Олой бозори ёнидаги бекатда автобус ҳайдовчиси қарияга мушт туширди

Олой бозори ёнидаги бекатда автобус ҳайдовчиси қарияга мушт туширди

Кеча Тошкентда соат 19:30ларда Югнакий – Чорсу йўналиши бўйлаб ҳаракатланувчи 17-автобус (рақами 869 NAA) ҳайдовчиси Олой бозори ёнидаги бекатда турган пайтида ногирон қарияга мушт туширган. Бу ҳақда UZ24 нашри хабар беради.

Ушбу воқеа ҳақидаги маълумот Facebook тармоғидаги “Водители Ташкента” (“Тошкент ҳайдовчилари”) гуруҳида пайдо бўлди. Унга кўра, 17-автобус бекатга бошқа транспорт киришини тўсиб қўйган. Қария ҳайдовчидан автобусни чеккароққа олишни сўраган, чунки бекатдаги одамлар керакли автобусга чиқиши учун йўлнинг қатнов қисмига чиқишга мажбур бўлаётган эди. Кекса кишининг илтимосига ҳайдовчи ҳақорат билан жавоб берган, шундан сўнг уларнинг ўртасида оғзаки жанжал бошланган.

Натижада, ҳайдовчи автобусдан тушиб, қарияга мушт туширган, кекса киши мушт зарбидан ерга йиқилган. Ҳайдовчи автобусга қайтиб, йўналиш бўйича йўлга чиққан.
Бу воқеани йўловчилар ҳам, гувоҳлар ҳам жимгина кузатиб турган. Шу ердаги одамлардан бири қарияга ёрдам бериш учун ёнига борганидан сўнг, унга яна икки киши қўшилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.