Анхор оқшоми: 15 январ янгиликлари

Анхор оқшоми: 15 январ янгиликлари

Facebook, VK ва Youtube VPNсиз ишлай бошлади. 4 ойдан буён мамлакатимиз ҳудудида уларга тўғридан-тўғри киришни имкони йўқ эди. Айрим фойдаланувчилар ҳанузгача сервис хизматларига киришга оид муаммолар мавжудлигини қайд этишмоқда. Тармоқдагилар сервис хизматлари ишларининг қайта ишлаб кетиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга бўладиган сафари билан боғлиқ деган фикрни билдирмоқда.
 
“Ўзбекистон 24” телеканали репортёрларини Тошкентдаги Экопаркка қўйишмади. Бу боғда журналистлар йўловчилардан Экологик партия тузилгани хусусида интервью олиш ниятида бўлганлар.  Парк қўриқчиси улардан ёзма шаклдаги рухсатнома кўрсатишларини сўраган. Телеканал журналисти Фозил Жабборов ўз постида “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ оғзаки талаб ҳам расмий  ҳисобланишини қайд этган.
 
Андижонда вилоят ИИБнинг бир неча мансабдор шахслари ҳибсга олинган. Бош прокуратура уларга қарши жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Уларга,  хусусан, ваколатларини ошириш ёки ўз лавозим ваколатларини суистеъмол қилиш ҳамда ноқонуний ушлаб туриш ёки қамоққа олиш каби моддалар бўйича айбловлар қўйилган. “Озодлик” радиоси маълумотларига кўра, улар Президент Шавкат Мирзиёев аралашувидан сўнг ҳибсга олинган ва яна улар ишбилармонларни қийноққа солинганликда гумон қилинмоқда.
 
Марказий Осиё мамлакатлари Президентлари апрель ойида Тошкентда учрашишлари кутилмоқда. Бу Ўзбекистон ташаббусига кўра давлат раҳбарларининг иккинчи консультатив учрашуви бўлади. Биринчи учрашув ўтган йили Наврўз байрами арафасида Остона шаҳрида ўтказилганди.
 
Куни кеча Берлинда умумий қиймати 4 миллиард долларлик битимлар имзоланди. Бу  воқеа Ўзбекистон-Германия форуми доирасида рўй берди. Лойиҳалар қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, нефть-кимё ва энергетика соҳаларида амалга оширилади.
 
Яна
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ,  ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисидаги қарор жиноят ишини юритаётган, терговга қадар текширувни амалга ошираётган, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан қабул қилинади. Гувоҳларни ҳимоя қилишни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.