Гулсанам (исми ўзгартирилган) кўргуликлари Ўзбекистонда ОИВ билан касалланган хотин – қизлар дуч келадиган муаммолар кўламини яққол ифода этади.

Гулсанамнинг отаси уни уйидан ҳайдаб чиқарган. ОИВ инфекцияси ташҳиси қўйилганлиги учун. Гулсанам ўз вақтида даволанмаганлиги асоратлари билиниб, аҳволи оғир бўлишига қарамай, ҳатто у даволанаётган шифохонадан ҳам қандай бўлмасин чиқариб юборишга уринишди.
Гулсанам шифохонадан ижтимоий ходим ҳамроҳлигида уйига қайтди, лекин отаси уни уйига қайтишига қарши бўлди. Чақиртирилган милиция ходими ҳам уни аҳлоқсизликда айблай кетди. Бу масалани ҳал этиш учун маҳалла қўмитаси аралашди.

Эвоҳ, у эндигина 17 ёшга тўлганида отаси уни мажбурлаб дўстининг ўғлига эрга берганида милиция ва маҳалла эътиборсизлик қилишди. Шўрлик эрининг калтакларидан қочиб келганида отаси Гулсанамни ҳомиладор ҳолида онаси билан пул ишлагани Туркияга мажбурлаб жўнатганида ҳам ички ишлар идоралари лоқайд бўлишди.

Энди у қаттиқ таҳқирга учраб, ота уйига қайтиб, боласини тарбиялашга имконияти бўлмаяпти.

Аввалги қисмда биз муаммонинг илдизлари ҳақида фикр юритган бўлсак, иккинчи қисмда унинг ечимлари ҳақида суҳбатлашамиз.
Евгения Короткова ва ЮНИСЕФ Гулсанамнинг тақдирига ўхшаш бундай воқеаларни камайиштириш мақсадида қуйидаги бир нечта ечимларни таклиф қилади.


Короткова: Мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик мавжудлиги тан олинганлиги мени қувонтирди.  Бунга “Гендер зўравонлигига қарши 16 кун” халқаро компаниясининг ўтказилиши имкон берди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалаларига оид қонун лойиҳаларини тайёрлашда миллий ва хорижлик мутахассислар билан фаол ҳамкорлиги йшлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси қонунчилик палатаси томонидан “Кундалик зўравонлик профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.  Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитасининг бу борадаги фаоллиги ҳам ўз самарасини бермоқда. Лекин ёрдам тизимий асосда эмас, фақат фавқулодда вазиятларда кўрсатилмоқда.

Аёлларда Гулсанамнинг тақдирига ўхшаш воқеалар такрорланмаслиги учун нима қилиш керак? Аввало оммавий ахборот воситаларида, мактаблар ва диний муассасаларда ҳаммага баробар гендер меъёрларни тарғиб қилувчи дастурлар бўлиши лозим. Шу билан бирга сиёсий қонунлар, Аёлларнинг бандлиги ва таълим олиш имкониятларини кенгайтирувчи қонунлар, сиёсат ва дастурлар зарур.


Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий хизмат, фуқаролик институтлари, ички ишлар органлари, оммавий ахборот воситаларидан иборат соҳалараро ёндашувни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.  Айниқса, бизнинг ташкилотимиз “Фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунига асосанланиб ОИТВга чалинган инсонларни таҳқирлаш ва камситилишига барҳам берувчи  махсус миллий ҳужжатини ишлаб чиқиш  жуда муҳим деб ҳисоблайди.



Мамлакат миқёсида шундай режа қабул қилиниши катта ғалаба бўлади!
Бу режада қўйидагилар киритилиши керак:
1. Қулай ҳуқуқий муҳит яратиш — ташҳис маҳфийлигини асраш хуқуқи. 
2. Тиббий муассасаларда ОИВ билан яшаётган инсонларга ва юқори хавф остида бўлган аҳоли гуруҳларига нисбатан бағрикенглик муҳитини яратиш.  Яқинда ЮНИСЕФ сен барибир ўлиб кетасан деганлари учун қизалоғини туғруқхонада қолдириб кетган Азима ҳикоясини эълон қилди. У ерда эса болага қон қуйиш оқибатида ОИВ юқтирилган.
3. Аҳолини  ОИТВ  касаллиги ҳақида сифатли маълумот билан таъминлаш, касаллик профилактикаси ва даволаш йўллари ҳақида хабардор қилиш, шунингдек, ОИТВга чалинган инсонларга яхши муносабатда бўлиш, уларнинг фуқаролик ва юридик ҳуқуқларини таъминлаш.
4. ОИТВ билан касалланган инсонларга ёрдам кўрсатаётган ННТни давлат даражасида қўллаб-қувватлаш.
5.  ОИТВга чалинган хотин-қизларнинг камситилишини бартараф қилишга қаратилган дастурларнинг ижро механизмини акс эттирувчи индикаторларини мунтазам  мониторинг қилиб бориш.

