Истиқболлар: Ўзбекистонда ислоҳотларнинг чекланганлиги

Фотография: David Trilling

Golden House – ҳашаматли квартираларга жой бўшатиш учун Тошкент аҳолисини уйларидан кўчираётган қурувчи компаниялардан бири, деб ёзади  Аризона штати университетининг Марказий Осиёда ҳуқуқ ва мулк ҳуқуқларининг сиёсий иқтисодига ихтисослашган Сиёсат ва глобал тадқиқотлар мактабининг доценти Маргарет Хэнсон.

Тошкентнинг гавжум ҳудудидаги икки қаватли бинонинг деворига “БМТ- SOS  инсон ҳуқуқларининг бузилиши: ўз уйидан мажбуран кўчириш” ёзуви кўзга ташланади.

Манба: Дилмурод Мирусманов

Ўзбек ва рус тилларидаги матнда Президент Шавкат Мирзиёев хусусий мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини ҳимоя қилишга чақирилади. Уй эгаси Дилмурод Мирусмонов ўз мулкининг Golden House Development хусусий компанияси томонидан тортиб олинишидан ҳимоя қилиш учун бир неча йил давом этган суд муҳокамасида қатнашмоқда.

“Мирусмонов билан боғлиқ вазият ва шунга ўхшаш вазиятлар  Мирзиёевнинг қонун устуворлигини таъминлаш ва кенг тарқалган коррупцияга қарши курашиш ҳақидаги ваъдасини шубҳа остига қўяди. Бу марказий ҳукуматнинг кучи ҳақида ҳам саволлар туғдиради”, – деб ёзади Маргарет Хэнсон.

2016 йилда Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлар жадал ривожланди. У ҳокимиятга келиши билан мулкни тортиб олиш кучайди, бу эса ижтимоий безовталикка олиб келди. Бунга жавобан, 2019 йилда ҳукумат қарори билан олиб қўйиш ишлари музлатилди. Бироқ, шунга қарамасдан фармон қабул қилингунга қадар маҳаллий ҳокимлар томонидан чиқарилган қарорга эга бўлган қурувчи ташкилотлар аҳолини кўчириш бўйича судларнинг кўмагига эга бўлмоқда. Қарорларнинг ҳуқуқий нуқтаи назардан шубҳали асосига қарамасдан, Уй-жой кодексининг 71 ва 73-моддаларига кўра (фармон қабул қилинишидан олдин қабул қилинган), фақат муниципал уйлар ва мулк давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин.

Дарҳақиқат, Мирусмоновнинг қўшниларидан бири ҳолатида Бош прокуратура кўчириш тўғрисидаги қарорни ноқонуний деб топган, чунки бенефициар хусусий компания бўлган. Шунга қарамай, Мирусмонов суд тизимининг барча босқичларида мағлуб бўлди.

“Фейсбукда кўчирилишларга қарши курашишга бағишланган машҳур гуруҳни бошқарадиган фаол Фарида Шарифуллина менга бу ҳолат ҳатто омбудсман, Адлия вазирлиги ёки депутатлар мулк эгасини судда ҳимоя қилган ҳолларда ҳам тез-тез учраб туришини айтди. Бошқа ҳолатларда, Тошкент аҳолиси Олий суд қарорларни бекор қилганидан кейингина қурувчи ташкилот билан низоларда ғалаба қозонилгани ёки низолар қониқарли ҳал қилингани ҳақида айтишмоқда”.

Нега бундай юридик ўхшаш ҳолатларда номувофиқликлар мавжуд?

Суд жараёнларининг иштирокчилари судьялар қурувчи ташкилотдан пора олишини таъкидлашмоқда. Суд коррупцияси, гарчи исботлаш қийин бўлса-да, кўпинча суддаги хатти-ҳаракатларда ифодаланади. Мисол учун, мулк эгалари конкрет судьялар қурувчи ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатлар билан танишиб чиқиш сўровини  эътиборсиз қолдиришлари ёки қарор чиқаришдан олдин уларни кўриб чиқишга бор-йўғи бир неча дақиқани таклиф қилишларини айтишади.

Мирусмоновнинг фикрича, унинг иши бўйича қарор чиқарган судьялар бундан манфаатдор бўлган. “Бошқа изоҳ йўқ”, – дейди у. Ҳозир у Олий судга шикоят тақдим этган.

