Ўзбек профессори Тошкентдаги Ҳамза тумани номини ўзгартириш вақти келганини билдирмоқда

Ўзбек профессори Тошкентдаги Ҳамза тумани номини ўзгартириш вақти келганини билдирмоқда

Педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов “Халқ сўзи” газетасининг 2014 йил 23 август сонида чиққан мақоласида ушбу мавзуни кўтарган.

“Бугунги кунда бутун юртимиз каби Тошкент шаҳри ҳам тобора очилиб, янгиланиб бораётган экан, унинг туманлари, кўчалари, маҳалла ва гузарларига қўйилган янги номлар албатта ҳар томонлама ярашади. Лекин очиқ тан олишимиз керак, ана шу номларни фахр билан санаганимизда, афсуски, бир туман номига келиб, тилимиз андак тутилиб, қоқилиб, ўзимизда қандайдир ўнғайсизланиш сезишимизни очиқ айтиш лозим. Бу — Ҳамза туманининг номи” – дейди у. 

“Маълумки, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўз вақтида лирик шеърлар, ғазаллар, маърифий китоблар, драмалар муаллифи сифатида танилган. Айни пайтда у юртимизда шўролар ҳокимияти ўрнатилганидан сўнг мустабид тузум мафкурасининг курашчиси ва тарғиботчисига айлангани, вафотидан кейин эса узоқ йиллар давомида “ўзбек совет адабиёти ва маданиятининг асосчиси” каби баландпарвоз таърифлар билан сохта улуғлаб келингани ҳам ҳақиқат.

Совет даврида нашр қилинган ўзбек адабиёти ва маданиятига доир китобларда Ҳамза ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Лекин бу гапларда ҳақиқатдан кўра ёлғон, уйдирма сероб экани вақт ўтиши билан тобора аён бўлиб бормоқда. 

1980 йилда чоп этилган “Ўзбек совет энциклопедияси”да Ҳамза ўқитувчи, актёр, режиссёр, маориф бўлими раҳбари бўлгани, театрлар ташкил қилгани, дарслик ва қўлланмалар ёзгани, республикада ер-сув ислоҳотларини ўтказишда, хотин-қизлар озодлиги учун курашда, маданий инқилобни амалга оширишда фаол қатнашгани таъкидланади.

Ўрни келганда айтиш жоизки, Ҳамзанинг хотин-қизларга, жамият таянчи бўлган оилага шахсий муносабати ҳам ибрат оладиган даражада эмас эди. У биринчи хотини — Аксинья Уваровадан 1915 йил 1 февралда қиз фарзанд кўради. Савдохон деб исм қўйилган қизалоқ бир ёшга ҳам тўлмасдан вафот этади. Ҳамза рус хотинидан ажрашгач, Ҳанифа исмли қиз билан ишқий муносабатда бўлади. 1923 йил Зайнаб Аҳмаджонова деган аёлга уйланади. Бу оиласидан Аббосхон исмли ўғил кўради. Аббосхон Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлади.

Ҳамза 1929 йил 18 март куни Шоҳимардонда тошбўрон қилиб ўлдирилади. У “инқилоб солдати сифатида ҳалок бўлди”, деб ёзади бу ҳақда ҳамзашунос олим Ю. Султонов.

…Ўзбек совет адабиёти тарихида Ҳамза сингари бениҳоя таърифу тавсиф этилган шоир ва адиб бўлмаган. Унинг асарлари СССР ҳудудидаги деярли барча халқларнинг тилларига таржима қилинган. У ҳақида ҳужжатли ва бадиий полотнолар, рассомлик, ҳайкалтарошлик асарлари, кинофильмлар яратилиб, унинг ҳаёти, ижоди қанча-қанча диссертацияларга мавзу бўлди.

…Республикамизнинг бадиий адабиёт соҳасидаги энг юксак давлат мукофоти — “Ўзбекистон халқ шоири” унвони ҳам биринчи бўлиб, 1926 йили айнан шу ижодкорга берилди. Адабиётшунослик фанида “ҳамзашунослик” деган бутун бир илмий йўналиш шаклланди.

Юртимиздаги шаҳар ва туманлар, колхоз ва совхозлар, мактаблар, маданият масканлари, кўча ва хиёбонларга Ҳамзанинг номи, орқа-олдини ўйламасдан, қаторлаштириб қўйилаверди.

Шоҳимардонда Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи филиали, Ҳамзанинг мемориал музейи (1957 йили) ва шоирга мақбара (1950 йили) барпо этилди. ЎзССР ҳукумати 1964 йилда ўзбек адабиёти ва санъати соҳасидаги ютуқларни тақдирлаш учун Ҳамза номидаги республика давлат мукофотини таъсис этди. 1967 йилдан бошлаб бу мукофотнинг нуфузи янада оширилди. Энди у ЎзССРда адабиёт ва санъат, архитектура соҳаларида етук ижодий ютуқларга эришган илм-фан ва маданият намояндаларига 7 ноябрь — Улуғ Октябрь байрами арафасида тантанали равишда топшириладиган бўлди. 

1968 йилнинг бошида Тошкент шаҳрида Ҳамза тумани ташкил этилди. Тошкентда 1978 йили унга маҳобатли ҳайкал ўрнатилди. Сирдарё вилоятининг Сирдарё районидаги  Ҳамза номидаги колхоз ҳудудида жойлашган қишлоққа ҳам Ҳамза номи берилди. Наманган вилоятининг Учқўрғон районидаги қишлоқлардан бири ҳам Ҳамза деб аталди. Фарғона областидаги Ванновский посёлкасига 1963 йилда Ҳамза номи қўйилди. 

1931 йили Тошкент шаҳридаги ўзбек давлат драма театрига Ҳамза номи берилди. Пойтахтимиз метросининг марказий бекатларидан бири ҳам унинг номи билан аталди. 

1961 йилда “Ҳамза” бадиий фильми, кейинчалик — 1977 — 1984 йилларда эса “Оловли йўллар” номли кўп серияли фильм суратга олинди. Айниқса, “Оловли йўллар” фильми учун ўша пайтдаги энг номдор режиссёр, сценарист, оператор ва санъаткорлар жалб этилади. Бу фильм бошдан охиригача “Ҳамза — Туркистонда социализмнинг толмас курашчиси” деган ғояни тарғиб этишга қаратилгани билан характерлидир. 

Ҳамзанинг номини байроқ қилиб, ана шундай сохта эпопеялар яратиб, қанча-қанча кишилар илмий ва ижодий унвонлар, давлат мукофотлари олишга эришади. 
Етмиш йилдан зиёд давом этган бундай дабдабаю асъасалар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақидаги асл ҳақиқатни барибир ўзгартиролмади. Даврлар, буюк ўзгариш ва янгиланишлар бўронида барча ёлғон гаплар фош бўлиб, ҳақиқат, адолат барибир юзага чиқмоқда.

…Пойтахтимизнинг улкан ҳудудини эгаллаган, 200 мингдан зиёд аҳоли яшаб меҳнат қилаётган ушбу туманни ўзининг асл — тарихий номи билан аташ вақти келмадимикан, деган савол ҳозирги вақтда кўпчиликнинг фикри-зикрини банд этиб турибди”, дея қайд этади профессор.

Эслатиб ўтамиз, шу йил март ойида пойтахтдаги Ҳамза тумани қайта номланиши мумкинлиги ва айни пайтда туман маҳаллаларидаги аҳолидан уни қайта номлаш борасида аризалар қабул қилина  ётгани ҳақида маълумот бергандик.  

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.