Фарғона вилоятидаги корхона ўз ишчиларининг 12 млн сўмдан зиёд маошини бермагани аниқланди

Фарғона вилоятидаги корхона ўз ишчиларининг 12 млн сўмдан зиёд маошини бермагани аниқланди

Фарғона вилояти Ёзёвон туманининг Қоратепа қишлоғида истиқомат қилувчи шахс «Қува пахтани қайта ишлаш заводи» акциядорлик жамиятига мавсумий ишга кирганда оиласининг иқтисодий муаммоларини ҳал этишни, дастурхонини янада тўкин қилишни дилига туккан эди. Бироқ ўзига ҳисобланган иш ҳақини вақтида ололмади. Охир-оқибат нажот истаб, Фарғона вилоят адлия бошқармасининг «Ишонч телефони»га сим қоқди, деб ёзади “Дарё” нашри «Инсон ва қонун» материалига таянган ҳолда.

Мазкур мурожаат бош­қарма мутахассислари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, 2013 йил 1 апрелда Қоратепа қишлоғида яшовчи шахс ва жамият ўртасида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги 48-сонли шартнома тузилган. Шартноманинг амал қилиш муддати 2013 йил 1 июлгача бўлган, яъни фуқаро уч ой муддатга ишга қабул қилинган. Унга 1 миллион 65 минг сўм иш ҳақи ҳисобланган, бироқ июнь ойида фуқарога 160 минг сўм берилган, холос. Қолган 905 минг сўмни тўлашни эса жамият ҳисобчилари пайсалга солиб келган. Ваҳоланки, бажарилган ишлар далолатномасига асосан ҳар ойлик иш ҳақи кейинги ойнинг 5-санасига қадар тўланиши лозим эди.

Қоратепалик ўз мурожаатида иш ҳақини вақтида ололмагани натижасида жамоаси, қариндош-уруғ ва қўни-қўшнилари орасида обрў-эътиборига путур етганини маълум қилиб, иш ҳақи билан бирга маънавий зарар ҳам ундириб беришни сўраган.

Айни мурожаатни ўрганиш мобайнида «Қува пахтани қайта ишлаш заводи» АЖ мутасаддилари яна 15 нафар ишчининг 11 миллион 954 минг 590 сўмлик иш ҳақини тўламаганлиги аниқланди. Шу боис вилоят адлия бош­қармаси томонидан қоратепалик фуқарога тўланмаган 905 минг сўм иш ҳақи ва 1 миллион сўм маънавий зарар ундириш, 15 нафар ишчининг эса 11 миллион 954 минг 590 сўмлик иш ҳақини ундириш юзасидан суд буйруғи чиқаришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво ариза киритилди.

Суд мажлисига қадар жамият томонидан қоратепаликнинг иш ҳақи тўлаб берилди. Бинобарин, суд 15 нафар ишчининг иш ҳақини ундиришга оид суд буйруғи бериш баробарида даъвогарнинг маънавий зарар ундириш ҳақидаги талабини 500 минг сўмга қаноатлантирди. Маънавий зарар жамият раиси ва бош ҳисобчисидан ундирилди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.