Ҳокимларни сайлаш ва шаҳарни тўғри бошқариш ҳақида

Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаёти бир жойда тургани йўқ. Жаноб президентнинг шаҳарларни ҳоким лавозимига сайлаш орқали бошқариш соҳасида тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш борасидаги ташаббуси бунга яққол мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бунда маъни бор: сайланган номзод учун жавобгарлик жамиятнинг зиммасида бўлади. Сайланган ҳоким ўз халқининг ҳам, мамлакатнинг ҳам манфаатларига яхшироқ хизмат қилиши керак бўлади. Бироқушбу қарор Ўзбекистон шаҳарларининг ижтимоий тузилмасига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳамон номаълум. Архитектор-урбанист Анвар Мухамеджанов шаҳарларни бошқариш бўйича халқаро тажриба ва уни Ўзбекистон шароитларига мослаштириш имкониятлари ҳақида гапириб беради.
 
Хорижда шаҳарларни бошқариш турлари

Дунёда шаҳарни бошқариш бўйича турли-туман моделлар мавжуд. Бу кўплаб омилларга асосланган, улар, жумладан, жамият тузилмасини, географик жойлашувини, иқтисодиёт ва сиёсатни ўз ичига олади. Шу билан бирга, шаҳарлар ҳаётимизнинг кўплаб жиҳатлари учун масъул: таълим, соғлиқ ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Транспорт, санитария, сув таъминоти, ёнғин хавфсизлиги ва жамиятнинг полиция томонидан ҳимояланиши ҳам шаҳар бошқарувининг кундалик вазифаси ҳисобланади. 
 
Бошқарувнинг асосан тўртта тури мавжуд, улар кўпинча ғарб ва шарқ мамлакатларидаги шаҳарларда учрайди. Шаҳар характерига қараб, уни одатда чекланган ваколатларга эга мэр, катта ваколатларга эга мэр, комиссия ёки менежер бошқаради.
 
Чекланган ваколатларга эга мэр модели: ушбу моделда мэрдан кўра шаҳар кенгашида (шаҳарликларнинг сайланган вакиллари)  кўпроқ таъсир ўтказиш имконияти мавжуд. Масалан, шаҳар кенгаши шаҳар бўлинмаларининг раҳбарларини тайинлаш ваколатига эга бўлиб, улар бевосита кенгаш олдида ҳисобот беради. Бироқ бу ерда мэр шаҳар кенгаши раисларидаги каби таъсир кучига ҳам эга. Бу ҳолда у ҳал қилувчи овоз кучига эга бўлади. АҚШда бу тизим сақланган, чунки у мэрни ҳаддан ташқари катта ҳукмронликдан ушлаб туради.
 
Ваколатлари катта мэр бўлган бошқарув модели: бу ерда мэр шаҳар ҳокими ҳисобланади, унинг бевосита жавобгарлиги – бу шаҳарни бошқариш. Масалан, ҳоким шаҳар амалдорларининг аксариятини мустақил равишда тайинлаши мумкин. Одатда мэр шаҳар бюджети билан ҳам шуғулланади. Айрим шаҳарларда мэр шаҳар кенгаши қарорларига вето қўйиши мумкин. Жуда катта ҳокимият бир кишининг қўлида жамлангани сабабли одамларнинг кўпчилиги ваколатлари катта мэрнинг фаолияти чекланган ваколатларга эга мэрга қараганда самаралироқ бўлади деб ўйлайди.
 
Бироқ бу моделнинг камчиликлари ҳам бор: шаҳар бюджети бир кишининг бошқарувида бўлгани учун Нью-Йорк каби айрим Америка шаҳарлари 1850-1930 йиллар оралиғида коррупцияга дуч кела бошлади.
 
Комиссия томонидан бошқариладиган модель: бу ерда шаҳар бошқаруви одатда 3-9 та сайланган шахслардан иборат бўлиб, шаҳарни улар бошқаради. Бу ерда ҳар бир комиссионер ўзига ишониб топширилган шаҳар департаментини (полиция, молия, ёнғин хавфсизлиги департаментлари ва ҳ.к.) бошқаради. Бироқ бундай бошқарув шаклининг ҳам жамоатчилик томонидан вакант лавозимга номзодларни сайлаш билан боғлиқ салбий томонлари мавжуд. Бунинг устига шаҳар бошқаруви департаментларидан айримларига раҳбарлик қилувчи комиссионерлар баъзида шаҳар бюджетини назорат қиладиган ваколатли комиссионернинг фикрига қўшилмайди. Бундай ҳолат шаҳар бюджети турли департаментлар юрисдикциясига тушгани учун юзага келади.  
 
