Хориждан иш таклиф қилинганида алданиб қолмаслик учун тартиб-қоидалар

Хориждан иш таклиф қилинганида алданиб қолмаслик учун тартиб-қоидалар

Албатта, ҳар бир яхши ниятли инсон меҳнат қилиб фаровон ҳаёт кечирсам, дейди. Лекин, бу истак инсонни зинҳор хўрлик ва зорликка маҳкум қилмаслиги керак. Ўтган асрнинг сўнгги йилларида маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида “одам савдоси” ёки “траффик” юридик атамаси тез-тез ишлатила бошланди. Йигирма биринчи асрга ҳам “мерос” бўлиб ўтган бу атама ҳақида бугун ҳатто мактаб ўқувчиси ҳам муайян тасаввурга эга. Бироқ, барибир, айримлар ё билиб, ё билмай қимматли ҳаётини гаровга қўяётгани ачинарлидир…

Хориждан ўзига иш таклиф қилинаётган фуқаро энг аввало нималарни билиши керак?

Хориждан ўзига иш таклиф қилинаётган фуқаро ва иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаси имзоланиши керак. Меҳнат шартномасида (контрактда) ишнинг барча шартлари, жумладан характери, муддати, ойлик маош миқдори, ижтимоий кафолатлар қайд этилган бўлиши керак.

Масалан, Россия, Қозоғистон, Корея давлатларида ишлашни истаганлар қаерга мурожаат қилиши мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 505-сонли Қарорига биноан республикамизда ташқи меҳнат миграцияси масалалари фақатгина Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги ваколатли идора – Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги ҳамда Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича Тошкент, Фарғона, Нукус, Бухоро, Қарши минтақавий бюролар зиммасига юклатилган.

Шунингдек, 2006 йилда Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ўртасида “Бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш тўғрисида” икки давлат вазирликлари ўртасида ўзаро имзоланган Меморандумга асосан амалга оширилади.

Бошқа давлатлар билан хусусий шартнома асосида амалга оширилади.

Хусусий меҳнат шартномалари бўйича чет элларда ишлашни хоҳловчилардан қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Фуқароларнинг хусусий меҳнат шартномалари бўйича чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш белгиланган шаклга мувофиқ бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Мазкур рухсатнома берилганидан кейин фуқаролар чет элга чиқишни расмийлаштириш учун ўзлари яшаб турган жойдаги Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлинмаларига ариза билан мурожаат қиладилар.

Бундан ташқари хусусий меҳнат шартномасига эга бўлган фуқаронинг чет элда ижтимоий муҳофазаланишини таъминлаш мақсадида фуқаро томонидан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига тегишли ҳужжатлар нусхалари тақдим этилади.

– ариза;

– хорижий фирмадан (иш берувчидан) олинган давлат тилига таржима қилинган, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғурта кўрсатилган, шунингдек меҳнат визаси (EMPLOYMENT VIZA) билан таъминлаш борасида иш берувчининг мажбурияти назарда тутилган ҳолда нотариал тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасаси томонидан легализация қилинган контракт нусхаси;

– иш берувчи тўғрисидаги қисқа маълумотлар;

– маълумотнома-резюме;

– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли шаклдаги соғлигининг ҳолати тўғрисида маълумотнома.

Иш бериш учун шартнома неча йил муддатга тузилади?

Фуқаро Корея иш берувчиси билан уч йил муддатга меҳнат шартномаси тузади. Меҳнат шартномаси муддати тугагач, фуқаро иш берувчи билан келишилган холда шартномасини икки йиллик муддатгаузайтириши мумкин. Юқорида баён қилинганларга биноан шартнома узайтирилган тақдирда мазкур шартноманинг умумий муддати беш йил ҳисобланади.

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ БОРМИ?

Хориждан ўзига иш таклиф қилинаётган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида жорий этилган  8.371.214-30-76; 8.371.214-54-36 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкин.

Ушбу маълумотларни “Даракчи” нашри “Pressnews.uz” сайтини манба қилиб кўрсатган ҳолда чоп этди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.