Имконияти чекланган шахслар: уларни ўқитиш, ишга жойлаштиришдаги ютуқ ва муаммолар

Имконияти чекланган шахслар: уларни ўқитиш

БМТ маълумотларига кўра ер юзида ногиронларнинг сони қарийб 1 млрд ташкил қилади. Уларнинг тахминан 80% ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Кўплаб давлатларда ногиронлар малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш, жамоат транспортида юриш, айниқса ишга жойлашишда муаммларга дуч келишади.
 
Интернет сайтларида шу ҳақдаги маълумотлар билан танишиш асносида мамлакатимизда бу борада аҳвол қандай экан деган савол туғилди. Аввало, шуни Ўзбекистоннинг тажрибасида ўрганиш кераклигини ҳатто хорижлик экспертлар ҳам эътироф этишган.
 
Мамлакатимиздаги ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб, 2008 йилнинг 11 июлида «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилингани, БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияси, 2011 йилда Президентимизнинг «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбир тўғрисида»ги қарори ҳамда ҳукуматимизнинг қатор қарорлари имзолангани юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
 
Ўзбекистон ногиронлар жамияти маълумотларига қараганда, бугун орамизда туғма ногиронлар кам, бу никоҳга кираётган шахсларни тиббий кўрикдан тўлиқ ўтишларини таъминлаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, умуман олганда, соғлом бола дунёга келишига эришиш йўлида амалга оширилаётган саъи-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганидан далолат беради.
 
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир мамлакатимизда 600 мингга яқин ногирон бор, уларнинг 100 мингга яқини 16 ёшгача бўлган болалардир. Кўпчилиги Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида истиқомат қилади.
 
Уларнинг орасида боғча, мактаб, лицей ва коллежларга қатнай олмайдиганлари, яъни таълим олишга лаёқатсизлари ҳам бор. Бунга имконияти етадиганларни ўқитиш керак. Уларни келажакда кийналмаслиги учун ҳам таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганиши лозим. Қонунчилигимизда 12 йиллик таълим мажбурий ва бепул этиб белгилангани нуфузли халқаро ва хорижий давлатлар томонидан Ўзбекистоннинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш соҳасидаги энг катта ютуғи сифатида эътироф этиб келинади. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ногирон болаларни мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларига қамраб олишда муаммо деяли йўқ, борларини ҳам йўл-йўлакай ҳал қилса бўлади. Уларнинг лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқишлари учун зарур шарт-шароит яратиб бериш эса, кун тартибидаги масалалардан бири бўлиб турибди.
 
Шуни эътироф этиш керакки, ўтган йиллар мобайниданогирон болаларни ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими тизимида уқитиш бўйича бирмунча ишлар қилинган. Улар учун Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 майда «Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касбғхунар коллежлари фаолияти туғрисида»ги қарори билан Тошкент ва Фарғона шаҳарларида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимида 2-та, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази тизимида яна 2-та махсус коллеж ташкил этилган. Бугун уларда мингдан зиёд йигит-қизлар таълим олаяпти. Ушбу йўналишдаги таълимни ривожлантиришда ҳалқаро лойихалар, шу билан бирга, жамоат фондлари, ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, Республика болалалар ижтимоий мослашув марказининг кўмаги катта бўлаяпти.
 
Ўрта-махсус, касб-ҳунар тизимида имконияти чекланган, шу жумладан эшитиш қобилияти паст, кар, кўр, заиф кўрувчи, турли даражадаги ақли заиф, умумий касалликлар билан касалланган ногирон ҳамда оёқ-қўлида нуқсони бор болалар уқитилаяпти. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази маълумотларига кўра, хозир академик лицейларда 419та, касб-ҳунар коллежларида 3576 нафар ногирон йигит-қиз қамраб олинган.
 
Мақоламиз бошида эътироф этганимиздек, қонунчилигимиз мукаммал. Фақатгина уни жойлардаги ижросини сўзсиз таъминлаш керак. Айниқса меҳнатга лаёқатли ногиронларни ишга жойлаштириш масаласига вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари жиддийроқ эътиборларини қаратишлари, йиғилиб қолган анча-мунча муаммоларни бартараф этишлари зарур.
 
Бу масалалар ижтимоий аҳамиятга эга чунки иш билан таъминланган ногирон шахс узини намоён этишга, давлат ва жамият ривожланиши йўлида астойдил мехнат қилиб эл-юрт ҳурматига сазовор бўлишга интилади.
 
Ушбу йўналишдаги ишлар жамоатчилик томонидан назорат қилинса, умуман, ногиронларга нисбатан жамоатчиликда ижобий муносабат шакллантирилса, уларни иш билан таъминлашга оид муаммолар бартараф этилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ногиронларни тўлақонли фаол ҳаётга қайтариш учун уларни жисмоний имкониятларини ҳисобга олиб ўқитиш, қайта ўқитиш ва ишга жойлаштириш лозим.
 
Маъмуржон Парпиев, журналист  

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.