Ушбу тадбирлар давлат ва фуқаровий муассасалари ўртасида ОИВ билан яшаётган одамлар ҳамжамиятларининг фаол иштирокида узаро мувофиқлаштирилиши муҳим.

Anhor.uz:  Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ,  ҳеч ким ОИТВ учун қон топширишга мажбуран юборилмайди. Шунга қарамай, ҳар бир ҳомиладор аёл аввал ОИТВ учун қон топширишга йўллантирилади, сўнгра у рўйхатга қўйилади…

Евгения Короткова:  Бундай қоидага нафақат Ўзбекистонда, балки Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларда ҳам амал қилинади. Бироқ бу ерда бир жиҳатни ёдда тутиш муҳим. Мижозга тестга қадар ҳам, тестдан кейин ҳам консультация берилиши зарур.

ОИТВ учун тест ўтказишга жўнатилаётган аёлларга камида  15-20  дақиқа консультация (маслаҳат) берилиши даркор. Агар ҳомиладор аёлда ОИТВ-мусбат натижа бўлса, уни рўхатга олиб, ишлаш осон. Аксинча бўлса, тестгача берилган консультация  ОИТВни олдинини олишга илк қадам саналади.

Ўзбекистон ОИТВ ва сифилиснинг онадан болага ўтишига барҳам берилганлигини тасдиқловчи махсус сертификат олишга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳомиладор аёллар ўртасида профилактик тадбирлар ўтказилиши натижасида республика бўйича касалликни онадан болага ўтиши ҳолатлари сезиларли даражада – 0,3 фоизгача пасайишига эришилди.  Бу ОИТВ га чалинган ҳомиладор аёлларни ўз вақтида ташҳисини аниқлаш ва даволаш натижасидир. Шунингдек,  бу “Инсоннинг иммунтанқислиги вируси келтириб чиқарадиган хасталик тарқалишига қарши кураш ва шифохоналар ичидаги инфекцияларни олдини олишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг самараси ҳамдир. Қарорга асосан, ОИТВ-мусбат оналардан туғилган гўдакларни 6 ойлик бўлгунига қадар қуруқ сут қўшимчалари билан бепул таъминлаш учун давлат бюджетидан маблағлар ажратилди. Бу ҳам соғлиқни сақлаш соҳасининг аҳамиятли ютуғидир дея оламиз.

Anhor.uz  буни шарҳлаб бериши учун ЮНИСЕФга мурожаат қилди.

Anhor.uz:  2018 йил Ўзбекистон икки турдаги инфекция – ОИТВ ва заҳмни онадан болага ўтишига барҳам бериш мажбуриятини зиммасига олди. Бундай тўхтамга келишга қандайдир асослар борми?

ЮНИСЕФ: Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида долзарб муаммолардан бири бўлган, яъни ОИТВ ва туғма заҳмни онадан болага ўтишига барҳам бериш масаласида ижобий натижаларга эришди.  Мисол учун,  ОИТВнинг онадан болага ўтиши даражаси 2 фоизгача (бу кўрсаткич 2017 йилда – 0,3 фоиз ) ва туғма заҳм хасталиклари 0,5 фоизгача камайтирилди. Ҳозирда Ўзбекистон бу бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификатини қўлга киритиши учун ОИТВни онадан болага ўтишига барҳам берилаётганини тасдиқловчи далилларни келтириши жуда муҳим.

Anhor.uz: ЮНИСЕФ ОИТВнинг онадан болага ўтишини тугатиш мақсадида Миллий стратегия ва ҳаракат режасини ишлаб чиқишда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бермоқда. ЮНИСЕФ тарафидан қандай тавсиялар тақдим этилди?

ЮНИСЕФ:  ЮНИСЕФ молиялашни кўпайтириш орқали соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, инсон ресурслари салоҳиятини юксалтириш ва асосий хизматлар, дори-дармонлар ҳамда лабораториялар билан ишлаш қамровини яхшилаш юзасидан қатор тавсиялар берди. 
Энг асосийси, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизимида ОИТВ ва заҳм устидан эпидназоратни кучайтириш зарур.
ЮНИСЕФ ҳомиладор аёллар ва болаларда ОИТВ-инфекциясини эрта босқичида аниқлаш ва даволаш зарурлигини таъкидлайди.  Бунинг учун  тиббий хизмат турларини яхшилаш ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш муҳим аҳамият касб этади.