30-март куни Андижон шаҳридаги Digital City технопаркида Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги ва БМТнинг "Фарғона водийси ёшларининг ижтимоий уйғунлиги" қўшма дастури доирасида ташкил этилган “JustStart” стартап акселерация дастурининг “Demo Day” куни режалаштирилган бўлиб, унда 4 ойлик акселерация дастурида иштирок этган ёшларнинг стартап лойиҳалари тақдимоти ўтказилади.
 
Ушбу дастур Фарғона водийсидаги 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахсларнинг ўз бизнесларини бошлашлари ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришларида назарий ва амалий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Ўтказилган онлайн таълим ва тренинглар орқали Фарғона водийсида ахборот технологиялари (ИТ), фан, экология, қишлоқ хўжалиги, хотин-қизлар тадбиркорлиги соҳасида инновацион лойиҳаларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатилди.
 
Тўрт ой давом этган “JustStart” дастурида иштирокчилар кичик бизнес бозорини ўрганишди, маркетинг ва стратегик режалаштириш асослари, молиявий ва ҳуқуқий саводхонлиги бўйича билим ва кўникмаларини оширишди. Бизнес ғояни стартап лойиҳага айлантириш даврида Lean Startup, Speed Mentoring, Mock Sales нима эканлигини билиб олиб, ташаббус асосида лойиҳани ишлаб чиқиш ва прототип - минимал ҳаётий маҳсулот (МВП) бўйича тажриба орттирдилар. Бунда уларга бухгалтерия ҳисоби ва аудит, солиқ бўйича консалтинг ва молиявий таҳлил, халқаро ва тижорат ҳуқуқи, истеъмолчилар билан ишлаш, стартап-ташаббусларни ишлаб чиқиш ва ғояларни шакллантириш усуллари бўйича халқаро тажрибага эга мураббийлар томонидан онлайн машғулотлар ўтказилди. Қўшимча равишда Арт (бадиий) терапия ҳамда етакчилик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган мотивацион дарслар ташкил этилди.


 
Бундан ташқари, акселерация дастури доирасида иштирокчиларга онлайн равишда ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюриш, Ўзбекистоннинг таниқли тадбиркорлари ва мутахассисларидан бошланғич лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича амалий маслаҳатлар олиш ва ўзларини қизиқтирган мавзулари бўйича суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдилар.
 
Акселерация дастурида қатнашиш учун юборилган 268 та аризадан 85 таси Андижон вилояти ёшларидан, 117 таси Фарғона вилоятидан ва 66 таси Наманган вилояти ёшларидан келиб тушган. Якуний босқичгача етиб келган 83 иштирокчининг 23 нафарини қизлар ташкил этади. Энг муваффақиятли 34 жамоа финал босқичида қатнашиш ва ўз лойиҳаларини тақдим этиш имкониятига эга бўлишди.
 
Тадбир офлайн ва онлайн тарзда бўлиб ўтади, унда финалгача етиб келган иштирокчилар ўз бизнес лойиҳаларини тажрибали тадбиркорлар, манфаатдор корхона вакиллари, стартап ва инновациялар бўйича малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъатига тақдим этишади. Энг яхши 10 та лойиҳага стартапларни амалга ошириш учун БМТнинг Тинчликни мустаҳкамлаш жамғармаси томонидан 5000 АҚШ долларигача беғараз грант маблағлари тақдим этилади.