Жараён бошландими?

Жараён бошландими?

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ЎзР Қонуни қабул қилинганидан кейин тўрт ой ўтиб, Тошкент  шаҳар ҳокимияти ушбу қонунни бажаришга киришган кўринади.

Шу йилнинг ноябрь ойидан бошлаб ҳокимият шаҳарликларни пойтахт йўлларида режалаштирилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳақида хабардор қилишга қарор қилди. Қонун қабул қилинганидан сўнг тўрт ой ўтиб, ҳокимият аҳолини хабардор қилиш учун турли хизматларнинг маълумотларини бир жойга тўплайдиган “тизим”ни ишлаб чиқишни бошлади.

Электр энергиясининг ўчирилиши ҳақида ҳам олдиндан хабардор қилинса яхши бўларди. Шунда турмуши электр энегриясига жуда боғлиқ бўлган кичкина фарзандлари бор оилалар ва пенсионерлар шаҳар энергетикларининг кутилмаган нохуш “совға”ларига тайёр турарди. Газ босимининг пасайиб кетиши, автобус йўналишларининг ўзгариши, кўчаларнинг ёпиб қўйилиши… бу рўйхатни ҳали анча тўлдирса бўлади.

Ҳокимият ахборот хизматининг раҳбари Хусан Эрматов «Газета.uz»даги ҳамкасбларимизнинг  таъмирланаётган йўллардаги вақтинчалик ноқулайликлар тўғрисида  фуқароларни, яъни солиқ тўловчиларни хабардор қилиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ушбу ахборот хизмати ходимлари “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ЎзР Қонунини ўқиб чиқса ва ўз хизматларининг асосий вазифаси бўлган ишни ўзлари бажара бошласа ёмон бўлмасди. Журналистлар ҳам бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашига ишончим комил.  

Шунингдек, ҳокимият эзгу ишни бошлар экан, бу даргоҳга келадиган хатлар ва мурожаатлар билан ишлашни тартибга солса ҳам нур устига аъло нур бўларди.

 «Анҳор.уз» таҳририяти носоз лифтларнинг таъмири бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимиятларидан ҳамон жавоб олгани йўқ. Қонун бўйича ОАВнинг сўровига жавоб бериш учун етти кун белгиланган бўлса-да, таҳририят ўз мурожаатига 19 сентябрдан буён жавоб кутмоқда.

Худди шундай, мавзелар ичидаги йўлларни таъмирлаш жадвали ҳақида маълумот бериш бўйича йўллаган хатимизга Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ва шаҳар ҳокимиятининг жавобини кутаётганимизга тўрт ойдан ошди.

Бугун биз йўлларнинг сифатсиз таъмирига эътибор қаратиб ўтирмоқчи эмасмиз. Бугун биз давлат амалдорлари оддий фуқаролар ва ОАВнинг саволларига қуруқ расмиятчилик услубида ёзилган маълумотномалар билан эмас, балки  эътиборли, масъулиятли тарзда жавоб беришлари кераклиги ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Бу риторик савол бўлиб қолмаслигига жуда умид қиламиз…

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.