоронғи томон” ҳам йўқ эмас. Баъзи миллий ОАВ (айниқса давлат телеканаллари ва ахборот агенликлари) ўзларининг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда очиқ-ойдин тарғибот олиб боряпти.

Кимга ишониш керак? Ўзбекистонда эркин, мукаммал даражада ростгўй, мустақил ва тижорат нуқтаи назаридан муваффақиятли медиа мавжудми?

Жавоб: йўқ. Лекин хавотирга ўрин йўқ. Бу муаммо деярли барча мамлакатлар учун хосдир.    

Бугунги кунда сиз билан бизнинг замондошимиз, нуфузли файласуф олим, америкалик Ноам Чомски ва унинг ҳаммуаллифи Эдвард Херман 1988 йилнинг ўзидаёқ ўзларининг “Уйдирма розилик: масс-медианинг сиёсий иқтисоди” асарини нашр этишди. Олимлар ўзларининг “тарғибот модели”ни ишлаб чиқишди. Улар бу моделни америкалик ОАВ ларига қўллаб кўриб, уларнинг барчаси ўз моҳиятига кўра холис эмасликларини кўрсатиб беришди. Бугунги кунгача бу китоб жамият, ҳукумат, бизнес ва ОАВ нинг ўзаро хатти-ҳаракатини тасвирловчи энг муҳим илмий ишлардан бири бўлиб келмоқда. 

Ноам Чомски “масс-медиа” тушунчасига ўзининг қуйидаги таърифини беради:  

“Масс-медиа самарали ва ўта қудратли ғоявий институт бўлиб, бозор кучлари, ўзлаштирилган тахмин ва ўз-ўзини цензура қилишга таянган ҳолда, шунингдек яққол мажбурлашсиз, тизимни қўллаб-қўллаб қувватловчи тарғибот функциясини бажаради”.

Таърифдаги “яққол мажбурлашсиз” бирикмасига эътибор беринг. Келинг, ҳозир Ўзбекистонда “яққол мажбурлаш” йўқ деб ҳисоблаймиз. Бугунги кунда хусусий ОАВ, энди одатдагидек, “телефон қўнғироғи” га асосланиб ишламаяпти. Журналистлар цензура ва босимнинг “Ўзбекистон 1.0” қабилидаги даражаси билан тўқнаш келмаяпти. 

Чомски ўз моделини етарли даражадо эркин бўлган мамлакат АҚШ мисолида синаб кўрди. Модель, шунингдек, бошқа олимлар тарафидан Европа давлатларига ҳам муваффақиятли қўллаб кўрилди. Ушбу моделни Ўзбекстоннинг “2015 йил даври” учун қўллаб кўришнинг ўзи ўринсиз бўларди. У даврда “яққол мажбурлаш” бор эди. Истаган одам тарғиботнинг амалда эканлигини кўра оларди. “Ахборот” кўрсатувига ҳеч ким ишонмасди, шундай эмасми?

Бугунги кунда сўз эркинлиги соҳасидаги ривожланиш туфайли вазият бир мунча мураккаблашди. Ноам Чомскининг фикрича, “Медиа хусусий эгаликда бўлса ва расмий цензура мавжуд бўлмаса, тарғибот тизимининг ишлаётганини кўриш анча қийин бўлади. Бу ҳолат медиа фаол тарзда рақобатлашса, корпоратив ва давлат жиноятларига нисбатан вақти-вақти билан ҳамла қилиб, уларни фош этса, шунингдек ўзларини агрессив тарзда сўз эркинлиги ва жамият манфаатларининг ҳимоячилари қилиб кўрсатса, айниқса ишонарли бўлади”.  

“Бу тарздаги танқиднинг чегараланганлиги ошкор этилмай (медианинг ўзида муҳокама қилинмай) қолиб кетаяпти”, – деб ёзади олим. Келинг, нима учун бундай бўлаётганини кўриб чиқамиз.

“Тарғибот модели” ни Ўзбекистонга қўллаймиз.

