Карантин даврида ОИВ инфекциясига эга одамлар терапияни қандай олмоқда

Карантин даврида ОИВ инфекциясига эга одамлар терапияни қандай олмоқда

«Ишонч ва ҳаёт» нотижорат ташкилотининг «Аёллар ва болалар +» дастури координатори Евгения Короткова билан карантин даврида ОИВ инфекциясига чалинган кишилар терапияни қандай олаётгани ҳақида суҳбатлашдик. Қуйида унинг сўзларини келтирамиз: 

16 март куни, мамлакатда коронавирусга чалинган “нолинчи бемор” ҳақида эълон қилинганидан кейин барча ОИТС-марказларида икки ойга мўлжалланган АРВ-терапиясини бера бошлашди. Унда ҳали транспорт ҳаракатига тақиқ йўқ эди.

Айтиш жоизки, Тошкентдаги ОИТСга қарши курашиш маркази карантин билан боғлиқ вазиятга тезкор чоралар кўрди. Вилоятлар орасида автомобиль қатнови тўхтатилганида, марказлар маълумотномалар бера бошлашди, уни ўтказиш пунктларида кўрсатиш ва Тошкентга ҳаётий муҳим дори учун кетаётганини тушунтириш мумкин эди.

Ёрдамни жойларда кўрсатиш карантиндан олдин ҳам бор бўлган

Автомобилларга стикерлар жорий этилганидан кейин «Ишонч ва ҳаёт» ташкилотимиз АРВ-терапияга муҳтож кишиларнинг рўйхатини тузди. Уларни шаҳар ОИТС марказига юбордик, улар бўйича марказ ходимлари ўз ҳисобидан поликлиникаларга дориларни етказиб беришди. Беморлар дориларни шу поликлиникаларда ола бошлашди. Умуман олганда эса ёрдамни жойларда кўрсатиш карантиндан олдин ҳам бўлган.

Ташкилотимиз ОИВга эга аёллар учун зарур бўлган кўкрак сутининг ўрнини босувчиларни етказиб бериш билан шуғулланади. Шунингдек бу билан мамлакатнинг узоқ ҳудудларидаги ОИТС марказлари ҳам шуғулланади.

Бугун иш кунимиз эрталаб 6 да бошланди

«Одамлар охиригача чўзиб ўтирмасдан, ўз муаммолари ҳақида билдиришлари керак, деб ҳисоблайман. Биз ўз соғлиғимиз учун масъул бўлишимиз керак, ҳар доим ҳам, айниқса ҳозирги вазиятда, дори олиб келиб, уни олишни илтимос қилишмайди. Бунинг имкони бўлмайдиган ҳолатлар, бошқа гап. Ташкилотимизда онлайн-платформа мавжуд, у ерда биз шундай муаммоларни ҳал этамиз.

Бугунги иш кунимиз эрталаб 6 да бошланди. Ижтимоий ходимларимиз ОИТС марказига бориб, дориларни қабул қилишди ва уларни уйма-уй тарқатишди.

Шифокорларга раҳмат

Шифокорларга катта раҳмат айтиш керак. Улар дам олиш кунлариям ишлашяпти, ОИТС марказларида навбатчилик қилишяпти, ҳар доим телефонни кўтаришади ва маслаҳатлар беришади. Шифокорлар ОИВ инфекциясига чалинган киши ҳар сафар маслаҳатлашиш учун йўлга чиқолмаслигини яхши тушунади. Шунинг учун менга бу тезкорлик жуда ёқяпти.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.