Таҳририятга Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги “Катта Куба” қишлоғида яшовчи I гуруҳ ногиронлигига эга Улжон Эшмаматовнинг мурожаати келиб тушди. Улжоннинг оиласида I гуруҳ ногиронлигига эга тўрт киши яшайди, уларнинг ҳаммаси юра олмайди.

«Уйимиздан катта йўлгача бўлган 900 метрлик йўл ҳеч қандай талабларга жавоб бермайди. Қишда йўл ўтиб бўлмайдиган балчиққа айланади, бу ерда нафақат машина, одам ҳам юра олмайди. Ўзимизни ёмон ҳис қилганимизда тез ёрдам уйимизга ўта олмайди. Уйдан катта йўлгача етиб олиш ҳам саъй-ҳаракатни талаб қилади. Ҳатто бир қоп унни олиб келиш муаммо, уни эшакда олиб келамиз. Ёзда балчиқ тиззагача чангга айланади. Йўлга шағал тўкиб, асфальт қилишса, яхши бўларди. Агар соғлом бўлганимизда, балчиқда ҳам юришимиз мумкин эди. Қишлоғимиз “Обод маҳалла” дастурига киритилган. Бизга катта ваъдалар керак эмас, замонавий қишлоққа ҳам зарурат йўқ. Бизга оддийгина шароит яратиб беринг, холос.
 
Бу муаммо билан мен даставвал ҳоким Ш.Санаевга оғзаки, кейин эса ёзма равишда мурожаат қилдим, сўнгра унинг қабулида бўлдим. Шунингдек, ҳоким ўринбосари К. Ҳайдаровга ҳам, 3-сектор раҳбари Н.Мейлиевга ҳам, туман кенгаши раиси А.Номазовга ҳам, олдинги ободонлаштириш бошқармасининг бошлиғи А.Ашуровга ҳам, вилоят ҳокими З.Мирзаевга ҳам, халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилдим.

Президентнинг виртуал қабулхонасига аввал ёзма шаклда мурожаат қилдим, кейин қабулда бўлдим. Туманнинг масъул шахслари ҳозирги кунга қадар маблағлар ажратилган, аммо тендер ўтказилганига қарамасдан, ҳали ўтказиб берилмаган деб ишонтириб келишмоқда. Аммо бошқа йўлларни таъмирлашяптику. Мен бунга изоҳ беришларини сўрадим – ҳоким ўринбосари К.Ҳайдаров 15 сентябрь куни: “Ҳамма пулларни ўтказгунларича сабр қилиб туринг”, - деди. Мен ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Н.Мўминовга қўнғироқ қилдим, у бир ҳақта-10 кун кутишимни айтди, аммо мана 10 кун ҳам ўтди. Мен унга яна қўнғироқ қилдим: “Ҳаммаси навбат билан бўлади, навбат етсин - қиламиз”, деган жавобни олдим.
 
Учинчи чорак ҳам якунланяпти – натижа эса ҳамон йўқ. Неча марта мурожаат қилдим – ваъда беришади, кейин “маблағ йўқ” дейишади ва шу билан ҳаммаси жим бўлиб қолади. Гап шундаки, қиш даврида биз кўпроқ “тез ёрдам”га эҳтиёж сезамиз. 2016 йилда отам Овлоберди вафот этди, у ҳам I гуруҳ ногирони эди. “Тез ёрдам” уйимизгача ўз вақтида етиб кела олмади. Ҳар йили қишда бирортамиз ўзимизни ёмон ҳис қиламиз – қўрқувда яшаймиз.

Шу пайтга қадар неча бор мурожаат қилдим – натижа йўқ. Туманда ҳеч ким бу муаммони ҳал этолмаяпти. Наҳотки масалани жиддий кўриб чиқишлари учун оиламиздан яна кимдир ўлиши керак ёки аҳволимиз ёмонлашиши керак. Бундай қуруқ ваъдалар ҳукуматга бўлган ишончимизга путур етказмоқда, биз бундай ҳукуматга ишонч билдирмасликка тайёрмиз», - дея қайд этилади хабарда.