Чироқ ва газ – фақат биздамас?

Чироқ ва газ – фақат биздамас?

Ҳавонинг кескин совуб кетиши пойтахт аҳолисига нохуш “совға”ларни олиб келяпти. Биз биринчи қор ёғиши билан Тошкентнинг айрим туманларида газ йўқолгани, бошқаларида эса газ босими тушиб кетгани ҳақида сўз юритгандик.

Бугун эса тошкентликлар газ босимининг тушиб кетиши билан бир қаторда электр-энергиясида ҳам узилишлар пайдо бўлгани ҳақида хабар беришмоқда. Бундай хабарлар ижтимоий тармоқлардаги “Общественный контроль” гуруҳларида фаол муҳокама қилинаётир. Чироқ ва газнинг тез-тез ўчиши ҳақидаги хабарларга Anhor.uz таҳририятига келаётган шунга ўхшаш мурожаатлар ҳам қўшиляпти.

Газ ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар шаҳарнинг деярли бутун ҳудудини – чекка жойлардан тортиб, марказгача (Аэропорт, “Госпитальный”, Бектемир, Мирзо Улуғбек туманидаги Гулсара кўчаси, Алгоритм, Қорақамиш, Жомий майдони ва ҳ.к.) – қамраб олди. Хасанбой ва Келес аҳолиси эса газ умуман йўқлиги, электр-энергияси эса мунтазам равишда ўчаётгани ҳақида маълум қилишмоқда. Ҳокимиятга қўнғироқ қилиб тушган айрим фуқароларнинг сўзларига кўра, ҳокимиятдагилар ушбу муаммоларнинг сабаби ҳақидаги саволга “Нима бўпти? Биздаям электр йўқ” деган жавобни берган.

Тошкентни газ ва электр энергияси билан таъминлаш учун масъул бўлган ташкилотларнинг бу борадаги тушунарли изоҳини олишни ҳамда юзага келган аҳволни яхшилаш учун улар томонидан қандай чоралар кўрилаётганини билишни истардик.  

Бугун ҳамкасб-журналистлар “Тошкентгазтаъминот” кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишларини якунлагани ҳақида хабар беряпти. Хусусан, “Тошкентшаҳаргаз” филиали вакилларининг сўзларига кўра, пойтахтда “учта газ тақсимлаш станциясини ўз ичига олган ўзига хос газ таъминоти тизими фаолият кўрсатмоқда. Бунинг натижасида газ босими шаҳарнинг барча ҳудудига тенг тақсимланмоқда”. Бироқ охирги кунлар шуни кўрсатдики, ушбу “ўзига хос тизим”, юмшоқроқ қилиб айтганда,  пойтахтдаги тураржойларда “тенг тақсимланишни” таъминламаяпти.

Тошкент шаҳридаги газ ва электр энергияси билан боғлиқ ушбу муаммолар (олдин айтиб ўтганимиздай, вилоятларда бу одатий ҳолга айланган) хориж мамлакатларига қилинаётган табиий газ ва электр энергияси экспортининг барқарор равишда яхшиланиб бораётган кўрсаткичлари фонида юз бермоқда. Хусусан, янги 2015 йил бошидан Ўзбекистон бизга дўст бўлган Хитой Халқ Республикасига газ экспортини йилига 6 млрд кубометрдан 10 млрд кубометргача оширмоқчи. Шунингдек, республикамиз мунтазам асосда қўшни Афғонистоннинг сезиларли қисмидаги, шу жумладан пойтахт Кобулдаги кўчалар ва уйларни ёритиш учун электр энергиясини сотмоқда.

Шубҳасиз, тобора ошиб бораётган экспорт ҳажмидан фақат хурсанд бўлиш мумкин, чунки у давлат бюджетига катта валюта тушумини олиб келади. Бироқ мамлакат ичкарисида ҳам ҳар қандай об-ҳавода доимий равишда электр энергияси ва газ бўлиши учун барча зарур чоралар кўрилиши шарт. Акс ҳолда “Чироқ ва газ – фақат биздамас”, дейишимиз қолади, холос.  

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.