Анхор оқшоми: 22 январ янгиликлари

Анхор оқшоми: 22 январ янгиликлари

Қозоғистон миллий хавфсизлик Қўмитаси Ўзбекистонда Қозоғистон инсулини савдосига оид ишни синчиклаб кўриб чиқади. Қозоғистон соғлиқни сақлаш Вазирлиги Қозоғистон миллий хавфсизлик Қўмитаси ва Қозоғистон Бош прокуратурасига бу ҳақда расмий талабнома йўллади. Эслатиб ўтамиз, Anhor.uz чакана савдо қиладиган дорихоналарда қозоқ тилида тамғали инсулин игна-ручкалар сотилаётганини пайқади. Қозоғистон соғлиқни сақлаш Вазирлигидан маълум қилишларича, Ўзбекистонга бу инсулин игна-ручкалари қонуний кирган бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бавария бош вазири билан музокаралар олиб борди. Маркус Зёдер билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда немис компаниялари билан ҳамкорликда юқори технологияли корхоналар очиш, транспорт-логистика ва туристик инфратузилмаларини модернизациялаш истиқболларини муҳокама қилди.

UzCardда фейк сайти пайдо бўлганини маълум қилдилар. Компания келтирган маълумотларга кўра, номаълум шахслар uzcard.uz расмий сайтининг интерфейси нусхасини олиб, ўзларини Uzcard тўлов тизимидан эканликларини маълум қилиб, WEBSUM билан ҳамкорликда акция ўтказишларини эълон қилганлар. Товламачилар барча қатнашчиларга пул миқдорини бир неча фоизга кўпайтиришлари, эвазига фойдаланувчилар ўз карталари рақамини киритишлари ва қайтариш фоизидан ҳисобланадиган йиғиндини танлашлари имконини берадиган акция ўйлаб топганлар. Айни пайтда бу ҳолат юзасидан текширишлар олиб борилмоқда.

Тошкентда биринчи давлат хосписи пайдо бўлади. Хасталикнинг сўнгги босқичида бедаво дардга чалинган беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи тиббий-ижтимоий муассаса дастлабки босқичда 50 та ўринга мўлжалланади. Айни пайтда қурилиш учун жой танлаш ишлари олиб борилмоқда. Хосписни шу йилнинг сентябрь-октябрь ойларида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.