Кадастр ўйинлари. Тўртинчи мавсум

Кадастр ўйинлари. Тўртинчи мавсум

Республика ва халқаро форумларда маҳалла ҳар доим ижобий қиёфада намоён бўлади. Аммо кўзимиздаги пардани олиб ташлаб яқинроқдан назар солсак, унда шахсий манфаатларини кўзлаш, ўғирлик, коррупция, туҳмат каби иллатлар ва қусурлар борлигини ҳам кўришимиз мумкин.
 
Аҳмад Дониш кўчаси 44-А уйда жойлашган А.Жомий номидаги маҳалла чойхонасининг тарихи бунга яққол мисол бўла олади. Чойхона тарихи 1953 йилдан бошланади. Ўшанда Улуғ Ватан уруши қатнашчиси Меҳмон Магдиев чойхона қуришга қарор қилганди. У фронтда пайтидаёқ чойхонани шунчаки эмас, айнан маҳалла учун барпо этишга сўз берганди. Маҳаллий ҳокимиятнинг у пайтда бунга журъати етмайди, шу боис фронт қатнашчиси Москвага ёзади ва рухсатномани “тепа”дан олади. Чойхонани бутун маҳалла аҳли ҳашар йўли билан барпо этади, рухсатномани ўзининг номига олган Меҳмон Магдиев эса уни А.Жомий маҳалласининг номига расмийлаштиради. Ўзи ҳам чойхонада 1995 йилгача астойдил хизмат қилади. Ўтган йиллар давомида у доим ночорлар, ёлғиз қариялар, етим болаларни қўллаб-қувватлаб келади. Шу ўринда бу анъана ҳануз давом этиб келаётганини айтиб ўтиш жоиз. 1995 йили маҳалла фуқаролари йиғинининг қарори билан чойхона бузилиб, янгидан оқ ғиштдан барпо этилади.        
 
Қурилиш ишларига яна Меҳмон Магдиев бош-қош бўлади, у ўғиллари билан биргаликда қурилишга 148 минг сўмдан ортиқ шахсий маблағини сарфлайди, маҳалла ва давлатдан бир тийин ҳам олмайди. Уруш қатнашчиси мустақиллик йилларида ҳам чойхонани хусусийлаштиришни қатъиян рад этади. Чунки фронтда ўлим ва вайронагарчиликларни кўрган пайтида, агар уйга тирик қайтсам, чойхонани айнан одамлар учун, маҳалла учун қураман деб ўзига сўз берганди. Буни у 1999 йилда, ўлим тўшагида ётган пайтида ҳам ўз фарзандларига васият қилади. Меҳмон ота ўғилларига чойхонани хусусийлаштиришни тақиқлайди, у умрбод маҳалла мулки ва айнан фуқаролар йиғинига тегишли бўлиб қолиши кераклигини айтади.
 
1999 йил сентябридан бошлаб чойхонани Меҳмон отанинг ўғли Эргаш Магдиев бошқара бошлайди. У 2007-2009 йилларда ўзининг шахсий маблағлари ҳисобидан маҳалладаги қурилмаларни реконструкция қилади, газ ускуналарини модернизациялайди, замонавий ҳисоблагичларни ўрнатади. Худди шу тарзда 2010 йили содир бўлган ёнғиндан кейин ўзининг шахсий маблағига чойхонани деярли янгидан қуради.
 
Ўша йили Эргаш Магдиев барча йиғимлар ва божларни тўлаб, шаҳар Бош плани асосида кадастр ҳужжатларини расмийлаштиради ва маҳалла фуқароларининг барча истаклари ҳамда Юнусобод туман ҳокимининг барча кўрсатмаларини бажарган ҳолда хотиржам ўз ишини давом эттиради.   
 
Аммо кутилмаганда, 2014 йили Эргаш Магдиев қалбаки ариза асосида маҳалла ҳисобрақамидан чойхонанинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун пул ечиб олинганини билиб қолади. Ҳолбуки кадастр ҳужжатлари 2010 йилдан буён Магдиевнинг қўлида эди.  
 
