Андижон шаҳридаги Ёшлар ижодиёти марказида “Y-fikri” ёшлар фикри платформасининг навбатги учрашуви бўлиб ўтди. Қизғин мунозара ва фикрлар алмашинувидан иборат бўлган, мазкур тадбирда Андижон вилоятидан ташриф буюрган 48 нафар фаол ёшлар иштирок этди.
 
Тадбирни БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари, Доина Мунтеану, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Фарруҳ Омонов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Йўлдошев очиб берди.
 
Бугунги янги Ўзбекистон ислоҳотларини амалга оширишда дунёқараши кенг, жонкуяр, илғор фикрли ёшларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Айнан шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўй-фикрларини ўрганиш орқали ёшларга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли асосда ўрганиш, муаммолар ечимига замонавий ёндошув усулларини кашф қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва БМТнинг “Фарғона ёшларининг ижтимоий уйғунлиги” лойиҳаси доирасида Фарғона водийси ёшлари учун “Y-fikri” ёшлар фикри платформаси ташкил этилди.


 
Таъкидлаш лозимки, сўнгги сал кам 1 ой мобайнида ушбу платформада иштирок этиш мақсадида www.yoshlarfikri.uz сайтига ариза қолдириб, иштирок этишга қизиқиш билдирган ёшлар сони 117 тага етди.
 
Бугунги кунга қадар, ёшлар фикри платформаси wеб-сайтига Андижонлик 36 нафар ёшлардан ариза келиб тушган. Улар тақдим этган нутқларининг аскарят қисмида ҳудуддаги ёшлар бандлиги ошириш, ёшлар орасида тадбиркорликни ривожлантириш, та’лим тизимини ривожлантириш, қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ёшлар учун фойдали лойиҳалар ишлаб чиқиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, спорт ва маданият соҳаларини ривожлантириш ҳамда маҳаллий аҳолининг муаммоларини замонавий АКТ воситалари орқали ечиш бўйича ўз фикр ва таклифлари акс этган.
 
“Y-fikri”ёшлар фикри платформасида қатнашишнинг афзалликлари шундаки, сўзга чиқувчи шахс истаган мавзуси бўйича (нутқ ҳажми 10 дақиқадан ошмаган) учта аниқ мисоллар билан кўтарилган муаммога аниқ ечимлар ва чора-табдирлар таклиф этади.  Бу эса, кўплаб такрорланувчи муаммолар орасидан энг самарали ечим таклиф этаётган муаллифни аниқлашга, истиқболда унинг таклифлари Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги орқали маҳаллий давлат органи, ҳатто Ҳукумат даражасида муҳокама қилиниши ва ҳудудда ижобий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, ҳудудларни ривожлантириш, самарали бошқарув ва ёшлар муаммоларини ҳал этишда ёшлар фикри платформасига келиб тушган таклифлар истиқболдаги ислоҳотларда акс этади.
 
Бўлиб ўтган тадбирда вилоятнинг фаол ёшлари жамият ҳаётида учрайдиган долзарб муаммолар, ёшлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шахсий ривожланишига кўмак беришга йўналтирилган лойиҳа ва таклифлари билан иштирок этди. Тақдимотлардан сўнг, лойиҳалар юзасидан тадбир иштирокчиларининг фикри тингланди.