Асоссиз рашк оқибати
Турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотаси, қариндошлари, таниш-билишларидан сўраб-суриштиришди, Мастурахон(исм-фамилиялар ўзгартирилди) топилмади. Абдусамининг айтишича, ўша куни навбатчилик қилиши, шифохонада ётган дадасига қарашини айтиб уйдан чиқиб кетган эди. Бироқ ишга бормаган, дадаси ётган палатага кирмаган.
Учинчи куни, яъни 2 август куни Абдусами Бағдод туман ИИБга хотини ишга — шифохонага кетяпман, деб уйдан чиқиб кетганича, қайтиб келмагани, қидириб топа олишмагани ҳақида ариза ёзиб берди. Прокуратура, ИИБ ходимларининг олиб борган тезкор қидирув-суриштирув ишлари натижасида З август куни ҳовлидаги томорқадан Мастурахоннинг жасади топилди.
Гўё хотинини излаб юрган Абдусамига келинойиси телефон қилди. Уйга етиб келишини тайинлади. У ҳозир бораман, деди-ю, бироқ уйига қайтиб келмади. Қўл телефонини ўчириб қўйди. Турмуш ўртоғини ўлдирганликда гумон қилинган А.Саминжоновга нисбатан қидирув эълон қилинди. Орадан икки йил ўтиб қидирувдаги гумонланувчи ушланиб, қайта тергов ҳаракатларига киришилди. А.Саминжонов айбига қисман иқрор бўлди. Дастлабки терговда унинг, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўта оғир жиноятнинг тафсилотларига аниқлик киритилди.
Абдусами 2006 йили ҳамшираликка ўқиган Мастурахонга уйланади. Жуфти ҳалоли билан қишлоқдаги ота-онасининг уйида яшай бошлайди. Ярим йилча бирга туриб, 2007 йилнинг бошида Россия Федерациясига кетиб юборади. Москва шаҳридаги корхоналардан бирида ёлланма ишчи бўлиб ишлайди, қўл телефонида уйидагилар, Мастурахон билан гаплашиб туради. Қиз кўрганини ҳам телефонда билади. Қайтиб келиб, ярим йилча оиласи билан яшаб, тағин чет элга равона бўлади. Яна бир қиз фарзанд кўради. Кунда-кунора кечки пайтлари қўнғироқ қилиб туради. Баъзида Мастурахон қўнғироқларига жавоб бермайди. Қўл телефонини тез-тез, айниқса, кечқурун ўчириб қўйиши Абдусамининг дилида шубҳа уйғотади. “Оёқ олиши бежога ўхшайди”, деган хаёлда ота-онаси, ака-укаларидан юриш-туришини сўраб-суриштиргани сари шубҳа-гумонлар ичини таталайверади.
“Қизим эрининг SMS хабарлар жўнатиб, кўч-кўронингни йиғиштириб кет, деб дағдаға қилаётганини, овсини Оминахондан ҳар қадамини сўраб-суриштириб турганини, овсини ишга қачон бориб, қачон келаётганини, телефонда кимлар билан гаплашганини етказиб, ораларига совуқчилик солиб қўйганини айтарди, — дейди марҳуманинг онаси Ф.Жобирова. — “Кўчингни йиғиштириб уйингга кет, мен йўқлигимда маза қилиб юрибсанми? Кимлар билан юрибсан?” каби SMSларини кўрсатганди. Абдусами пул жўнатмагани учун қийналиб, икки нафар қизига алимент ундириш ҳақида фуқаролик судига ариза берди. Суднинг буйруғи чиққанидан кейин қайнотаси “кўчларингни йиғиштириб кет”, деб ҳайдади. 2012 йил июль ойи бошларида куёв Москвадан қайтиб келаётганини эшитиб, фарзандларини кўриб кўнгли юмшар, уйлари уй бўлиб кетар, деган ўйда Мастурахонни болалари билан қайнотасиникига олиб бориб қўйдик. Саккизинчи июль куни куёв қайтиб келди. Ўттизинчи июль куни турмуш ўртоғимнинг соғлиғи ёмонлашиб, касалхонага ётди. Мастурахонни телефонда чақирдим, уйга келиб, кирларни ювишга қарашиб юборишини сўрадим. Опалари билан кўришиб, уйларни йиғиштиришга қарашиб, қайтиб кетди. Опалари шифохонага боришди. Лекин Мастурахон дадасини кўргани келмади. Келаси куни эрталаб касалхонага борсам, қайнотаси кўргани келибди. У кетганидан кейин турмуш ўртоғимнинг гапи мени хавотирга солди. Мастурахон дадамга қарайман, деб уйдан чиқиб кетган экан. Лекин шифохонага келмабди…”
Шундан сўнг Фаридахон Жобирова катта қизи Лобархоннинг уйига боради. Мастурахон кўринмаганини эшитиб, баттар хавотирга тушади. Катта куёви — Лобархоннинг эри Маҳмуджонни телефонда чақириб олади. Унинг машинасида Мастурахоннинг уйига боришади. Куёви Абдусами белкурак билан томорқадан чиқиб келади. Ер чопаётган бўлса керак, деб ўйлаган Ф.Жобирова қизини сўрайди. “Паспорти, пластик карточкасини олиб, шифохонага бориб, дадамга қарайман, деб чиқиб кетган”, дейди Абдусами белкуракни қўйиб. “Касалхонага бормапти, ахтариб топайлик”, дея Ф.Жобирова Абдусами билан бирма-бир қариндошлариникига бориб суриштиришади. Топа олмаганларидан кейин кечга яқин туман ИИБга кириб боришади. Абдусами хотини йўқолгани ҳақида ариза ёзиб беради. Шундан кейин Ф.Жобирова куёвининг уйига бориб ётиб қолади. Мастурахон кириб келишига умидвор бўлиб, тонггача мижжа қоқмайди. Эрталаб, балки уйимиздадир, деган умидда ўзларининг ҳовлиларига йўл олади. Келаси куни қизининг жасади топилганини эшитади.
