«Дарахтлар учун қўрқяпмиз»: Мирзо Улуғбек туманида йўл кенгайиши туфайли 35 та дарахт нобуд бўлиши мумкин

«Дарахтлар учун қўрқяпмиз»: Мирзо Улуғбек туманида йўл кенгайиши туфайли 35 та дарахт нобуд бўлиши мумкин

«Дарахтлар учун қўрқяпмиз». Бу сўзлар ортида Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи Алина Маматказинанинг хавотирлари яширинган. Ўз уйининг деразасидан йўлни кенгайтириш бўйича ишларни кузатаётганига ҳамда ҳокимлик ва жамоатчилик эътиборини ободонлаштирилаётган йўлда ўсиб турган 35 та катта дарахтга қаратишга уринаётганига роппа-роса бир ой бўлди. Январь ойи ўратсигача улар камида ўнта дарахтга кўп эди.  
 
Аёлнинг сўзларига кўра, биринчи дарахтни 27 январь куни йўқ қилишган.

– Уни кесишгани йўқ, экскаватор билан суғуриб олишди. Мен буни мобил телефонга суратга олдим ва Тошкент шаҳар эдавлат экология инспекциясининг ботига (@EcoControl_bot)  юбордим. Ҳеч қандай сас-садо бўлмади.

Шу куннинг ўзида Мирзо Улуғбек ҳокимлигининг телеграм-каналида “Саёҳат” меҳмонхонасидан “Лафарга” қабристонига олиб борадиган Буюк ипак йўли кўчасида таъмирлаш ишлари олиб бораётгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Йўлнинг бир томонидан 171-сонли мактаб, 2-шаҳар болалар жарроҳлик клиник касалхонаси, унинг қаршисида эса 117, 12 ва Алина Маматказина истиқомат қиладиган 119 уйлар жойлашган.  

Туман ҳокимлиги таъмирлаш ишлари заруратини “ушбу кўчада тиқилинчлар ҳосил бўлаётгани ва пиёдалар ҳаракати учун ноқулайликлар юзага келаётгани” билан изоҳламоқда. “Энди кўча реконструкция қилинади ҳамда алоҳида машина турадиган жойлар ва тротуарлар барпо этилади”, – дейилади ҳокимлик хабарида.

Биз “кўчанинг бўлғуси қиёфасини” телеграм-канал орқали ва мактаб ёнидаги баннерда кўрдик. Йўл, машина турадиган жойлар, дарахтлар – ва лойиҳа билан қайси компания шуғулланаётгани, таъмирлаш ишлари қачон якунланиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, алоқа телефонлари ҳам кўрсатилмаган.

– Нимани ва қандай қилишлари тушунарсиз. Дарахтлар учун қўрқяпмиз. Ҳаммаси ковланган, ёнига тош тўкилган, -дейди Алина Маматказина.

9 февраль куни экскаватор чўмичининг остига ўрик дарахти тушиб қолди. Уни аёл меҳр билан “менинг” дарахтим дейди.

– Баланд, мен яшайдиган тўртинчи қаватгача эди. Уни ёш қизчалигимдан эслайман, ўшанда бувимникига меҳмонга келардим. Ўзим бу уйда яшаётганимга 17 йил бўлди, ўу йиллар давомида ҳар баҳорда унинг гуллашини томоша қилардим. Учлари оппоқ гулларга бурканган. Ёзда қуёшдан асрарди, тунлари эса фонуслар ёруғидан. Энди деразамдан фақат чўлни кўраман – тўртта дарахтнинг ҳаммасини, ўрикни ҳам, йўқ қилишди.

Аёлнинг сўзларига кўра, 27 январдан 27 февралгача йўлни кенгайтириш ишлари давомида камида ўнта дарахт, буталар ва атиргуллар нобуд бўлган.
Кўчага чиқадиган уй олдидаги яшил ҳудудлардан бўр чизиқ излари қолган ва игнабарглиларнинг кўчатлари экилган ер парчаси қолди, бу кўчатлар йўқ қилинган ўсимликларнинг ўрнига экиб кетилган.

– Мени жуда ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, ишчилар тирик дарахтлардан кўра чироқли бетон устунларни авайлашарди, – дейди Алина Маматказина. – Бир устунни ердан 20 дақиқага яқин чиқариб олишди: аввал кичикроқ экскаватор уни эҳтиётлик билан ковлади, кейин, худди гўдакни ушлагандай, авайлаб юк машинасига юклади. Дарахтларни эса, гўёки бу ҳаётдаги энг кераксиз буюмдай, шунчаки экскаватор чўмичи билан ағдариб, тахлаб олиб кетишди.  

Аёл иккинчи марта Давлат экология қўмитасига мурожаат қилишдан олдин шахсан ўзи санаб чиққан қолган 35 та катта, соя берадиган дарахтнинг тақдири мамлакатда эълон қилинган мораторийга қарамасдан уни хавотирга солмоқда.

Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги Буюк ипак йўли кўчасини реконструкция қилишни ишониб топширган қурилиш ишлари бўйича мутахассис Равшан Сайфуллаев фақат йўл билан шуғулланишини, дарахтлар билан эса туман ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бўлими шуғулланаётганини айтади.

– Мактаб ёнидаги тўнкалар эски, улар биздан олдин пайдо бўлган. Биз – қурувчилар йўлни ҳокимлик лойиҳаси бўйича ҳашар усулида қиляпмиз. Наврўзгача якунлаймиз. Машиналар турадиган жойлар ва тротуарлар билан икки томонлама йўл бўлади. Ҳаммаси янгича, чиройли бўлади.
Мирзо Улуғбек ва пойтахт ҳокимликларида Буюк ипак йўли кўчасидаги реконструкция ишлари лойиҳаси ҳақида мақолани эълон қилиш пайтига батафсил маълумот ололмадик.

Таҳририятга ноқонуний кесилган ўнта дарахт фактини Давлат экология қўмитаси тасдиқлади. Ташкилот маълумотларига кўра, 2020 йил 28 январь куни Мирзо Улуғбек туман аҳолиси Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига ишонч телефони орқали мурожаат қилган. Улар Буюк ипак йўли кўчаси бўйлаб 119-уйнинг орқа томонида дарахтлар ноқонуний кесилаётгани ҳақида хабар берган.

Мирзо Улуғбек туман инспекцияси ходимлари воқеа жойига бориб, бир гуруҳ шахслар йўл-қурилиш ишлари кетаётганидан фойдаланиб, ўнта дарахтни ноқонуний кесганини аниқлаган.

«Текширув жараёнида далолатнома тузилди ва воқеа жойи кўздан кечирилди. Ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Улар ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 162 ва 79 моддалари бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳуқуқбузарлар жами 13 603 000 сўм жаримага тортилди. Улар ўсимлик оламига етказган умумий зарар 61 938 250 сўмни ташкил қилди», – дейилади Давлат экология қўмитасининг хабарида.

Қолган дарахтларнинг сақланишини Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси таъминлайди, ҳозир у вазиятни алоҳида назорат остига олган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.