Давлат алдовни кўтармайди

Давлат алдовни кўтармайди

Хоразм вилоят назорат-тафтиш бошқармаси ходимлари томонидан Қўшкўпир туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида ўтказилган текширувлар натижасида марказнинг етти нафар ходими туманда фаолият кўрсатаётган корхона, ташкилотларнинг ўзларига тақдим этган ҳисоботларига қўшимча рақамлар киритиб, ҳужжатларни қалбакилаштиргани маълум бўлди.

Марказ ходимлари 280 та янги иш ўринлари яратилгани ҳақида вилоятга сохта маълумот берган. Жумладан, А. Мамасоли 2013 йил январдан декабрга қадар қишлоқда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 35 та иш ўрнини такроран ёзиб, ҳужжатни қалбакилаштирган. Шунингдек, у тумандаги «Соҳибқирон», «Нурмат бўёқчи» хусусий корхоналари, «Ҳабиб Яшин», «Паризода Яҳёбек», «Шоназир-Шерзод» фермер хўжаликлари ва Оҳунбоев номли қишлоқ врачлик пунктида бир нечта янги иш ўрни яратилди, деб ҳужжатларга ёлғон маълумотларни киритиб қўйган.

Марказнинг бошқа бир ходими Қотоғон қишлоғида фаолият кўрсатаётган хусусий корхоналар ва фермер хўжалигида 15-20 тадан янги иш ўринлари яратилгани ҳақида қалбаки маълумотлар киритиб, расмий ҳужжатни сохталаштирган. Шунингдек, марказда фаолият юритувчи бошқа ходимлар ҳам ўз ҳудудларида иш ўринлари ташкил этилиши тўғрисидаги маълумотларни қалбакилаштирган.

Марказдаги расмий ҳужжатларни кўздан кечириш асносида қонунбузар инспекторлар ўз зиммаларига топширилган вазифаларни бажаришда ҳам сохтакорликка йўл қўйгани кўриниб қолди.

Қўшкўпирлик қонунбузар инспекторларнинг қинғир ишлари фош бўлиб, суд томонидан уларга нисбатан одилона ҳукм чиқарилди, деб ёзади “Дарё” нашри Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетасига таянган ҳолда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.