Андижон шаҳридаги Digital City технопаркида Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ва БМТнинг "Фарғона водийси ёшларининг ижтимоий уйғунлиги" қўшма дастури доирасида ташкил этилган JustStart стартап акселераторининг “Demo Day” (лойиҳаларнинг қисқа тақдимотларини намойиш этиш) куни бўлиб ўтди. Унда 4 ойлик акселерация дастурида иштирок этган ёшларнинг стартап лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Тадбирни БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили, Матилда Димовска ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Фарруҳ Омонов очиб бердилар.



Ушбу дастур Фарғона водийсидаги 16 дан 30 ёшгача бўлган ёш йигит ва қизларнинг ўз бизнесларини бошлашлари ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришларида назарий ва амалий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Ўтказилган онлайн таълим ва тренинглар орқали қатнашчиларга ахборот технологиялари (IT), фан, экология, қишлоқ хўжалиги, хотин-қизлар тадбиркорлиги соҳасида инновацион лойиҳаларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатилди.

Тўрт ой давом этган JustStart дастурида иштирокчилар кичик бизнес бозорини ўрганишди, маркетинг ва стратегик режалаштириш асослари бўйича билим олишди, молиявий ва ҳуқуқий саводхонлик ва кўникмаларини оширишди. Бизнес ғояни стартап лойиҳага айлантириш жараёнида Lean Startup, Speed ​​Mentoring, Mock Sales нима эканлигини билиб олиб, ташаббус асосида лойиҳани ишлаб чиқиш ва прототип - минимал ҳаётий маҳсулот (МВП) бўйича тажриба орттирдилар.

Бунда уларга бухгалтерия ҳисоби ва аудит, солиқ бўйича маслаҳатлар, молиявий таҳлил, халқаро ва тижорат ҳуқуқи, истеъмолчилар билан ишлаш, стартап ташаббусларни ишлаб чиқиш ва ғояларни шакллантириш усуллари бўйича халқаро тажрибага эга мураббийлар томонидан онлайн машғулотлар ўтказилди. Қўшимча равишда Арт (бадиий) терапия, ҳамда етакчилик (лидерлик) кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган мотивацион дарслар ташкил этилди.

Бундан ташқари, акселерация дастури доирасида иштирокчилар онлайн равишда ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюриш, мамлакатимизнинг таниқли тадбиркорлари ва мутахассисларидан бошланғич лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича амалий маслаҳатлар олиш ва ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдилар.



Акселерация дастурида қатнашиш учун юборилган 268 та аризадан 85 таси Андижон вилояти ёшларидан, 117 таси Фарғона вилоятидан ва 66 таси Наманган вилояти ёшларидан келиб тушган. Якуний босқичгача етиб келган 83 иштирокчининг 23 нафарини қизлар ташкил этади. Энг муваффақиятли 32 жамоа финал босқичида қатнашиш ва ўз лойиҳаларини тақдим этиш имкониятига эга бўлишди.

Таклиф этилган экспертларнинг баҳолашлари натижаларига кўра, ғоянинг долзарблиги, бизнесни оммалаштириш имкониятлари нуқтаи назаридан 10 та энг яхши лойиҳа аниқланди. Қуйидаги лойиҳалар энг яхши деб топилди:
 
“MyDentist”
Беморларга керакли стоматологни осон излаб топишга ёрдам берувчи дастур.

“FSCH silk road”
Б2Б сегмент онлине маркет.

“Onlayn tashxis”
Автоматлаштирилган онлайн ташхис.

“My Truck”
Мева ва сабзавотлар савдоси ва логистикасини рақамлаштириш.

“Wall Print”
Лазер аппарати ёрдамида девор, ойна, пластик, ёғоч ва бир қанча юзаларга исталган расм, ёзувларни 2Д ва 3Д форматда чизиш ғояси.

“iTutor”
Ўқитувчи ва ўқувчиларни боғлайдиган платформа ва онлайн синфхона.

“Nilufar fashion school”
Дизайнерлик курсларини ташкиллаштириш: тикиш-бичиш усулларини янгича ва осон оʻргатиш. Тайёр андозаларни сотиш.

“Educator.uz”
Ҳар қандай ўқитувчи ўз курсини пулли ва бепул шаклда тарқатиши ва шу орқали даромад топиши мумкин бўлган онлине платформа.

“Telework”
Марказий Осиё фрилансерлари учун энг қулай савдо майдончасидан ташкил топган платформа.

“Yashil Hayot”
Чорва молларига ундирилган буғдойдан озуқа етиштириш ва буғдой майсасидан табиий шарбат олиш ғояси.
 
Танлов натижасида Андижон вилоятидан 6 та, Фарғона вилоятидан 2 та ва Наманган вилоятидан 2 та стартап лойиҳалар ғолиб деб эълон қилинди.
 
Юқорида келтирилган 10 та ғоя муаллифлари ва жамоаларига ўз стартапларини амалга оширишлари учун БМТнинг қўшма дастури доирасида ҳар бири 5000 АҚШ долларигача бўлган беғараз грантлар тақдим этилди.