Нега Тошкент ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси шаҳарлари рўхатига киритилмаган?

Нега Тошкент ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси шаҳарлари рўхатига киритилмаган?

ЮНЕСКОнинг Жаҳон  мероси рўйхати тўхтамай усиб бормоқда ва ҳозирги кунда «танланганлар қаторига» 150 кўп шаҳарлар кирган. Бухоро, Самарқанд, Хива ҳам шу рўйхатда, Тошкент эса барча имкониятларга эга бўлсада, ҳали  ҳатто даъвогарлик ҳам қилмайди… Нега шундай?
  
Тошкент қадимги манзилгоҳ сифатида тасдиқланган 2200 йиллик тарихи давомида кўп вазиятларда  Марказий Осиё минтақасининг ривожланишига улкан таъсир кўрсатиб келган азим шаҳар.
 
Қатор олим ва экспертлар Тошкент Жаҳон мероси шаҳарлари рўйхатига киритилишга ҳамма асослари бор деб ҳисоблайди. Ушбу рўйхатнинг шаклланиши тарихидан маълумки, турли объектларни Жаҳон мероси рўйхатига киритилиши нафақат уларнинг ноёблиги билан, балки айрим давлатларнинг бошқарувининг сиёсий иродаси, мақсадлари ва ташкилотчилик қобилияти билан боғлиқ.
 
 ЮНЕСКО қумитасига тақдим этилиши лозим бўлган хужжатлар тўпламларини, ашёвий далилларни йиғиш ва тартибга солиш – анча мураккаб жараён ва Маданият вазирлиги, илмий институт ва марказлар, университетлар, турли фанлар мутаҳассислари, давлат ва ижтимоий ташкилотлар ҳаракатларини мувофиқлаштирилишни талаб этади. Шу сабабли давлат ёрдамисиз уни амалга ошириш мумкин эмас.
 
Anhor.uz Амир Тимур таваллуд топган кунининг 680 йиллигига бағишлаб тарих фанлари доктори Эльёр Каримовнинг мақоласини чоп этади ва шу билан Тошкент шаҳрини Жаҳон мероси рўйхатига қўшилиши учун шаклланаётган илмий асосга ўзининг камтарона ҳиссасини қўшганлигига умид боғлайди.    
 


Амир Тимур ва Тошкент

 
Турли адабиётларда Амир Тимур кўп ҳолларда Самарқанд ҳукмдори сифатида васф этилади. Лекин, афсус, шу билан бирга Амир Тимурнинг бошқа шаҳарларни бунёд этишга қўшган салмоқли ҳиссаси кўзга кўринмай, четда қолиб кетади. Шундай шаҳарлар орасида Тошкент энг кам тилга олинадиган, кўп ҳолатларда шу жиҳатдан унутилган шаҳар десак муболаға бўлмайди.
 
Тошкент худди Хива, Бухоро, Самарқанд каби қадимдан тарихан Марказий Осиёнинг «center of power» – энг катта куч марказларидан бири бўлиб келган. Куч маркази – бу ўз чегарасидан ташқарида жойлашган ҳудудларга маданий, иқтисодий, харбий ва сиёсий таъсир кўрсатадиган муайян минтақа. Тошкент шаҳри асрлар мобайнида шундай куч марказларидан бири бўлиб келган, лекин турли тарихий ҳолатлар, қарама-қарши манфаатлар тўқнашуви сабабли унинг шундай ўрни ва тарихимизга қўшган ҳиссасига муносиб ёритилмаган.
 
Амир Тимур Тошкентни қанчалик юқори қадрлаган ва ҳақиқатан ҳам шаҳримиз мен таърифлаганча аҳамиятли бўлганмикан деган савол туғилиши мумкин. Бу саволга аниқ ва шубҳасиз «ҳа» деган жавоб бериш мумкин. Бунга далил – Соҳибқиронинг («Икки хуршиднинг бахтли бирикмаси» – Амир Тимурнинг унвонларидан бири) Тошкентга билдирган эътибори.
 