Менежер томонидан бошқариладиган шаҳар модели: жамият ўз консулини сайлайди, унда қонунларни қабул қилиш ваколати бор. Консул, ўз навбатида, шаҳарни бошқариш учун менежерни тайинлайди. Менежер эса департаментлар раҳбарларини тайинлаш ҳуқуқига эга. Бу ваколатли шахслар бевосита уларни ишдан бўшатиш ҳуқуқига ҳам эга бўлган шаҳар менежери олдида ҳисобот беради.
 
Ушбу шаҳарни бошқариш моделининг бир нечта афзаллиги бор: биринчидан – шаҳар менежери лавозимга сайланмасдан, тайинлангани сабабли одатда у сиёсий босимдан холи бўлади ва диққатини ўз касб фаолиятини амалга оширишга жамлайди. Бунинг устига, агар уни бирор ишда айбдор деб топишса, жамиятнинг бош вакили (консул) уни ишдан бўшатиши мумкин.
 
Шу билан бирга моделнинг камчиликлари ҳам мавжуд. Айрим шаҳарларда билимли менежерни ёллаш имконияти йўқ. Бу менежерни, унинг жамоаси ва ҳаракатларини молиялаштириш шаҳарга қимматга тушиши мумкинлиги билан боғлиқ. Иккинчи сабаби – шаҳарнинг ўзида тайёргарлик кўрган кадрлар етишмовчилиги, шу боис шаҳар мутахассисларни ташқаридан ёллашга мажбур. Шунингдек танқидчиларнинг таъкидлашича, менежерлар бевосита шаҳарликларнинг ўзи томонидан сайланиши, уларнинг фаолияти эса улар учун овоз берганлар томонидан тўланиши керак.
 
Ушбу тизимга мослашган шаҳар сифатида Оклахомани кўрсатиш мумкин, унда департаментларни консул томонидан тайинланган менежер бошқаради.  Оклахомада консул ва мэр шаҳарликлар томонидан сайланади. Шу боис мэр фақат шаҳарнинг сиёсий манфаатларини тақдим этса, менежер шаҳарнинг кундалик муаммоларини ўз зиммасига олади.
 
Бу моделларни Ўзбекистон шаҳарларига қандай мослаштириш мумкин
 
Юқорида баён этилганидай, ушбу моделлар нафақат “юқоридан-пастга”, балки “пастдан-юқорига” бошқарув тизимини ҳам ўз ичига олган, уларда жамият шаҳарни бошқарувчи номзодни сайлаганлик учун жавобгарликни мустақил равишда ўз зиммасига олади. айнан жамият шаҳарни бошқариш моделининг турини танлаш, шаҳар кенгаши орқали мэрни ёки менежерни тайинлаш ваколатини ўз бўйнига олади.
 
Бироқ Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ ҳоким президент томонидан тайинланадиган лавозим ҳисобланади (93.15-модда; 102-модда), яъни бу тизим қатъий “юқоридан-пастга” йўналтирилган. Ҳоким эса, ўз навбатида, Кенгаш олдида режалар ва бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот беради ва бир вақтнинг ўзида унинг раҳбари ҳисобланади. Шунга мос равишда, бу ерда тайинланган ҳоким томонидан қабул қилинадиган фармонлар вашаҳардаги реал вазият ўртасида зиддиятлар юзага келиши мумкин.  
 
Эҳтимол, айнан шу боис президент шаҳарларни ривожлантиришни тезлаштириш учун ҳоким лавозимига сайлаш масаласини кўтаргандир.
 
Агар аҳоли бу ғояни қўллаб-қувватласа, қатор ҳаракатларни амалга оширишга, яъни шаҳарни бошқаришнинг энг мақбул моделини танлашга ҳамда ҳоким лавозимини сайланадиган ва бевосита шаҳар аҳолисига бўйсунадиган қилган ҳолда Ўзбекистон Конституциясини янгилашга тўғри келади. Бир вақтнинг ўзида сайланадиган ҳокимнинг президент томонидан тайинланадиган маслаҳатчиси бўлиши мумкин. Унинг вазифасига бутун давлат манфаатларида энг яхши натижаларга эришиш киради. Маслаҳатчига зарурат бўлишининг сабаби шуки, жамият томонидан сайланган ҳоким давлатда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардан мутлақо йироқ бўлиши мумкин. Шу муносабат билан ҳоким президент томонидан қўйилган мақсадларни бажаришда унга ёрдам берадиган профессионал маслаҳатчига эҳтиёж сезади.
 
Бироқ Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди учун кўпроқ мос келадиган бошқарув моделини танлаш учун тадқиқотларни ўтказиш зарур. Шунингдек,  ҳеч бўлмаганда кичикроқ бир шаҳар аҳолисига ҳокимни сайлаш имкониятини берган ҳолда, тажриба ҳам ўтказиб кўриш мумкин.
 
Анвар Мухамеджанов,
Архитектор-урбанист, Осиё Тараққиёт Банкининг стипендиати, Токио Университетининг магистри, халқаро ривожланиш ва минтақавий режалаштириш соҳасининг мутахассиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.