Ёмғирларни тақиқлаб қўямизми?

Ёмғирларни тақиқлаб қўямизми?

 Кузги ёмғирлар мавсуми бухороликлар учун ҳақиқий синовга айланмоқда, дея хабар беради “Восточный экспресс” нашри.

Хусусан, Бухоро шаҳридаги 5-микрорайон А.Жомий кўчасидаги кўп хонадонли уйлар аҳолиси шу ҳафтада бошланган ёмғирлардан кейин энди ҳар куни эрталаб кўлмаклар ва лой йўлкалар каби тўсиқларни енгиб ўтишига тўғри келяпти. Оддий шаҳарлик қатнов йўлига чиқиб, ишга етиб олиши учун улкан кўлмак ёнида бирор қуруқ жойни излаган ҳолда ҳақиқий акробатик ҳаракатларни амалга оширишга мажбур. Агар бу пайтда автомобиль ўтаётган бўлса-чи? Энг яхши ҳолатда эрталаб тозаланган пойабзал ҳақида унутишга тўғри келади…    

Бу кўчада жойлашган айрим уйларнинг аҳолиси эса ёпиқ халқа ичида қолиб кетган. Ҳовлидан чиқадиган биргина йўл шу ерда янги биноларни қуриш жараёнида ишчилар томонидан лой ботқоғига айлантирилган.

Фотосуратдаги қурилишга бироз тўхтаб ўтамиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларини ободонлаштириш бўйича ишларни ташкил этиш қоидалари”нинг VII бўлимига мувофиқ бутун қурилиш ҳудуди эстетик кўриниш ва қурилиш ишларини бажариш жараёнида хавфсизлик техникасига амал қилиш мақсадларида девор билан тўсиб қўйилиши зарур. Бироқ қурувчилар фақат олд томонга, яъни йўлнинг қатнов томонига тўсиқ қўйиб, орқа томонини очиқ қолдирган.

Қурилиш ишлари натижасида одамлар ишдан ёки бозордан уйига қайтадиган йўлка ёмғирдан сўнг лой ботқоғига айланди. Энди пиёдалар айланма йўлларни излашига тўғри келяпти.

Шаҳар марказидаги тоза ва текис йўлларни таққослар эканмиз, қачон Бухородаги бошқа кўчалардан уларни “безаб” турган ўнқир-чўнқирликлар, паст-баландликлар йўқолади, бухороликлар эса ўтиши қийин бўлган бу йўллардан қўрқмасдан бошини баланд кўтариб шахдам қадамлар билан ўтади?

Шу ўринда бухоролик ҳамкасбимиз томонидан тилга олинган муаммолар пойтахтдаги айрим кўчалар ва бошқа вилоятлардаги шаҳарларга ҳам хослигини таъкидлашни истардик. Бундай бемазагарчиликларни бартараф этиш учун масъулият бевосита ҳокимликларнинг зиммасида бўлади. Ёмғирлар ҳеч қаерга йўқолиб қолмайди. Шундай экан, фақат бир нарса қолади – бу ишлар учун жавобгар бўлган ташкилотлар ўзларининг бевосита вазифасини сифатли бажаришни ва шаҳарлар инфратузилмасини тегишли тарзда ушлаб туришни бошлаши керак.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.