Ёлғон рақамлар. Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясидан ўлим ҳолатлари бўйича расмий статистика нима демоқда

Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар билан солиштирганда Ўзбекистонда COVID-19 дан ўлиш ҳолатлари кўрсаткичи паст. Ўлим ҳолатларининг кўпчилиги қайси касалликлар бўйича қайд этилганини ва бундан ким манфаатдор эканини кўриб чиқамиз.

Азиза “Зангиота” касалхонаси биноси олдидаги скамейкада ўтирибди. Икки кун аввал унинг отасини икки томонлама пневмония билан оғир, деярли хушсиз аҳволда олиб кетишди. Ярим соат аввал эса отаси вафот этганини билди.

Зангиота илгарилари муқаддас жой бўлган, бу ерга туристлар ва мамлакат аҳолиси экскурсияга, зиёратга келарди. Энди бу туманда ўша “қизил зона” жойлашган бўлиб, бу ерга фақат касалхонада куну-тун меҳнат қиладиган шифокорларни ва оғир аҳволдаги беморларни қўйишмоқда. Бир соат олдин Азизага отасининг дафн қилинишини ҳам кўролмаслигини айтишди:

– Кечирасиз, дафн қариндошлар иштирокисиз ўтказилади, бу тақиқланган!  –  деди даволовчи шифокор қизга телефон орқали.

COVID-19 Азизанинг оиласи учун катта синовга айланди, у бир неча кун ичида қизни отасиз қолдирди. Уйқусиз тунлар, қўнғироқлар, шаҳар дорихоналари бўйлаб дори излаш, касалхона дарвозаси олдида ўтказилган кунлар қизнинг бор кучини олиб қўйди. Икки кун абадиятдай кечди. У бордюрга ўтириб, қаттиқ хўнграб юборди, боши айланиб кетди.

Касалхона дарвозаси олдида турганларнинг ҳаммаси асабий ҳолатда турарди: кимдир чекар, кимдир керакли препаратларни излаб дорихоналарга қўнғироқ қилиб чиқарди, яна кимдир эса шифокорлардан хабар кутиб касалхона биносининг эшигидан кўз узмасди. Азизанинг кўз ёшларига деярли ҳеч ким эътибор қилмади, фақат скамейкада ўтириб турмуш ўртоғи ҳақида хабар кутаётган кампир хаёлчан риторик саволни берди:

– Наҳотки, яқинда ҳаммамиз бу ярамас вирусдан ўлсак?

Covid-19 пандемияси фақат Азизанинг оиласига келган фожиа бўлмади. Пандемия 2020 йил ёзида авж олди. Расмий маълумотларга кўра, республикада суткасига мингга яқин коронавирусга чалинган киши ва кунига ўртача ўнлаб ўлим қайд этилган. Касалхоналар тўлиб кетган, тез ёрдам машиналари тўхтовсиз шаҳар бўйлаб айланади, дорихоналарда эса кўпроқ вирусга қарши препаратлар танқислиги кузатилади.

Ўзбекистонда Covid -19 га чалиниш бўйича биринчи ҳолат 15 мартда аниқланганди. Шу куни ҳукумат барча боғчаларда ва ўқув муассасаларида карантин эълон қилди, оммавий тадбирлар бекор қилинди ва мамлакатлар билан транспорт алоқаси тўхтатилди. Беморнинг илк вирусдан ўлиш ҳолати 27 мартда қайд этилди.

Кечга яқин Азиза темир дарвоза ортидан эркакнинг овозини эшитди:

– Яхши қиз, беморингизнинг рақами 987 миди? Мана, ўлим ҳақида кўчирмани олиб, мана бу ерга қўл қўйинг. Уни дафн қилиб бўлишди, жой рақами мана бу варақда ёзилган, – деди тўлиқ ҳимоя кийимини кийиб олган киши. У ниқоб ва ҳатто ҳимоя кўзойнагини тақиб олганди. Юзини кўришнинг иложи йўқ эди.

Азиза имзо чекди, кўчирмани олиб, аста-секин бекат томонга йўл олди. “Ўлим сабаби” устунида у “миокард инфаркти” ёзувини кўрди.