Ноам Чомски беш фильтрдан иборат моделни яратди. Олимнинг фикрича, исталган янгилик ёки маълумот ОАВ да нашр этилишидан аввал ушбу фильтрлардан ўтади. Фильтлар фаол тарзда бир-бирининг ичига кириб боради ва ўзаро муносабатга киришади. Уларнинг барчаси биргаликда жамиятда пул ва қудратнинг баробар тақсимланмаганлигининг оқибатини намоён этади. Фильтларнинг ишлаш механизми ресурсларнинг эгалари айнан нима “ёритилишга лойиқ” лигини, шунингдек маълумот қай тарзда талқин этилиши ва берилишини белгилашга қодир эканлигини ҳам кўрсатиб беради. 

Биринчи фильтр. Миқдор, мулк ва даромадни кўзлаш.

Жаҳон амалиётида, одатдагидек, йирик конгломератлар устунлик қилади. Булар АҚШ даги The Walt Disney Company, News Corporation, Viacom ва Time Warner. Россиядаги Газпром медиа-холдинг, Умумроссия давлат телевидение ва радиоэшиттиришлар компанияси, Миллий медиа-гуруҳлар ва бошқалар.

Уларнинг асосий вазифаси даромад олиш. Шунинг учун улар ўз эгалари, ҳамда уларни назорат этувчи инвесторларнинг молиявий манфаатларини ҳимоя қилишга  мажбур. Бундай ОАВ муҳаррирларининг ихтиёри ўз қўлида эмас ва эгаларининг қандай қарор қабул қилишига боғлиқ. Шу билан бирга ушбу эгалар бошқа корпорациялар, бизнесменлар, давлат билан муштарак манфаатларга эга ва уларга зарар етказиш нияти йўқ. Бу эса янгиликлар таркибининг танланиши ва уларнинг берилишига тўғридан-тўғри таъсир ўтказади.

Демак, биринчи фильтр: ҳеч бир йирик ОАВ ўз эгаларининг манфаатларига қарши чиқмайди, шунингдек шахсий ва эгасининг даромадига шикаст етказмайди.

Ушбу фильтр алоҳида аҳамиятга эга, чунки йирик конгломератлар аудиториянинг катта қисмини назорат қилади. Унчалик катта бўлмаган нашриётлар улар билан оммавий томошабин ва ўқувчининг эътибори учун камдан-кам ҳолларда рақобат қила олади. Бунинг боши ва охири йўқ: аудиторияни қанчалик кенгайтирмоқчи бўлсангиз, шунчалик кўп маблағ керак бўлади, катта маблағлар эса тор доирадаги инсонларнинг қўлида. Шундай қилиб, оммавий аудитория ҳар доим биринчи фильтрнинг таъсирида бўлади.

Ўзбекистонда ҳали Viacom ёки Умумроссия давлат телевидение ва радиоэшиттиришлар компанияси каби қудратли конгломератлар шаклланмаган. Хусусий телестанциялар ва онлайн-медиа бозорни озми-кўпми назорат қилаяпти. Биринчи фильтрнинг Ўзбекистон учун қўлланилишини ҳаққоний, ва, эҳтимол, хусусий эмас, балки давлат “аждари” мисолида тасвирлаб бериш мумкин, деб ҳисоблайман.

Миллий Телерадиокомпания (МТРК) ни айнан шунга мисол сифатида айтиш мумкин. Аслини олганда, МТРК 14 та телеканал, 4 та радиостанция ва 12 та маҳаллий студияларни назорат қилувчи энг қудратли конгломератдир. Мамлакатдаги, эҳтимол, энг катта аудиторияга эга ушбу ташкилот биринчи фильтрни тўлиқ равишда ишлатаяпти. МТРК ўз эгаси, яъни давлатни ҳеч қачон танқид қилмайди, унинг ташқи ва ички сиёсат соҳасидаги манфаатларига даҳл қилмайди.

Бу ерда фақат биринчи фильтрдан “ўтказилган” танқидга ўрин бор: маҳаллий даражадаги мансабдор шахслар, маргинал гуруҳлар ва бизнесменларнинг “қаттиқ койилиши”, шунингдек алоҳида шахс ва ташкилотларнинг эгага, яъни давлатга фойда келтириши мумкин танқид қилиниши.

Иккинчи фильтр. Реклама. “Бизнес фаолияти учун лицензия”.

“Реклама берувчилар де-факто лицензия берувчи муассасаларга тенглаштирилади. Чунки уларнинг қўллаб-қувватлашларисиз газеталар яшаш қобилиятини қўлдан бой беради”, – деб ҳисоблайди америкалик тадқиқотчи Джеймс Каррэн ва Джон Ситонлар.

