“Ўзбекистон тарихи”нинг янги жилди нашрдан чиқди

“Ўзбекистон тарихи”нинг янги жилди нашрдан чиқди

Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тарих институти “Ўзбекистон тарихи” туркумига кирувчи навбатдаги китобни нашрдан чиқарди, деб ёзади “Uzbekistan Today”.

“Ўзбекистон тарихи” умумий номи остидаги академик нашрлар туркумини чоп этиш Тарих институти, Археология институти ва мамлакатдаги бошқа илмий-тадқиқот марказлари олимларининг кенг миқёсли лойиҳасига айланди. Бунинг натижасида Ўзбекистон тарихининг барча даврларини ёритувчи кўп жилдли туркум пайдо бўлади. Ҳозирга қадар XVI- XIX асрнинг биринчи ярми, 1917-1991 йиллар ва энг янги тарих даврларини ёритувчи китоблар дунё юзини кўрди.

Бу сафарги китоб XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларига бағишланган. Ҳозирча китобнинг назорат нусхалари чиқарилди. Мазкур китоб етакчи олимлар ва мутахассисларнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда яна тўлдирилганидан сўнг катта нусхада чоп этилади.

 «Энг сўнгги шундай нашр 1969 йилда чоп этилиб, у тўртта жилддан иборат эди. ўтган йиллар давомида жуда кўп воқеалар содир бўлди, Ўзбекистон тарихи бўйича янги манбалар кашф этилди ва ўрганилди. Ушбу китоб олимлар, мутахассислар, талабалар ва тарихга қизиқадиган барча кишилар учун мўлжалланган», – дейди Фанлар академиясининг Тарих институти директори ўринбосари, тарих фанлари номзоди Шуҳрат Муҳамедов.

Ҳар бир жилд устида ўн-ўн бешта мутахассисдан иборат муаллифлар гуруҳи ишламоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.