Биометрик паспорт олиш учун узун навбатлар юзага келмоқда

Биометрик паспорт олиш учун узун навбатлар юзага келмоқда

Ўзбекистон фуқаролари 2015 йил, 31 декабрга қадар янги биометрик паспортлар билан таъминланишлари керак. Шу кунларда паспорт тарқатиш идораларида бор имкониятлар ишга солиниб, тиқилинч жадвал бўйича ҳаракат қилинмоқда. Лекин муддат тугайдиган санагача барча аҳолига паспорт тарқатиб бўлинишига ишониш қийин, деб ёзади “Кун” нашри.

Ижтимоий тармоқларда, хусусан, “фейсбук” сайтидаги “Потрибетиль.уз” гуруҳи интернет фойдаланувчилари бу борадаги ишлар 2016 йил баҳоригача давом этишини тахмин қилишмоқда. Чунки, бир қанча гуруҳ аъзоларининг маълум қилишича, паспорт идоралари вакиллари томонидан уларга 2016 йилнинг февралида келиш учун навбат талонлари ёзиб берилган.

Қайд этиб ўтиш керакки, паспорт олишга талабгорларнинг кўпайиши туфайли, ишлар ҳар қанча жадаллаштирилмасин, паспорт тайёр бўлиш муддати энди аввалгидек 1 ҳафтага эмас, 2 ойга ҳам чўзилмоқда.

Бу масалага ойдинлик киритиш учун республика ИИБ матбуот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилдик, лекин қўнғироқларимизга жавоб берилмади. Миробод ва Олмазор туманларидаги паспорт тарқатиш идоралари вакиллари билан гаплашганимизда эса навбатлар кўплиги хақидаги хабарлар тасдиқланди.

Ички Ишлар Вазирлигининг сайти mvd.uz да муддатнинг яна чўзилиши ҳақида хабар эълон қилинмаган, дея қайд этади нашр.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.