Ҳокимият яна бир боғни қурилиш учун олиб қўймоқчи бўляпти

Майдони кичкина бўлган ва шуниси билан тошкентликлар учун алоҳида қадрли жойга айланган “Она ва бола” истироҳат боғига  нега кўз олайтиришаётганини умуман тушуна олмаяпман, деб ёзади журналист Наталия Шулепина.
 
Боғда навбатдаги бизнес-ситини қуриш ҳақидаги қарорни ҳоким Ж.Ортиқхўжаев 2019 йил апрель ойида қабул қилганди. Одамлар боғни сақлаш қолиш учун курашишди, хатлар ёзишди, петициялар тузишди, ниҳоллар экишди, теледебатларда қатнашишди… Аммо уларни ҳеч ким эшитмади. Энди эса ҳудудни жадаллик билан вайрон қилиш ва тўсиш ишлари бошланди. 


 
Мирзо Улуғбек  ҳокимлиги қурувчи ташкилотга муҳофаза варақасини берган. У “Мустақиллик ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмасида АТВ Tenge Bank  кўп қаватли маъмурий биноси қурилиши учун ажратилган туташ ер участкасида вақтинчалик бинолар ва иншоотлар барпо этилишига қарши эмас”.
 
Tenge Bank — «Қозоғистон халқ жамғарма банки» акциядорлик компаниясининг шўъба ташкилотидир. Шаҳар ҳокимининг 26.4.2019 йилдаги 593-сонли қарори билан Жамғарма банкига кўрсатилган манзил бўйича участка ажратилди. Tenge Bank 22 қаватли бинони боғ ичида қурмоқчи.

Аҳоли эса бунга қарши. Бир неча кун аввал “Нур” маҳалласида бўлган Tenge Bank вакиллари “ширин” ваъдаларни берган. “Ҳовлиларга дарахтлар экамиз”, дейишган. Бироқ дарахт экиш билан аҳолининг ўзи шуғулланяпти. “Болалар майдончасини жиҳозлаймиз”, деб айтишган. Аммр бу билан ҳам фуқароларнинг ўзи шуғулланмоқда.

Энди тошкентликлар боғни фақат сўзлар билан ҳимоя қилмоқчи эмас. Ахир, бир неча йил олдин Тошкентнинг юраги бўлган Хиёбондаги дарахтларни кесишди, ҳозиргача афсусланиб эслашади. 

«Шаҳарда нафас олиш қийинлашмоқда. Қурилиш қанчалик зич бўлса, дарахтлар кам бўлса, нафас олиш ҳам оғирлашади». Жума куни хавотир билан йиғилганлар ана шу ҳақда гапиришди. Ишларини ташлаб келишди, қурувчи ташкилот ва ҳокимлик вакиллари эса келишмади. Воқеа жойига келган туман ички ишлар органларининг ходимлари шу атрофдаги уйлар аҳолисининг илтимосига кўра ҳаммаси узил-кесил ҳал бўлмагунича  боғни тўсиб қўйишларига йўл қўймасликни ваъда қилишди. 
 
Шаҳарликлар ва қарор қабул қилувчи шахслар ўртасидаги ушбу низо қандай тус олади? Тошкентликлар ҳуқуқий давлатда яшаётганликларига ҳамон ишонади. Тоза ҳаво ҳаммага – болаларга ва катталарга ҳам, ҳукуматда ўтирган амалдорларга ва пенсионерларга ҳам кераклигига уларнинг ишончи комил. У қозоқ банкларига ҳам керак. Унда нега боғни олиб қўйишмоқчи?
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.