Иккинчи фильтр Ўзбекистонда хусусий ОАВ учун энг нозик масала ҳисобланади. Айниқса онлайн ОАВ. Айнан улар бугунги кунда, одатга кўра, бошқаларга нисбатан “эркинроқ” ва “мустақилроқ” ҳисобланади. Фильтрнинг иши жуда содда. Реклама берувчисиз медиа яшаб қолмайди. Шунинг учун медиа реклама берувчининг сиёсий тарафдорликлари ва иқтисодий манфаатларини ҳисобга олиши керак. Ушбу гирдобга реклама орқасидан даромад олишни бошлаётган блогерлар ҳам тушиб қолади.

Барча нарса шу даража содда ва реклама берувчилар ўз ҳамкорларига нисбатан тўғридан-тўғри товламачилик қилишаяпти (гарчи Ўзбекистонда бундай ҳолатлар аҳён-аҳёнда учраб турса ҳам), деб ўйлаш ноўрин. Бу жараён ҳар доим мураккаб кечади ва доимий муроса излашдан иборат бўлади. Одатда медианинг ўзи чиқарилаётган материал у ёки бу реклама берувчисига таъсир этиш этмаслигини таҳлил этади. Реклама берувчи қанчалик йирик ва ОАВ учун қанчалик муҳим бўлса, янгилик ёки мақоланинг “тузатиб” чиқарилиши эҳтимоли шунчалик катта бўлади.

Ўзбекситоннинг ОАВ да “реклама нуқтаи назаридан ўзини-ўзи цензура қилиш” ҳолатлари, одатда, йирик компаниялар, концерн ва холдингларнинг рекламасига қарамликдан келиб чиқади. Агар реклама берувчининг йирик жамоат ва сиёсий арбоб билан боғликлик жойи бўлса, масала икки баробар жиддийлашади. Баъзи ҳолларда ОАВ алоҳида хорижий давлатларга нисбатан вазмин танқидни қўллаш ҳақида ўйлашга мажбур бўладилар: реклама бюджетлари хорижий инвестицияларга эга компаниялардан ҳам келади.

Шундай бўлса ҳам, бир нашриётда йирик реклама берувчининг манфаатларига таъсир этувчи танқидий материал билан бир қаторда унинг рекламаси ҳам “бирга яшаётгани”нинг мисоллари ҳам бор. Лекин бундай ҳолларда фильтр ишламаган деб бўлмайди: шунчаки маълум бир маълумот ушлаб қолиниб, унинг бир қисмигина эфирга чиқарилган.

ОАВ нинг “аудитория кенгайишининг қопқони” га тушиб қолиши эҳтимоли реклама фильтрининг билвосита таъсиридир: аудитория қанчалик катталашса, реклама бюджетлари ҳам шунчалик ўсиб боради. Бу ҳолат муҳаррирларни жиддий ва танқидий материаллардан узоқлаштириб, кўнгилочар материаллар томонга ундайди. Шундай қилиб, фильтр ижтимоий жиҳатдан муҳим публикациялар сонининг камайишига хизмат қилади.

Учинчи фильтр. Масс-медиадаги маълумотлар манбаи. 

Ушбу фильтрнинг иши, одатда, ўқувчининг назаридан батамом яширинган. Аммо бу фильтр ўта муҳим бўлиб, ОАВ ва давлатнинг ўзаро муносабатларида биринчи иккита фильтр ушлаб қола олмаган жиҳатларни самарали тарзда элакдан ўтказади. Шунинг учун унинг механизмини тушуниш муҳим.

Ҳар бир хусусий ОАВ учун маълумотларнинг доимий, ишончли оқими керак. Янглиликлар ҳар куни чиқиши керак. Ҳеч кимда барча нуқталарда мухбирларга эга бўлишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам ОАВ нинг фаолияти давлат идоралари билан яқиндан ҳамкорликка боғлиқ. Ҳукумат, ҳокимиятлар, давлат қўмиталари улар учун ҳар куни маълумот етказиб беришади. Пресс-релизлар, янгиликлар тарқатилади, саволлар юборилади, матбуот котиблари ўз шарҳларини беради.     