Шошилинч шифокор қабулида Азизанинг отасига “икки томонлама пневмония” ташҳиси қўйилди. Уни касалхонага етказишлари учун 12 соат керак бўлди – бу пайтда у овқатсиз, сувсиз тўлиқ изоляцияда ётди. Азиза отасининг аҳволи ёмонлашганидан кейин оиласига беришган КТ натижаларини эслайди. Ўшанда шифокор коронавирус ўпкани зарарлаганини, ўпка альвеолаларида суюқлик ва шиш борлигини ишонч билан айтганди. Беморни иложи борича тезроқ ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига улаш зарур эди. Бу пайтда коронавирус беморнинг организмини тўлиқ “эгаллаб олганди”.

Пандемия пайтида мамлакат соғлиқни сақлаш тизими дуч келган коллапсга қарамасдан, Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботига кўра, 2020 йилда ўзбекистонликлар кўпроқ Covid-19 дан ўлмаган. Аммо пандемия бошланиши билан мамлакатда ўлимнинг асосий сабаблари бўйича леталлик авж олди.

Маълумотнома: Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, асосий ўлим сабабларига қон айланиш тизими, нафас олиш органларининг касалликлари, айрим инфекцион ва паразитар касалликлар, қандли диабет, ОИВ кирган.

Инфекцион касалликлардан ўлим ҳолатлари энг кўп кузатилган – у уч баравардан кўпга ошган. Нафас олиш органларининг касалликларидан ўлим ҳолатлари деярли икки бараварга кўтарилган. Диабетдан эса  – учдан бир қисмга.

2020 йил учун прогноз COVID-19 ни ҳисобга олмаган ҳолда 2017 йилдан бошлаб ҳар бир ой учун ўлим ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар асосида амалга оширилган. Жадвалда ўлим ҳолатларининг асосий сабаблари бўйича динамика келтирилган, уларда ҳақиқий динамика прогнозга қараганда юқорироқ. Таҳлил бўйича тўлиқ маълумотлар ҳавола бўйича.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, кўп ҳолларда коронавирусдан ўлим ҳолатлари вирусни юқтириш пайтига сурункали касалликлардан азият чекиб келган кишиларда кузатилган. Диабет, юрак ва қон айланиш тизими касалликлари, сурункали ўпка касалликлари, инфекцион касалликлар ва ОИВ каби ҳамроҳ касалликлар оғир касалланиш ривожланиши ва ўлим ҳолати хатарининг омиллари сифатида қайд этилади.

Маълумотнома.

ЖССТ COVID дан ўлим ҳолатларини қуйидагича ҳисобга олишни тавсия этади: агар вирусга чалинган киши вафот этган бўлса, унинг ўлими статистикага киритилади. Ўлим ҳолати яққол бошқа муаммо (масалан, киши йўл-транспорт ҳодисасига учраган бўлса ёки унда ёрдам бериб бўлмайдиган саратоннинг терминал босқичи бўлса) билан боғланган бўлсагина бу тамойилдан четга чиқиш мумкин. 

Ўтган йил сентябрь ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқароларнинг ҳокимиятга ва Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги билан боғлиқ масалаларга ишонмаслик даражаси ўсганини кўрсатганди. Ҳукуматга қилинган мурожаатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) кундалик ҳисобот билан чекланган ҳолда ўлим ҳолатлари ҳақидаги умумий ахборотни бермаётгани, шунингдек пневмония ва ундан ўлим ҳолатлари бўйича статистика билан боғлиқ вазият ҳам ноаниқ бўлиб қолаётгани кўрсатилганди.

Ҳаракат иштирокчиларининг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев аввал ҳам ҳокимлар ва раҳбарларни коронавирусга чалиниш бўйича реал рақамларни яшириш жиноий жавобгарликкача бўлган жазога олиб келиши ҳақида огоҳлантирганди. Ҳаққоний, холис ва тезкор ахборот фуқароларга асосли қарорни қабул қилиш ва ўз соғлиғини ҳамда атрофдагиларнинг соғлиғини муҳофаза қилишга масъулият билан ёндашиш имконини беради.

2020 йил июль ойида ССВ ҳудудлар бўйича батафсил статистикани чоп этишни тўхтатди. Шунингдек вафот этганларнинг жинси, ёши, исми-шарифи ва яшаш жойи ҳам кўрсатилмай қўйди. Кейинчалик айрим нашрлар ССВ уйда коронавирусдан даволанаётганларнинг статистикасини юритмаётганини ва пневмония ҳолатларини қайд этмаётганини кўрсатиб ҳам ўтди. Кундалик статистикада тақдим этилаётган маълумотлар суткалик умумий касалланишлар сони ва ўлим ҳолатлари сонидан иборат бўлиб қолди.