Тарихий манбаалардан маълумки, Амир Тимур Тошкентга турли сабабларга кўра кўп ташриф буюрган. Бошқа масалалар билан бир қаторда Амир Тимур шаҳарни тиклаш, қудратли қилиб ривожлантириш билан жиддий шуғулланган. Ҳақиқатан ҳам қайта бунёд этган десак бўлади. Тимурнинг кўрсатмалирига мувофиқ шаҳар деворлари мустаҳкамланган, суғориш тизимлари такомиллаштирилган, янги каналлар қазилган, бузилган меъморий иншоатлар тикланган ва янгилари қурилган. Тошкент ўз муқаддас жойлари билан машҳур бўлган ва ҳукмдор уларга алоҳида эътибор кўрсатган.
 
Чингизхон истилосигача Тошкент «Мусулмон Уйғонишининг» муҳим қисми бўлган – 10-11 асрлар давомида маънавияти ва интеллектуал потенциали олий даражада ривожланган минтақа бўлган. Ўз давриниг буюк воизхонлари Абу Бакр Каффаль Шоши ва унинг сафдоши Хўжа Аламбардор Тошкент шаҳрида ижод қилишган ва кейинчалик шу ерда дафн этилишган. Абу Бакр Каффаль Шоши Тошкентда шафийлар мазҳабига асос солган (шафийя – исломнинг Сунна йўналишининг тўрт ҳуқуқий мактабларидан бири). Тошкент эса ушбу мазҳабни (шариат ҳуқуқининг йўналиши) Марказий Осиё ҳудудида тарқатувчи марказ бўлиб қолган.
 
Амир Тимур даврига келиб Чингизхон истилосидан катта зарар кўрган, азиятлар чеккан Тошкент тиклана бошлаган эди. Лекин, Тошкентни якуний тикланишини биз алабатта Амир Тимур номи билан боғлаймиз, чунки у шаҳарнинг илгариги маънавий, сиёсий ва ғоявий салмоғини тиклаб, унга минтақавий «куч маркази» мақомини қайтариб берди.
 
Амир Тимурнинг буюклиги у забт этган ҳудудлар билан чегараланмайди, лекин унинг саркарда сифатида танилганлиги ва шон-шарафи цивилизация хазинасига қўшган асосий, бунёдкорлик ҳиссасини ва шу сифатдаги тарихий ролини ўз соясига беркитган.
 
Амир Тимурнинг асосий тарихий хизмати биринчи навбатда – қудратли марказлаштирилган давлат барпо этганлиги. Муғуллар келганидан сўнг давлат тизими барбод бўлди ва ислом тарихда биринчи марта давлат дини ва ғояси мавқеини йўқотди. Амир Тимурнинг ёрдамида ислом ғоявий, аҳлоқий ва ҳуқуқий дунёқараш сифатидаги олдинги мавқеини тиклаб олди. Маъмурий реформа ва янгиликлар, давлат фармонларини чиқариш ўзига хослиги мусулмон дунёсининг катта қисмига таъсирини кўрсатди – фақат Тимурнинг авлодлари ва ворисларига эмас, балки ҳеч қачон ўзларини унинг тарафдорлари ёки Амир Тимурнинг давлат бошқаруви анъаналарини давомчилари бўлмаганларга ҳам.    
 
Амир Тимур олиб борган ички ва ташқий сиёсатида дин кучидан маънавий-мафкурвий омил сифатида самарали фойдаланишга муваффақ бўлди. Ўрта асрларда ўзаро низолар ва уруш-жанжалларда омманинг ижтимоий фикрини шакллантириш, мамлакатни тинчлигини сақлаш, аҳолини норозилигини қайтариш, исёнларни тугатишда ғалаба қозониш ёки уни қўлдан бой бериш кўп жиҳатдан шунга боғлиқ бўлган.
 