“Расмий” деб аталувчи манбалардан олинган маълумотлар ОАВ учун жуда қимматли маълумот ҳисобланади. Масс-медиа холис бўлишга ҳаракат қилади ва уларга холис эмаслик ва туҳмат қилишда танқид қилинмаслик учун назарий жиҳатдан ишончли бўлган маълумотлар керак. Маълумотни “тасдиқлаш” нинг энг содда усули – уни давлат органларидан олиш ва бу органларни манба сифатида кўрсатишдир.    

Бошқа йўли – маълумотларни бошқа четдан олинган манбаларни жалб қилган ҳолда мустақил текширишдир. Бу жараён кўп вақт ва маблағ талаб этади, ва кескин рақобат шароитида деярли ҳеч ким бу ишни, айниқса янгликлар жанрида, эплай олмайди. 

Шундай қилиб, ОАВ нинг “расмий манбалар”, шунингдек идоралар ва уларнинг вакилларига боғланиб қолиши шаклланади. Ўз навбатида, идоралар учун бундай ҳамкорлик жуда фойдаладир: мунтазам равишда маълумот олиб турган ОАВ маълумот манбаидан ажралиб қолишдан хавотирланиб, идорани кескин танқид қилишга камроқ қизиқади.

Табиийки, ушбу фильтр ҳеч қандай оғзаки ёки ёзма келишувларни назарда тутмайди. Боғланиб қолиш вақт ўтиши билан юзага келади. Баъзан бу ришта узилади ва “гуноҳкор” ОАВ ёки журналист маълумот манбаини қўлдан чиқаради. Уларни матбуот анжуманларига таклиф қилмай қўйишади, эксклюзив маълумотларнинг олувчилари доирасидан чиқариб юборишади, тезкор шарҳларни рад этишади. Бу эса, назарий жиҳатдан, қонунларга зид эмас.

Янгиликларни биринчи бўлиб нашр этувчи, ҳамда рақобатчиларида мавжуд бўлмаган эксклюзивларни берувчи ОАВ да аудитория кенгайиб боради. Эксклюзив ва инсайдлар медиа бозордаги энг қиммат валютадир. Шунинг учун медианинг иқтисодий муваффақияти кўп жиҳатдан мулоқотни ривожлантириш ва шахсий алоқаларни шакллантиришга боғлиқ. ОАВ нозик муросалар қилиш ва ўз маълумотларининг муҳим манбаларига тегишли материалларни эҳтиётлик билан саралашга мажбур. 

Ўзбекистонда учинчи фильтр сўнгги бир-икки йилда муваффақиятли ишлай бошлади. Ўтказилган ислоҳотлар натижасида барча давлат идоралари ўз матбуот котибларига эга бўлди. Давлат хизматчилари, мансабдор шахслар ва сиёсатчилар ўз манфаатлари учун маълумот тарқатишни ва медиа билан алоқа ўрнатишни бошлади. Ўзбекистонлик медианинг 2018 ва 2020 йилдаги намуналарини солиштириб, хулоса қилиб айтишим мумкинки, баъзи идоралар ОАВ нинг танқид нишонидан четга чиқди. Бу ҳол кўп жиҳатдан ушбу идоралардаги матбуот хизматининг фаолияти ёки учинчи фильтрдан муваффақиятли фойдаланаётган раҳбарларнинг қобилияти билан боғлиқ.  

Тўртинчи фильтр. Flak. Норози оламон.

Тўртинчи фильтр жамиятимизда унинг қай даражада катта аҳамиятга эканлиги ҳақида сиз ҳатто ўйлаб кўрмаганингиз билан жуда қизиқ. Ноам Чомски flak терминини Иккинчи Жаҳон Урушида қўлланилган тезотар зенит тўпининг номидан келиб чиқиб ўйлаб топган.      

Flak – бу ОАВ нинг жамият учун аччиқли мавзуларни кўтариб чиққанлари сабабли уларга етиб борадиган негатив шарҳлар, хатлар, телефон қўнғироқлари, хабарлар, таҳдидлар, суд даъволаридир. Самолётлар тинмай отилаётган зенит ўқлари остидан учишдан қанчалик қўрқса, журнаслистлар ҳам flak ни келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларни кўтариб чиқишдан шунчалик хавфсирайди.

