Конституция куни – оддий кун эмас

Конституция куни – оддий кун эмас

Бугун Конституция Куни. Дам оладиган кун, тўйиб ухлаш, ўзингизни оилангиз ва яқинларингизга бағишлаш учун яхши имконият… Агар сиз ҳеч қачон қўлингизга Конституцияни олиб варақлаб кўрмаган бўлсангиз ёки буни қилганингизга анча вақт бўлган бўлса, бугун давлатнинг Асосий Қонуни билан танишиш ёки уни яна бир эслаш айни муддао бўларди.  

Конституция – шунчаки қонунлар тўплами эмас. У ҳар биримизга дахлдор бўлган ноёб ҳужжат, шу боис уни билиш шунчаки қизиққанингиз учун, эмас, айнан ўзингизнинг қонуний ҳуқуқларингизни билиш учун керак. Ҳуқуқлар эркинликлардан нимаси билан фарқ қилиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Айнан Конституция инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига олий юридик кучни беради, унинг ор-номуси ва қадр-қимматини ҳимоя қилади.

Мен ҳам ушбу материални ёзишга киришар эканман, ишлаш ва сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқ ва эркинликларимни амалга оширяпман. Чунки буни менга Конституция кафолатлайди.

Конституция – мамлакатдаги барча қонунларнинг асоси, ҳар қандай маданий давлат ҳаётининг пойдеворидир. Ҳар бир фуқаро Конституцияга ўз муносабатини ўзининг ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шакллантиради.

Кимдир ўз ҳуқуқларини муваффақиятлироқ амалга оширади, чунки ўз муаммоларига нисбатан эътиборни, ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурматни ҳис қилади, кимдир эса амалдор шахснинг ман-манлиги, лоқайдлиги, дағдағасига дуч келади, бу эса одамлардаги давлат машинасига, қонун устуворлигига бўлган ишончнинг йўқолишига олиб келади.

Бундай умидсизлик натижасида ҳаётда қонун эмас, балки таниш-билишчилик ва келишиб олиш қобилияти муҳим деган фикр шаклланиши мумкин.  Бу эса, биринчи навбатда, Конституциянинг нуфузига путур етказади, уни мамлакатнинг асосий қонунидан оддий китобчага айлантириб қўяди.

Айнан шу ерда ҳар биримизнинг фуқаролик позициямиз муҳим, яъни кимдир ўз нафсонияти, шахсий манфаатлари, такаббурлиги туфайли фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини топтаганида бунга бефарқ бўлмаслигимиз, индамасдан турмаслигимиз муҳим.

Дўстлар, сизларни Anhor.uz таҳририяти номидан Конституция Куни билан табриклаймиз! Сизларга саломатлик ва бефарқ бўлмасликни, Конституция ва конституцион ҳуқуқларимизни ҳимоя қила олиш қобилиятини тилаб қоламиз.

Лола Исламова, Anhor.uz бош муҳаррири 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.