Ушбу масала юзасидан у изоҳ сўраб маҳалла оқсоқолига мурожаат қилганида, оқсоқол ҳамма айбни олдинги маҳалла оқсоқолига тўнкайди. Ундан олдин шу лавозимда ишлаган Эркин Исмоилов бу ҳақда ҳеч нима билмаслигини айтади. Янги оқсоқол эса фуқаролар йиғинини чақириб, вазиятга аниқлик киритишга ваъда беради-ю, бу ҳақда “унутади”. Кейинчалик эса шаҳар ҳокимининг 2012 йил 18 майда қабул қилинган “Юридик ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган маҳаллалар ҳудудидаги бинолар ва иншоотлардан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 424-сонли қарорини асос сифатида кўрсатади.
 
Аммо қарорга назар солинадиган бўлса, унда Аҳмад Дониш кўчаси 44-А уй манзили бўйича жойлашган чойхона йўқ, чунки шаҳар ҳокимлигининг ҳужжати кадастр маълумотлари асосида тузилган. Бироқ бошқа манзиллар билан бир қаторда ҳужжатда З.Нуритдинов кўчаси -14 манзили бўйича жойлашган, маҳалла оқсоқоли ўтирадиган бино кўрсатилган. Шу боис “параллель кадастр”ни расмийлаштириш бўйича уринишларни бу томондан оқлаш кулгули бўларди.
 
Маълум бўлишича, қалбаки кадастр чойхона ёнида жойлашган, аммо у билан на умумий майдонга ва на қўшма фаолиятга эга бўлган дўконни “қонунийлаштириш” учун расмийлаштирилган экан. Маҳалла оқсоқоли бу ҳақда умуман билмаганини ва бу “ҳокимликнинг ўйинлари” эканини айтади.
  
2016 йил бошида нотаниш бир кимса Эргаш Магдиевга яширин рақамдан қўнғироқ қилиб чойхона сотиб олингани ва уни бўшатиб қўйишни талаб қилганида вазиятга ойдинлик киргандай бўлади. Бунинг устига ўша кимса очиқчасига Магдиевга дўқ-пўписа қилади, уни ҳақорат қилишдан ҳам тоймайди.   
 
На Юнусобод ҳокимлигига, на “Маҳалла” хайрия жамғармасига қилинган мурожаатлар ёрдам беради. Ҳужжатлар қандайдир йўл билан ҳокимлик девонидан йўқолиб қоларди. Ярим йилга яқин Магдиевга ёлғон ваъдалар бериб келишади, кейин эса очиқчасига ҳужжатларни макулатурага топширишни тавсия этишади. Бу орада таҳдид ва ҳақоратларга тўла қўнғироқлар ҳам кучаяди.
 
Сал кейинроқ худди шу манзил бўйича 2012 йилда расмийлаштирилган яна бир кадастр борлиги аниқланади. Қалбаки кадастрлардаги чизмаларга кўра дўконлар “қизил чизиқ”дан ташқарига, Аҳмад Дониш кўчасининг йўл кўтармасига, шаҳардаги асосий автомагистраллардан бирига чиққан.   
 
Ўзини “Маҳалла” хайрия жамғармасининг туман бўлими ходими деб таништирган кимса Эргаш Магдиевга ўз номидан айёрона таклиф билдиради – яъни чойхонани “Маҳалла” хайрия жамғармасига бериш ва ҳеч қандай муаммосиз яшаш таклифи. Ҳатто унга чойхонага туташ кичикроқ бир участкани хусусийлаштиришга ёрдам бераман, деб ваъда ҳам қилади. Унинг сўзларига кўра, бу таклифни гўёки Юнусобод туман ҳокими ҳам қўллаб-қувватлаган. Ушбу “муроса” таклифи икки сабабга кўра хавфли, у худди белгиланган вақтда портлайдиган бомбага ўхшайди.
 
Биринчидан, нега 64 йил давомида маҳалла мулкига ўз маблағларини сарфлаб келаётган ва унга садоқат билан хизмат қилаётган оилани тинч қўйиб, хотиржам ишлашига қўйиб бериш мумкин эмас. Бу ахлоқ нуқтаи назаридан ҳам ва, табиийки, миллий анъаналар нуқтаи назаридан ҳам адолатдан бўларди.  
 