Шу каби воқеаларнинг яна бир иштирокчиси, сўнгги тўрт йил давомида кўчиришга қарши курашган Ольга Абдуллаева судья уни қандай қилиб шахсий учрашувга чақирганини айтиб берди. “Пора таклиф қилиш хаёлимга ҳам келмаганди”, дейди у, судья “келишувга келинг” деганида нимани назарда тутганини кейинроқ англаб етади. Унинг иши бўйича қарор чиқарар экан, ўша судья унга: “Сизни уйдан кўчиришга ҳеч қандай асос йўқ, лекин мен сизни кўчираман”, – деб айтган.

“Ушбу низолар бўйича суд қарорларини қабул қилишдаги тафовутлар адвокатларнинг фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича коррупцияга ҳақидаги баҳоларини янада кенгроқ акс эттиради. 2019 йилда адвокатлар билан ўтказилган 20 та интервью давомида мен судьяларга пора таъсир қилаётгани ҳақидаги мунтазам, аммо ҳамма жойда ҳам учрамайдиган фикрни сездим – ўртача ҳисоб-китобларга кўра, барча фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг 40 фоизи порахўрлик билан боғлиқ”, — дейди Хэнсон.

Доцентнинг сўзларига кўра, эҳтимол, бу тақдир ҳазилидир, Ўзбекистонда суд мустақиллиги мамлакатда қайд этилганидан кўра анча юқори эканлигини кўрсатади; сўз тизимли коррупция ҳақида эмас, балки алоҳида судьяларнинг пора олишга тайёрлиги ҳақида бормоқда. Гарчи суд ҳокимиятининг мустақиллигига қонун устуворлигининг пойдевори сифатида қаралиб, чет эл сармоясини жалб қилишга интилаётган Мирзиёевнинг асосий мақсади бўлса-да, ушбу суд ҳокимияти мустақиллигининг ҳисобот бермаслиги судларнинг нейтрал ҳакамлар сифатида ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Кўчмас мулк эгаларидан бири ҳазил тариқасида айтганидай: «[Ўзбекистонда] судьяларимиз мустақил, фақат улар қонундан мустақил».

“Бу мустақиллик суд залидан ташқарида коррупцияга ёрдам берувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шаҳарсозлик ҳолатида эса терговчи журналистлар қурувчи ташкилотлар ва Тошкент ҳокимияти ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар мавжудлигини аниқлади: масалан, улар ҳокимнинг йирик қурилиш лойиҳаларида манфаатлари борлигини аниқлади. Баъзи қурувчи ташкилотлар одамларни мажбуран кўчиришга ҳаракат қилганида, шаҳар маъмуриятига ёрдам сўраб мурожаат қилган мулк эгалари судга йўналтирилган, судьялар қурувчи ташкилотларнинг талабларини қондириб, мулк эгаларини чорасиз аҳволда қолдиришган. Ўтган ойда улардан бири менга шундай деди: “Сизга судга боришни айтишганида, худди “дўзахга кет!” дегандек бўлади! […] фақат мўъжиза орқали бирор нарсага эришиш мумкин”.

Бу ҳолатлар суд ҳокимиятининг мустақиллигини ошириш суд тизимидаги коррупцияга қарши курашишнинг давоси эмаслигини кўсратиб қолмасдан, балки судлар ва маҳаллий маъмуриятлар устидан марказлаштирилган назоратнинг ҳайратланарли даражада чекланганлигини ҳам кўрсатади.

Кўпчиликка маълум бўлган ҳолатлардан бирида маҳаллий ҳокимлик қурилиш ташкилотга Тошкентдаги иккита синагогадан бирига тегишли ерни олиб қўйишга рухсат бергани халқаро жанжалга ва Диний ишлар қўмитасининг аралашувига сабаб бўлганди. Агар бу марказий назорат энг кучли бўлган Тошкентда содир бўлаётган бўлса, чекка ҳудудларда нималар бўлаётгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

“Ўз иқтисодиётини жонлантириб, хорижий сармояни жалб қилмоқчи бўлаётган Ўзбекистон учун бунинг оқибатлари хавотирли, чунки мулк ҳуқуқининг бузилиши ва бу борадаги норозиликлар долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, фаоллар конституцияга таклиф қилинаётган ўзгартиришлар бўйича ҳам қўшимча хавотирларни билдиришмоқда, чунки улар мажбурий олиб қўйиш бўйича чекловларни юмшатади. Қўшни Қозоғистонда маҳаллий амалдорлар бундай имтиёзлардан давлат орттириш учун фойдаланишини қайд этганман. Хитойда улар норозиликларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади”, – дея хулоса қилади эксперт.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.