Соҳибқирон доно сиёсатчи сифатида нафақат ўз даврининг дин арбобларига, балки улардан олдин ўтган, устози ҳисобланган авлиёларга ҳам иззат-икром кўрсатган, ҳурматларини жойига қўйиб, иш юритган. Шу сабабдан унинг давлати ҳудудида муқаддас ҳисобланган зиёратгоҳ жойлар доим Амирнинг назорат остида бўлиб, уларни тиклаш ва ободонлаштиришга жиддий эътибор берилган. Амир Тимурнинг ушбу сиёсатининг натижаларини Тошкент шаҳри мисолида ҳам кузатса бўлади.
 
Кўкча дарвозаси яқинида Қуйи Арифон деган жойда (ҳозир Тошкент шаҳри ҳудуди) 13 асрда бутун мусулмон оламида мўътабар ҳисобланган суфийларнинг суҳравердийя тариқатининг Марказий Осиё тармоғи асосчиси шайх Зайн ад-дин Куй-и Арифони яшаб ўтган. У зот машҳур боғдодлик шайх Шиҳаб ад-Дин ас-Суҳравардининг (1234 й.в.э.) ўғли ҳисобланади. Отасининг кўрсатмасига биноан Зайн ад-дин Боғдоддан Тошкентга кўчиб келади ва шу ерда суҳравардийя хонакосини (суфийлар даргоҳи) ташкил этади. Тимурнинг даврига келиб шайх Зайн ад-диннинг мозори (мусулмон авлиёси дафн этилган жой) ачинарли ҳолатга келган эди ва Амир Тимур уни тиклаб, чиройли мақбарага айлантирди. У мақбара ҳозир ҳам Кўкчада жойлашган қабристонда мавжуд.
 
Яна бир гўзал тариҳий ёдгорлик – албатта Занги-ота комплекси. Амирнинг амри билан ясавийя таълимотининг шайҳи Занги-ота мозори ва унинг умр йўлдоши Анбар биби мозори (аёлларнинг ноёб зиёратгоҳ жойи) ободонлаштирлади, мақбаралар қурилди (албатта, бугунги кунга келиб давлатимиз раҳбари кўрсатмалари билан у ердаги зиёратгоҳ гузал ва замонавий тус олиб, янада ҳам кўркам бўлган).
 
Шу даврнинг ўзида Тимур Туркистонда Ахмад Ясави ёдгорлик комплексини ҳам бунёд эта бошлаган.
 
Амир Тимур барпо этган ясавийя шайҳларининг мозорларини қурилиш навбатлари тўғрисида кўпгина афсоналар мавжуд. Уларнинг барининг мазмуни – битта авлиёга мозор қуриш бошланганида, кечаси буқа келиб уни бузиб кетган ва шундан кейин эса башорат келган. Башоратнинг мазмуни – олдин ушбу авлиёдан илгари ўтган, ёки унинг устози ҳисобланган авлиёнинг мозорини қуриш лозимлиги.
 
Шундай қилиб, афсоналарга кўра буқа Ахмад Ясавийга қурилаётган мозорни, то Занги-ота мозори қурилиши бошланмагунча бузган, ёки Занги-ота мозорини унинг устози Ахмад Ясави мозори қурилиши бошланмагунча бузиб келган, ёки Ахмад Ясавийнинг устози Арслон Бобо мозори курилгунга қадар унинг мозорини қуришга йўл қўймаган.
 
Албатта афсона ва ривоятлар аниқ ва ишончли манбаа ҳисобланмайди, лекин бўшлиқда ҳам пайдо бўлмайди. Ўрта аср манбааларининг таҳлили Арслон Бобо сиймоси билан боғлиқ Марказий Осиё ҳудудида тарқалган суфийлар урф-одатлари ва анъаналари Тошкентга қараган минтақада пайдо бўлиб, ривожланган ва шу ердан тарқалган деган ҳулоса чиқаришга ишончли ва етарли асос беради.
 
Юқорида тилга олинган афсоналарнинг мазмуни устида фикр юритсак Тошкентга қилган ташрифлари орқали Амир Тимур ясавийя  авлиёлари ҳақида билим топган ва шунинг натижасида Занги-ота ва Ахмад Ясавиларнинг гўзал мақбаралари қурилиб, муқаддас зиёратгоҳлар барпо этилган. Айтганча, Туркистондаги Хўжа Ахмад Ясавининг мақбараси Козоғистоннинг ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ягона меъморий ёдгорлиги.  
 
