Қалбаки ҳужжатлар асосида чет элга қуруқ мева олиб чиқаётган самарқандлик “учар тадбиркорлар” жаримага тортилди

Қалбаки ҳужжатлар асосида чет элга қуруқ мева олиб чиқаётган самарқандлик “учар тадбиркорлар” жаримага тортилди

Самарқанд вилоят божхона бошқармасининг «Самарқанд» ТИФ ва «Улуғбек» ТИФ божхона пости ходимлари томонидан “Экспорт” божхона режимига расмийлаштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини божхона назоратидан ўтказиш давомида бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизматининг катта инспектори Ж.Каримов берган маълумотга кўра, “Нафис Агро Саноат” масъулияти чекланган жамиятининг бир қатор моддий жавобгар шахслари Эронга юборилаётган 19,5 тонна тозаланган ёнғоқ мағизлари орасида юк-кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган салкам 3 тонна тозаланган писта мағизларини қалбаки ҳужжатлар асосида олиб чиқиш учун расмийлаштирмоқчи бўлган вақтларида тўхтатиб қолинган.
Шунингдек, мазкур МЧЖнинг “учар тадбиркорлар”и томонидан Хитойга юборилаётган 26 тоннага биринчи навли қора майиз маҳсулотини иккинчи нав сифатида кўрсатиб, нархини пасайтириш мақсадида қалбаки ҳужжатлар асосида расмийлаштиришга уринишгани ҳам фош қилинди.

Мазкур ҳолатлар бўйича вилоят божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказиш учун тергов органларига юборилган эди.

Яқинда эса қонунбузарларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Унга кўра, қонунбузарлар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига энг кам иш ҳақининг 310 баравари миқдорида жарима жазолари тайинланди. Шунингдек, ашёвий далил деб топилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари давлат эгалигига ўтказилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.