Турли жамиятларда турли мавзулар заҳарли ҳисобланади. Лекин жамиятнинг кучли эътирозини келтириб чиқарувчи мавзулар барча жойда доимо мавжуд. Масалан, Ўзбекистонда дин, тил, миллий мансублик, ЛГБТ+ ҳуқуқлари мавзулари шулар жумласидандир. ОАВ тўртинчи фильтрдан фойдаланаётгани ва flak остида қолиб кетмаслик учун ушбу мавзуларни четлаб ўтаётганини кузатишингиз мумкин.

Flak ни мавзу муҳокама қилинаётганидан норози инсонлар (бунда, сукут сақлаётганлар кўпчилик ҳам бўлиши мумкин) ҳам, уюшган гуруҳлар, яъни давлат ташкилотлари, жамиятлар, махсус ташкил этилган “тролль-фабрикалар” ҳам амалга ошириши мумкин.  

Чомскининг китоби 1988 йилда нашр этилган ва Интернет вужудга келган вақтдан бери flak ғайриоддий кучга эга бўлди. Кибирбуллинг (таъқиб) шаклига кирган flak журналистларнинг танқид мавзуси ва объектини танлашига муваффақиятли тарзда психологик таъсир ўтказяпти. Иккита машҳур мисол: Газета.uz да “Маънавият Тошкентни барбод этади” мақоласи чоп этилгандан кейин уюштирилган flak ва ОАВ соҳасида фаолият юритувчи мансабдор аёлнинг диний мавзуни эҳтиётсизлик билан кўтариб чиққандан кейинги ҳолат. 

Flak “катта” ОАВ га ҳам ҳужум қилади. Аччиқли мавзуни эҳтиётсизлик билан кўтариб чиқиб, таҳририятнинг нуқтаи назаридан норози аудиториянинг ғазаб бўронига дуч келган нашриёт реклама берувчилардан айрилиб қолиши мумкин. Маълум бир лаҳзада жанжалнинг заҳри керагидан ошиб, реклама “тарқалиб” кетади. Фильтр ўз ишини бажаради.

Ўзбекистон учун янги тенденция – суд даъволари орқали flak уюштириш. Қонун билан тақиқланмаган мавзу ва персоналияларни олиб чиққан ОАВ хонавайрон бўлишга олиб келиши мумкин бўлган жиддий маблағларни тўлаш ҳақидаги даъволарнинг бутун бошли бир тўпламини олиш хавфи остида қолади. Хусусий ОАВ нинг ҳаммасида ҳам суд жараёнлари учун қиммат адвокатларни ёллашга имконият йўқ, шунинг учун потенциал хавфли маълумот олдиндан фильтрланади.

Бешинчи фильтр. Душман ғоялар ва қўрқув.

Чомски “тарғибот модели” нинг бешинчи, якуний фильтри учун “антиғоя” тушунчасини киритди. Ушбу мақолада таҳлил этилаётган китоб совуқ уруш даврида чоп этилган эди, шунинг учун олим АҚШ да мавжуд бўлган антикоммунизм ғоясини мисол сифатида қўллаган. 1997 йилда Чомски америкаликлар жамиятида антикоммунизм ўрнини “терроризмга қарши кураш” эгаллаган деб ҳисоблаб, бешинчи фильтрни янгилади.

Чомскининг фикрига кўра, давлатлар, одатда, қандайдир бир “душман” ни яратади. Бу душманнинг мақсади жамиятда самарали назорат учун керак бўлган қўрқув муҳитини яратишдир. Бундай жамиятда хавфли бўлиши мумкин бўлган маълум бир гуруҳ ва ҳодисаларга нисбатан нафрат ортиб боради. Бу хавф ҳам ҳақиқий, ҳам сунъий тарзда тузилган бўлиши мумкин. 

Бундай шароитда у ёки бу тарзда давлатни танқид қилаётган исталган маълумот автоматик тарзда “ватанпарварлик руҳида эмас” деб эълон қилиниши, ОАВ ёки журналистнинг ўзи эса “душман” имиджини олиши мумкин. Бу ҳолат уларни маълумотни, ҳаққоний ва ишончли, шунингдек ижтимоий аҳамиятга эга бўлса ҳам, фильтрлашга мажбур этади.