Айбига қисман иқрор бўлган А.Саминжоновнинг кўрсатмасига кўра, 2010 йил ёз ойларида хорижда ишлаб юрган кезлари кечаси соат ўн иккиларда Мастурахонга қўнғироқ қилганида унинг уяли алоқа телефони банд бўлади, келаси куни ким билан гаплашганини сўраса, опам, дугоналарим, хамкасбларим билан гаплашдим, дейди. Бундай ҳолат тез-тез такрорлангани туфайли турмуш ўртоғидан гумонсираб, сим картасини сақлаб қўйишни, уйга қайтиб борганида текшириб кўришини айтади. Бироқ уйга келганида Мастурахон сим карта сингани туфайли янгилаб олдим, дейди. У баттар шубҳаланиб, “Билайн” компаниясининг филиалига учраб, синган сим картани тиклашнинг иложи бор-йўқлигини суриштириб кўради. 2012 йил 31 июль куни эрталабки саккизларда Мастурахон ишга бораман, деб уйдан чиқиб кетади. Абдусами қизларини боғчага элтиб қўйгач, Бағдод туман Марказий шифохонасига бориб, катта ҳамширадан хотинини суриштиради. Турмуш ўртоғи ишга келмаганини эшитиб, шубҳа-гумонлари кучаяди. Соат ўн бир яримларда кўчага чиққанида канал бўйига келиб тўхтаган “Жигули” машинасидан Мастурахон тушади. Уйга кирганларидан кейин, қаерда эдинг, деб сўрайди. Ишда эдим, дегач, тўғрисини айтишни талаб қилади. Мастурахон Россияда юрганингизда оҳак заводига ҳам ишга чиққанман, туман марказида бригадир билан музқаймоқ едим, таксида келдим, дейди. Абдусами дарғазаб бўлиб, уни уриб йиқитади. Устига чиқиб, ўнг қўлида бўйнини бўғади, чап қўлида қўлларини босиб туради. Типирчиламай қолгач, қўйиб юборади.
“Уйда ҳеч ким йўқ эди, — дея кўрсатмасини давом эттиради А.Саминжонов. — Кечки пайт уни каналга ташлаб юбормоқчи эдим. Мастуранинг сумкачасини олиб, канал бўйига чиқдим. Қоровулни кўриб, фикримдан қайтдим. Сумкачани каналга ташлаб юбордим. Келаси куни туман марказига чиқиб иккита қоп олдим. Биттасини бошидан, иккинчисини оёғидан кийгизиб, тун ярмида томорқага кўмиб қўйдим. Бошига қоп кийгизаётиб, қулоғидаги тилло сирғасини ечиб олдим…”
Қотил шу тариқа жиноят изларини яшириб, жазодан қутулиб қолишга умид боғлайди. Гўё хотини ишга кетиб, қайтиб келмаганини рўкач қилиб, уни қариндошлари билан бирга излаб, бедарак кетгани ҳақида ариза ёзиб бериб, ўзини шубҳа-гумонлардан соқит қилишга уринади. Ҳовлидаги кўмиб қўйган жойидан жасад топилганини билгач эса, қочиб яширинади.
Суд рашк қилиб, асоссиз равишда суюқоёқликда айблаб, хотинининг жонига қасд қилган судланувчини 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш, амнистия актларини қўллаган ҳолда жазо муддатини тўртдан бир қисмга қисқартириш ҳақида ўз ҳукмини ўқиди.
Афсуски, узоқ муддатга хорижга чиқиб кетиш юқоридаги сингари фожиадан ташқари, ёш оилаларнинг барбод бўлиши каби нохуш оқибатларни келтириб чиқармоқда. Сароб кетидан қувган айримлар эса хорижда одам савдосининг қурбонига айланишмоқда. Республика Бош прокурорининг топшириқлари асосида хорижга узоқ муддатга чиқиб кетганларни аниқлаб, қайтариш, хориждагидан кам бўлмаган шарт-шароитли иш ўринларига жойлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юқоридаги каби жиноий қилмишларнинг, оилалар барбод бўлишининг олдини олади.
“Huquq-gazeta” нашрининг материаллари бўйича.
Шарҳлар