«Юксалиш» ҳаракатининг иштирокчилари “ёпиқлик, сукут сақлаш ва ҳар хил маънолилик одамлар орасида ваҳималар, уйдирмалар тарқалишининг, фейклар ошишининг омилларига айланмоқда” деган хулосага келишди.

Тошкент Вирусология ИТИ маълумотлар жамият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкинлиги билан ўртоқлашади. Улар пандемияни идрок қилишга реал  таъсир кўрсатиши мумкин эди, эҳтимол бу кимнидир ниқоб тақишга ва эмланишга ишонтирган бўларди. “Бир томондан, ССВ пандемия устидан ғалаба қозонилганини таъкидламоқда, шифокорлар эса нега одамлар эмланиш учун навбатда турмаётганидан ҳайрон ”, – дея қайд этади тиббиётчилар.

Нега мамлакатлар COVID-19 дан ўлим ҳолатлари бўйича реал статистикани яширмоқда?

Инсонни тадқиқ қилиш ва ривожлантириш марказининг директори, психотерапевт шифокор  Азизбек Болтаев соғлиқни сақлаш тизими коронавирус ҳақидаги маълумотларни чоп этишда ҳал қилувчи ролга эга эканини ва ССВга тиббиётга доир бирор нарса ҳақида ёзишни ҳеч ким тақиқлай олмаслигини қайд этади.

Шунингдек, экспертнинг сўзларига кўра, маълумотларни яширишнинг ўз салбий оқибатлари ҳам бор – ҳукумат вирус хавфини англамаяпти ва қатъий карантин чораларини жорий этмаяпти. Аҳоли коронавирусни катта таҳдид сифатида баҳоламаяпти: одамлар ниқоб тақмаяпти ва эмланишга шошмаяпти. Шу тариқа, касаллар сони ортиб бормоқда, соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юклама эса ортмоқда.

Ўзбекистон молия вазирининг собиқ биринчи ўринбосари, иқтисодий шарҳловчи ва мустақил эксперт Абдулла Абдуқодиров реал рақамлар яширилишининг асосий сабаби – бу мамлакатларнинг пандемияга ва унинг оқибатларига қарши курашиш учун қарз маблағларини ажратаётган халқаро молиявий ташкилотлар олдидаги қарз мажбуриятларидир.

Ўзбекистон молия вазирлигининг мутахассиси Азамат Нурбеков мамлакатлар томонидан маълумотлар яширилишининг бошқа томонини ҳам қайд этади. Унинг сўзларига кўра, коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича статистика халқаро майдонда мамлакат имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкин:

«Ҳозир мамлакатимиз янги ислоҳотлар босқичида турибди, шу боис молиявий-иқтисодий кўрсаткичлардаги ҳар қандай ўзгариш мамлакатнинг катта хорижий инвестициялар учун мафтункорлигига таъсир кўрсатиши ҳамда “Янги Ўзбекистон”нинг имижига путур етказиши мумкин».

Ўзбекистонда Covid-19 га чалинган беморларни даволаш кимнинг ҳисобидан амалга оширилмоқда?

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган бир нафар беморни даволаш қиймати – 32 млн дан 64 млн сўмгача.  Бу ҳафда 2020 йил апрель ойида ўтказилган брифингда собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилганди: «Айтиш жоизки, коронавирусга чалинган ёки ушбу касалликка гумон бўлган беморларни даволаш ҳамда карантинга жойлаштирилганларни парвариш қилиш давлат маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилади», — дея таъкидлаганди ўшанда ССВ раҳбари.

Азизанинг оиласи отасининг даволанишини мустақил равишда ўзи тўлаган. Қизнинг онаси барча қариндошлардан ва дўстлардан қарз сўрашига тўғри келган: “Биз  давлат тўлаши кераклигини ҳатто билмагандик ҳам, қиммат дориларни ўзимиз харид қилганмиз. Бунниг устига уларни зўрға топардик”, – дейди Азизанинг онаси.

Давдат дадасининг COVID – 19 дан даволаниш харажатларини қоплаши кераклиги ҳақида билиб қолган Азиза ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилишга қарор қилди. Аммо кўчирмада ўлим сабаби сифатида “миокард инфаркти” кўрсатилганди, шу боис аризани қабул қилишмади.

Материал устида Нигина Азамова, Жамолиддин Имомназаров, Авазхон Хайдаров ишлади.

Менторлар:

Алтинай Мамбетова, Дилфуза Мирзаҳмедова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.