“Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси,Андижон вилояти “Тадбиркор аёл” уюшмаси , Избоскан , Бустон, Самарқанд вилоятининг  Оқдарё ва Ургут туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “COVID-19 нинг  Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларидаги  ҳимояга муҳтож аёллар ва ёшларга таъсирини юмшатиш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун  ННТларнинг институционал ва ташкилий салоҳиятини мустаҳкамлаш» (қиймати 299,900 евро)  лойиҳасини амалга ошира  бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” ишлаб чиқилди ва ушбу ҳамкорликда бошланган лойиҳанинг асосий мақсади ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъмилашга йўналтирилган.

Лойиҳанинг мақсади -  Андижон вилояти Бўстон ва Избоскан туманлари, Самарқанд вилояти Оқдарё ва Ургут туманларидаги камбағал ва COVID-19дан зарар кўрган аёллар ва ёшларнинг кризис ҳолатидан чиқарилиши - уларга  касбий кўникмалар бериб, иш билан таъминланиши, ўз бизнесини очиши, молиявий-ахборот ресурслардан фойдаланиши ва мутахассислар маслаҳатларини олиш орқали ўз ҳаётини яхшилаш  учун имкониятлар яратишдан иборатдир.

Хусусан, 1300 нафар аёллар ва ёшлар учун, шунингдек маҳаллалар аҳолиси учун ижтимоий маслаҳат хизматлари (шифокор, руҳшунос, ҳуқуқшунос);  

 - мақсадли гуруҳларнинг эҳтиёжларини  баҳолаш бўйича “қатнашиш”  методикасига таянган ижтимоий-иқтисодий таҳлил усули билан   махалла ахолиси ўртасида дастлабки сўровларни ўтказиш;

 - 720 нафар кам таъминланган аёллар ва ёшларни 6та йўналишлар (тикиш-бичиш, қандолатчилик, сартарошлик иши, миллий ҳунармандчилик, компьютер саводхонлиги, маникюр-педикюр) бўйича касбий кўникмаларга ўргатиш учун   Избоскан, Оқдарё ва Ургут туманларида жиҳозланган  Қишлоқ ахборот-ресурс марказларини очиш режалаштирилган

 - мазкур марказларда касбий билимлар олувчи аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш учун ахборот-ресурс интернет кутубхоналари, болалар бурчаги ва кичик кир ювиш жойлари  ташкил қилинади;

 - шунингдек,  қишлоқ ахборот-ресурс марказларида ишлаш учун лойиҳа амалга оширилаётган туманлар аҳолиси ичидан 27 нафар мураббийлар ва тренерларни тайёрлаш ва ўқитиш;

 -  кам таъминланган оилалардаги аёллар ва ёшлар ўз бизнесини бошлашлари учун 1 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача бўлган (умумий миқдори  74 000 евро) грантларни танлов асосида ажратиш;

 - 600 нафар маҳалла фаоллари, маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари учун 12та информацион учрашувлар ва 12та тренинглар  ўтказиш кўзда тутилган.

2021 йилнинг 19 апрелида Самарқанд вилоятининг Оқдарё ва 20 апрелида Ургут туманларида илк бор ташкил этилаётган “Чойхона” Қишлоқ ахборот–ресурс марказларида 480 нафар кам таъминланган аёллар қамраб олиниб, уларни касбга тайёрлаш бўйича амалий ишлар олиб борилади.