Бундан ташқари ушбу афсоналар Амир Тимурнинг ясавийя тариқатининг асосий авлийёларининг маънавиятини тиклаш ва кучайтиришда ўйнаган тарихий оқилона ролининг тасдиғи ва далилларидан бири деса ҳам муболаға бўлмас.
 
Амир Тимур ўз вақтида шундай зийраклик билан ясавийя тариқатига эътибор кўрсатмаганида ундан деярли бир аср кейин яшаган Хўжа Ахрорнинг фаолияти амалга оширилиши гумон остида бўлиши ҳам мумкин эди. Амир Тимурнинг шаҳарнинг маънавий қудратини оширишга қаратган эътибори 15 асрнинг иккинчи ярмида улкан дин ва сиёсат арбоби тошкентлик Хўжа Ахрор пайдо бўлишига объектив равишда шарт-шароитлар яратганини ишонч билан таъкидласак бўлади. 15 асрнинг иккинчи ярмида Хўжа Ахрор Самарқандга кўчиб боради тимуридлардан бири – Абу Сайиднинг ҳукмдорлик даврида асосий роллардан бирини ўйнайди ва бутун фаолиятини Амир Тимурдан ворис қолган империянинг яхлитлиги ва барқарорлигини сақлашга қаратади.
 
Қисқа давр ичида Тошкентнинг геополитик марказ сифатидаги ўрни ва мақоми тикланади, куч топади ва ривожланади. Кейинчалик бу вазият Марказий Осиё тарихида улкан рол ўйнади, чунки 15 асрнинг катта сиёсат арбобига айланган Хўжа Ахрор ясавийия тариқатининг авлийёсининг силсиласини бошқа, шу даврга келиб суфий таълимотида катта кучга кирган хўжагон-нақшбандийя авлиёсининг силсиласи билан узвий боғлайди. Бу эса бир томондан шу даврнинг ажойиб афсонасини туғдиради, бошқа тарафдан эса маънавий равишда (демак – сиёсий ва ғоявий) Мовароуннахр, Хуросон ва Туркистондек улкан ҳудудларни яхлит давлат сифатида бирлаштиради.  Шундай улкан, бутун минтақа тақдирини белгилаган бу воқеада Тошкент маънавий-ғоявий марказ ролини ўйнаган.
 
Шу муносабат билан яна бир аҳамиятли комплекс, ва муқаддас зиёратгоҳ ҳисобланган шайҳ Хованд-и Тохур (Хўжа Ахрорнинг она томонидан аждоди) мозорини эслатиб ўтмоқ даркор. Кейинчалик, 15 асрда мозор атрофида Қалдирғоч-бий ва Тошкент ҳукмдори Юнусхоннинг мозорларидан ташкил топган меъморий ёдгорлик шаклланган.
 
Амир Тимурнинг Тошкенга бўлиб ўтган оҳирги ташрифи 1404 йилга тўғри келади. Ундан олдин улуғ ҳукмдор ўз империясини муайян қисмларини норасида набираларига тарқатган. Империянинг стратегик ҳудудининг марказига айланган Тошкент тўққиз яшар Улуғбекга инъом этилган.
 
Соҳибқироннинг Тошкент тарихига қўшган ҳиссасини ўрганиш ва таҳлил қилиш тарихнинг ҳали очилмаган ёки кам ўрганилган саҳифаларини очишга имкон беради ва Тошкентнинг Ватанимиз тарихига қўшган улкан ва бетакрор ҳиссасини чуқур ўрганиб, уни тўғри баҳолашга ундайди. 
 
Ушбу рисолани тайёрлашда академиклар Эдвард Ртвеладзе ва Юрий Буряков ҳамда тарих фанлари номзоди Маргарита Филанович ишларидан фойдаланилган.

Эльёр Каримов,
тарих фанлари доктори
фото: Ирина Попова

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.