Вилоят соғлиқни сақлаш раҳбариятидаги порахўрлик

Вилоят соғлиқни сақлаш раҳбариятидаги порахўрлик

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосари И.Жумашевни ўз мансабини суистеъмол қилгани ва порахўрлиги учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди, деб ёзади “12news.uz” нашри.

Вилоят суди вакилининг маълумотларига кўра, айбланувчи Тошкент шаҳрига хизмат сафари чоғида икки марта вилоят эндокринология диспансерининг бош шифокори Ш.Хўжаев ва вилоят Руҳий ва асаб касалликлари диспансерининг бош шифокори К.Отажонов ҳисобидан авиачипта харид қилган.

Шунингдек, И. Жумашев ишга жойлашишга ёрдам бергани учун фуқаро Г.Қурбонбоевадан 700 АҚШ доллари (Хоразм вилоят перинатал маркази бош шифокори лавозимига), воситачи орқали И.Сайидовадан 700 АҚШ доллари (онкология диспансерининг реанимация бўлими ҳамшираси лавозимига), Н.Йўлдошевадан 400 АҚШ доллари ва 500 минг сўм (вилоят перинатал марказининг реанимация бўлими ҳамшираси лавозимига) миқдорида пора олган.

Тергов давомида И.Жумашев аттестация комиссияси раиси бўла туриб, ўрта бўғин соғлиқни сақлаш ходимлари ва фармацевтларни аттестация қилиш пайтида ҳам  ўз мансабини суистеъмол қилган. Хусусан, 2011 йил апрелида Янгибозор тиббиёт бирлашмасининг 17 нафар ходимидан йиғилган 850 000 сўм пулни воситачи орқали олган, кейин яна 16 та ходимдан тўпланган 800 000 сўм миқдоридаги пулни олган. Шунингдек у Боғот тумани бирлашмасининг 30 нафар ходимидан 1 млн 450 000 сўм, Хива тиббиёт бирлашмасининг ҳамшираси Х.Машарипова ва М.Абдуқодировадан воситачи орқали 200 000 сўм, Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм вилоят филиалининг 9 нафар ходимидан бош ҳамшира З.Шекербаева орқали 900 000 сўм пора олган. Ушбу маблағлар эвазига у тиббий ходимлар аттестациядан ўтгани ҳақидаги ҳужжатни имзолаган.    

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.