Яққол мисол сифатида замонавий Россияни олишимиз мумкин. У ерда антиғоя сифатида “ғарб хавфи” қўлланилади. Давлат ва унинг ташаббусларини танқид қилаётган журналистлар кўп ҳолларда “ғарб таъсири остида қолган”, “АҚШ Давлат департаментига хизмат қилувчи”, “хорижий жосус” каби ёрлиқларга эга бўлади. 

Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида диний экстремизм, терроризм, шунингдек “миллий менталитетимизга мос келмайдиган” шартли “қадриятлар” антиғоя бўлиб келган. ОАВ ушбу шартли “ғоялар” га хайрихоҳликда тасодифан шубҳаланиб қолинмасликлари учун ўз публикацияларини фильтрлашга мажбур бўлган. Ўзбекистон телевидениесида эркакларнинг соқол қўйиб, зирак тақиб ва татуировка билан чиқишларига яширин тақиқ қўйилганлиги ушбу фильтр ишининг маъносиз намоёнидир. 

Антиғоя ва ёндош хавфга (юқорида айтиб ўтилганидек, бу хавф ҳақиқий бўлиши ҳам мумкин) янги мисол сифатида COVID-19 пандемиясини айтиш мумкин. Оммавий қўрқув муҳитида ҳукумат пандемияга оид ёлғон хабар тарқатганлик учун катта жарималарни жорий этди. Бешинчи фильтр барча миллий ОАВ ва блогерлар учун ишлай бошлади, улар энди COVID-19 мавзусида публикациялар қилишга эҳтиёткорлик билан ёндашяпти. 

Кимга ишониш керак?

Юқорида санаб ўтилган фильтрларнинг барчаси энг мураккаб комбинацияларда ишлайди. Баъзи медиа учун биринчи фильтрнинг ўзидан ўтиш имкони бор, бошқалари эса барча бештасининг таъсирини ўз бошидан ўтказади. Турли эгалар ва турли реклама берувчиларнинг турлича манфаатлари бор. Баъзи ОАВ flak га чидамли, баъзилари эса кучсизроқ. Турли журналистлар маълумотларнинг расмий манбалари билан турлича ўзаро муносабатга киришадилар. Кичик мустақил ОАВ ва телеграм-каналлар фильтрлар билан курашиб ва молиявий кўмак, грантлар ёки шахсий маблағларини сарфлаб маълум бир муддат яшаб қолишлари мумкин.

“Медианинг эгалари борлиги қўрқинчли эмас, барча медианинг эгаси битта инсон бўлса, қўрқинчли”, – деб ҳисоблайди россиялик машҳур сиёсатшунос Екатерина Шульман.

Кимга ишониш керак саволига жавоб эса қуйидагича: ҳеч кимга ва ҳаммага.

Ахборот маконининг ўзи бутунлигича содир бўлаётган воқеликнинг тўлиқ тасвирини беради. XXI асрда бирор нарсани яширишнинг деярли имкони йўқ. Аммо сизга ҳеч қачон тайёр ечилган бошқотирма берилмайди. Сизга ҳар куни унинг кўпгина бўлаклари бериб борилади. Уларнинг баъзилари бошқотирмага умуман тегишли эмас. Фақатгина ўзингиз бўлакларни жамлаб, озми-кўпми реалистик тасвирни жамлашингиз ва ўзингиз учун ҳақиқат пардасини бир оз очишингиз мумкин. 

Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида нохолисликдан батамом холи ОАВ мавжуд эмас. Турли манбаларни ўқинг. Агар сиз хабарни учта турли эгага тегишли учта манбадан ўқимас экансиз, сиз ҳақингизда хабар ўқиган деб айтиб бўлмайди. 

Ҳеч кимга ишонманг. Давлат ОАВ ишонманг. Хусусий ОАВ ишонманг. Хорижий ОАВ ишонманг, блогерларга ишонманг, Facebook даги гуруҳлар ва Телеграм каналларига ишонманг. Менга ишонманг, Ноам Чомскига ишонманг.

Ўзингиз фикрланг.

Никита Макаренко

Таржимон: Умида Содикова

Мақолани ёзишда “Manufacturing Consent: The Political Economy of the Mass Media”. 1988, 2002 by Edward S. Herman and Noam Chomsky. Pantheon Books, New York китобидан фойдаланилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.