Соғлиқни сақлаш тизими қандай касалликка чалинган – 2

Соғлиқни сақлаш тизими қандай касалликка чалинган – 2

 Anhor.uz таҳририятига Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқхона ходимлари мурожаат қилди. Маълум бўлишича, уларни ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбур этишган.

Ишдан бўшаган олти нафар ходима орасида туғруқхонада 10 йилдан ортиқ меҳнат қилган ва шу пайтга қадар иш фаолияти бўйича ҳеч қандай гап-танбеҳ эшитмаган мутахассислар ҳам бор, уларнинг баъзилари вояга етмаган фарзандларни тарбияламоқда.

Аёлларнинг айтишича, бундан олдин онкология клиникасида ишлаган туғруқхона бош шифокорининг ўзи, ушбу муассасада норасмий онкологик гинекологик операцияларни ўтказгани ҳолда, бир неча бор расмий кўрсатмаларни қўпол равишда бузиб келган.   

Мазкур воқеа туғруқхона Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан текширилганидан кейин содир бўлганини инобатга олиб, таҳририят бошқармага хат йўллади ва унда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги  ЎзР қонунларига мувофиқ якуний маълумотноманинг нусхасини тақдим этишни сўради.   

Туғруқхона давлат муассасаси ҳисоблангани ва у аҳолига тиббий хизматларни кўрсатгани боис, таҳририят ушбу муассасанинг аҳволи ҳақидаги маълумотнома махфий ҳужжат бўлиши мумкин эмаслигига ёки унга бошқа грифлар қўйилмаганига ишончи комил эди.  

Демак, бу ердаги беморлар ва туғруқхонага ўзлари учун энг қимматли бўлган она ва болани ишониб топширган инсонлар ушбу муассасанинг фаолияти ва бу ерда нималар қилинаётгани ҳақида ипидан-игнасигача, тўлиқ ва шубҳасиз билиш ҳуқуқига эга.

Таҳририят олиб борган суриштирув давомида кадрлар статискасини, яъни ишдан бўшатилганлар ва бўшаганлар сонини, шунингдек охирги икки йил ичида, яъни туғруқхонанинг янги раҳбари ишлаётган даврда ишга қабул қилинганлар сонини аниқлашни истагандик. Бизга номларсиз статистиканинг ўзи керак эди, бизни ишдан бўшаганлар ва ишга қабул қилинган ходимларнинг малакаси қизиқтирганди.  

Ишдан бўшатилганлар нима айб қилганини, ўрта бўғин тиббий ходимлари учун иш ўринлари танқислиги пайтида улар нега “ўз хоҳишига кўра” ариза ёзишга мажбур бўлганини билишни истардик. Нега энди тажрибали ходимлар шунчаки кўчага ташлаб қўйилди, ахир тиббиёт соҳасида иш тажрибаси малаканинг муҳим мезонларидан бири экани барчага маълумку.

Албатта, биз аёллардан таҳририятга расмий шикоят ёзишларини сўрадик ва бу борада суриштирув ўтказишга ваъда бердик. Бироқ, тан олиш керакки, улар бу ишдан воз кечишди. Уларнинг сўзларига кўра, раҳбарият билан муносабатларни бу тарзда бузгандан сўнг Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тизимида иш топиш амримаҳол.

Шу ерда мавзудан бироз четга чиқишни ўринли деб биламан. Ишдан бўшатилган аёлларнинг миясига касаба уюшмасига мурожаат қилиш фикри келмаган ҳам, чунки улар касаба уюшмасини оромгоҳлар ва санаторийларга имтиёзли йўлланмаларни ажратадиган, янги йил концертларига чипталар тарқатадиган ташкилот сифатида билишади. Улар касаба уюшмалари ишчиларнинг касбий манфаатларини муҳофаза қилувчи ва уларни раҳбарларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоя қилувчи ташкилот эканини хаёлларига ҳам келтирмаган.    

