Ўзбекистонда мобил банкинг хизматларидан фойдаланаётганлар сони 363 минг кишидан ошди

Ўзбекистонда мобил банкинг хизматларидан фойдаланаётганлар сони 363 минг кишидан ошди

Ўзбекистонда тижорат банкларининг 57,5 мингдан ортиқ мижози интернет ва 363 мингдан зиёд мижоз эса мобил банкинг хизматларидан фойдаланиб келмоқда. Жумладан, жисмоний шахсларга уяли алоқа операторлари, интернет провайдерлар, телефония, кабелли телевидение, коммунал, савдо-сервис корхоналари, такси хизматлари учун тўловларни амалга ошириш имконини берадиган “CLICK” мобиль банкинг тизими аҳоли ўртасида оммалашиб бораётир, дея қайд этади ЎзА.

Шу билан бирга, мамлакатда тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар учун чиқарилган пластик ва юридик шахслар учун корпоратив карточкалар сони 12,4 миллион донадан ошди. Улардан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида барча савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида 149 мингдан зиёд тўлов терминаллари ўрнатилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида сўз борди.
Тадбирда пластик карточка эгаларига қулайлик ва имтиёзлар яратилаётгани таъкидланди. Ҳар бир пластик карточка тўрт хонали шахсий пин-код билан ҳимояланган. Фақат унинг эгасига маълум бўлган пин-код карточкани бошқа шахсларнинг фойдаланишидан ҳимоя қилади.

Шунингдек, молиявий амалиётларни бажаришда харажатларни камайтириш ва тезкорликни ошириш, ҳисоб-китобларнинг аниқлиги, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан тақдим этиладиган чегирма ва имтиёзлардан фойдаланиш каби имкониятлар ҳам мавжуд.

2011 йилдан буён Ўзбекистонда «UZKARD EMV» тизими босқичма-босқич амалиётга жорий этиб келинмоқда. Яъни, барча карточкалар онлайн режимига ўтказиляпти. Мазкур тизим маблағларнинг автоматик тарзда тушиши, интернет ва мобиль банкинг хизматларидан фойдаланиш имконияти, хусусан, сотиб олинадиган товар ва хизматлар учун тўловларни уйдан туриб тўлаш ва бошқа афзалликларга эга.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.