Прокуратура давлат органларининг қонунга риоя этиши устидан назоратни кучайтиради

Прокуратура давлат органларининг қонунга риоя этиши устидан назоратни кучайтиради

Ўзбекистон Президенти «Қонунчилик ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси таркибида Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар таркибида — Бош бошқарманинг ҳудудий бўлимлари тузилади, деб ёзади “Дарё” нашри.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги таркибидаги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг битта ўринбосари лавозими тугатилади ва Бош прокурор ўринбосари — Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси бошлиғи лавозими киритилади.

Ҳужжатда Бош бошқарманинг асосий вазифалари ҳам келтириб ўтилди, улар қуйидагича:

– давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси ҳамда улар томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш;
– фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш;
– қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қонунчилигини таъминлаш;
– қонунбузилишларга йўл қўймаслик ва уларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий таъсир чораларини амалга ошириш;
– қонунбузлишларни содир этишга имконият берувчи сабаб вас ҳарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш.

Бош прокуратура марказий маҳкамасининг тузилмаси прокурор-тергов ходимларининг чекланган сони 199 та штат бирлиги доирасида тасдиқланади ва прокуратура органлари (ҳарбий прокуратурадан ташқари) ходимларининг чекланган умумий сони 4754 та деб белгиланади.

Фотосурат: gazeta.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.