Бизнинг шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ёки туғруқхонани асоссиз танқид қилиш ниятимиз йўқ, биз шунчаки вазиятга аниқлик киритмоқчи эдик, холос. Одамлар буни расмий тарзда қилишдан қўрқаётгани, ҳамма бир-бирининг сирини яширишини айтаётгани, нима юз беришидан қатъи назар раҳбарлар билан тортишмаган маъқул деган фикрнинг мавжудлиги бизга ғалати туюлди. Айнан шу боис биз ёзма тарзда Шаҳар соғлиқни сақлашлаш бошқармасига мурожаат қилдик.   

Бироқ у ердан олган жавоб, юмшоқроқ қилиб айтганда, бизни ҳайратда қолдирди ва гумонларимизни тасдиқлади.

Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларининг фикрича, охирги икки йил ичида ишдан бўшаган ва ишга қабул қилинган ходимлар сони, уларнинг малакаси ҳақидаги маълумотлар тақдим этилиши мумкин эмас экан, чунки бу бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига даҳлдор эмиш (!).  

Шахссиз қуруқ статистик маълумотлар, рақамлар қандай қилиб шахси кўрсатилмаган жисмоний шахсларнинг эркинликлари, ҳуқуқлари ва бошқа қонуний манфаатларига зарар етказиши мумкинлиги номаълум. Бунинг устига Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ёки туғруқхонанинг қайси эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари зарар кўриши мумкин?  

Аксинча, бу ерда журналистларнинг ахборот тўплаш ва уни чоп этишга тааллуқли эркинликлари ва ҳуқуқлари бузиляпти. ОАВ фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми ҳисобланади, шундай экан таҳририят томонидан суриштирув ўтказилиши учун бирор мавзуга қизиқиб қолишнинг ўзи етарли эканини тушуниш ва буни қабул қилиш вақти етиб келди. Ушбу журналистик қизиқувчанлик жамият ривожининг, унинг ўзини-ўзи англашининг ажралмас қисми ҳисобланади.  Давлатимиз раҳбари раҳнамолиги остида биз барпо этаётган демократик ҳуқуқий жамиятда ОАВ ошкора тарзда бартараф этилиши керак бўлган камчиликларни ёритиб берувчи прожектор ролини ўйнайди.

Демак, қонун ҳамма нарсадан устун ва унга амал қилиш керак – бу шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Биз  кимгадир ёқмаётган ана шу ҳақиқатни бюрократик ёзишмалар ортида яширишга уринаётган  Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси, унинг юристи Ж.Сайдалиев ва раҳбари Б.Мамажонов ноҳақ деган фикрдамиз.  Бу ердаги амалдорлар ҳақиқатни излаш ва камчиликларни бартараф этиш эмас, балки қонуннинг ўзларига қулай моддасидан фойдаланиб, ўз обрўсини сақлаб қолиш билан шуғулланмоқда.   

Қонунлар амалдорлар томонидан ўзлари учун қулай тарзда талқин қилиниши тез-тез учраб туради. Мамлакат раҳбарияти куйиб-пишаётган қонун устуворлиги ўрнига, улар қонунни қаерга бурсанг, ўша томонга қараб кетаверади, деган ақидаги амал қилади. Шу тариқа, кўп ҳолларда қонун ҳақиқатан ҳам амалдорларнинг фойдасига ишлайди.  

Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг расмий жавоб хати, биринчидан, ушбу муассасанинг позициясидан, иккинчидан эса бу ерда ишлаётган ҳуқуқшуноснинг, демакки, ушбу тизимда ва унга қарашли муассасаларда ишлаётган ходимларнинг малакасидан далолат бермоқда. Бу ҳолда маназара янада қайғулироқ тус олади.

Биз, албатта, ушбу воқеага нуқта қўймаймиз. Энди ҳаммасини ипидан-игнасигача аниқламагунимизча,  диққат билан кузатамиз ва ўз суриштирувимизни олиб борамиз.

Лола Исламова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.