Иккинчидан эса, 64 йилдан буён ўз шахсий маблағларини маҳалла фойдасига ишлатаётган оила нега энди бирданига ижарачига айланиши керак, ахир уни бир йилдан кейин исталган сабабга кўра ижара ҳуқуқидан маҳрум қилиш мумкин-ку. Бунга баҳонани ҳам, мисолни ҳам керагидан ортиқча топса бўлади.
 
Бу ҳаракатларнинг ҳаммасини “ўйин” деб айтиш мумкин, улар Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатига зид, чунки мамлакат раҳбари айнан жамиятга хизмат қилишга тайёр бўлган, амалдорларни эмас, балки айнан жамиятни, одамларни қўллаб-қувватлайдиган кишиларга суянади.
 
Прокуратурадагилар ишнинг моҳиятига чуқур қарашмаяпти, уларнинг 2010 йилда берилган ҳақиқий кадастр мавжудлигидан хабари йўқ. Прокуратура ҳатто А.Жомий номидаги маҳалла оқсоқолининг пул ўтказмалари ва фаолияти билан ҳам қизиқмаган. Ҳолбуки у пулларни чойхонани таъмирлаш учун ўтказганини айтмоқда. Шунингдек прокуратура 2012 ва 2014 йилларда кадастрларни расмийлаштириш учун ким ва қаердан пул ўтказганини ҳам суриштирмаган.
 
Агар бу ишга чуқурроқ қаралса, гўёки чойхонага берилган моддий ёрдам ҳақидаги ёлғон ҳам фош бўлади, чунки пуллар ҳар доим банк тарнзакциялари ва бухгалтерлик ҳисобида “из” қолдиради.
 
Бунинг устига чойхонага ўз шахсий ҳисобидан қаровчи киши билан учрашмасдан ва суҳбатлашмасдан, ундан чойхона қай тарзда рамийлаштирилганини сўрамасдан туриб, қандай қилиб уни кадастрда расмийлаштириш мумкинлиги билан ҳам ҳеч ким қизиқмаган.    
 
Айни дамда маҳалла оқсоқоли шу маҳаллада истиқомат қилган бадавлат ва таниқли кишининг номини ўртага қўйиб, қаллоблик йўли билан чойхонани сотишга уринмоқда.
 
Чойхона қулай, фойда келтирадиган ерда жойлашган, у маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатишга тайёр. Бунинг устига жорий йилда Эргаш Магдиев 10 та янги иш ўрнини яратган ҳолда унга қарийб 60 млн.сўм йўналтирди. 
 
Бироқ “Маҳалла” хайрия жамғармасининг туман бўлими раиси маҳалла учун фойдали бўлган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ўрнига маҳалла оқсоқоли билан бирга зўравонлик қилиб, чойхонани ёпиш ҳақида буйруқ беришган.
 
Яқинда эса яна бир, энди 2016 йилда расмийлаштирилган кадастр топилганини билиш ўқувчиларимизга қизиқарли бўлса керак, аммо ҳозирча унинг нусхасини олишнинг имкони йўқ.
 
Афсуски, на “Маҳалла” хайрия жамғармаснинг туман бўлими, на ҳокимлик қатъий равишда маҳалланинг тарафини олмади, виждонсиз “ишбилармонлар”нинг қўлига урмади.   
 
Эҳтимол, прокурор муаммонинг моҳиятини тушуниб етиб, маҳаллага келар. Албатта, ўзининг обрўсига нафақат чойхона воқеаси, балки бошқа шубҳали ишлар билан ҳам путур етказган оқсоқолнинг олдига эмас, балки ҳокимиятга илтимосномаларни имзолаган, чойхона қурилишида иштирок этган одамларнинг олдига… Балки шунда у маҳалла чойхонасини олғир “ишбилармонлар”дан, Эргаш Магдевни эса таҳдид ва шантаждан ҳимоя қладиган тўғри қарорни қабул қилар.
 
Бунинг учун маҳалла фуқаролари ундан миннатдор бўлишига ишончимиз комил. 

Лола Исламова
 
 
 P.S. Anhor.uz таҳририяти бу ишни ўз назорати остига олади ва жамоатчиликни маҳалладаги вазият ҳақида  хабардор қилиб боради.  
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.