Муштарак мақсадлар истиқболи

Муштарак  мақсадлар истиқболи

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш дунё миқёсидаги долзарб масалалардан бири. Зеро, экологик муаммолар чегара билмайди. Шунинг учун курраи заминимизда экологик мусаффоликка эришиш, дунё аҳлисини ташвишга солиб келаётган муаммоларни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш устувор вазифа саналади.

 Ана шу устувор вазифани амалга ошириш мақсадида Қозоғистоннинг Алмата шаҳрида ўтказилган  икки кунлик ҳудудий семинар  “Марказий Осиёнинг тоғли районларида иқлим ўзгариши ва мослашиш” мавзусига бағишланди. Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган мазкур семинар “ Марказий Осиёда  атроф муҳит ва табиий ресурслар масалаларини самарали ёритишда медиядан фойдаланиш” мавзусидаги Лойиҳа доирасида ташкил этилди.

Семинарнинг биринчи кунида  бешта республикадан келган иштирокчиларнинг  танишувидан сўнг  Эльмира Джумакадированинг Лойиҳа ҳақидаги маълумотларидан хабардор бўлдик.  

Назгуль Кожабекованинг экологик мавзулардаги материалларни визуаллаштириш борасидаги қимматли маърузаси айниқса   маъқул бўлди. Шунингдек, мультимедия технологияларидан фойдаланган   ҳолда  иқлим ўзгариши тўғрисидаги муаммоларни қандай ёритиш мумкин, деган саволга ҳам Назгуль Кожабекованинг  аниқ ва ёрқин тушунтиришлари эътиборга лойиқ бўлди.  Экологик муаммоларни ёритишда янгича ёндашиш масалаларига алоҳида эътибор берилди ва лангридлар, инфографика, инфохарита,  шунингдек,  инфографиканинг Timeline– вақт чизиғида солиштириш ва Story Mar- ҳикоя қиладиган бирор бир воқеа харитаси технологияси ёрдамида бу борада кўзланган мақсадга эришиш мумкинлиги таъкидланди.
ЮНЕП дастури асосидаги семинарда эса экспертлар иқлим ўзгаришига оид   фактлар ва хулосаларни ўртага ташлади. Катта баҳс ва мунозаралар асосида ўтган тадбирда  стратегик ҳужжатда иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларни камайтиришга хизмат қиладиган  тадбирлар ўрин олиши кўзда тутилганлиги  алоҳида таъкидланди.

 –Чунки  иқлим ўзгаришини тўхтатишни деярли иложи йўқ,- дейди журналист, филология фанлари номзоди Наргис  Қосимова ўзининг “Глобал иқлим ўзгариши ва журналистика” китобида- чунки дунё аҳолисининг  истеъмоли буни амалга оширишга йўл бермайди. Лекин иқлим ўзгаришини секинлаштириш ва унинг оқибатида юзага келадиган турли хил муаммолар юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва бу борада аҳоли хабардорлигини ошириш вақти  етди. Бу борада оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятларини жадаллаштиришлари лозим.

Чунончи, давлатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг 48- ва 50-сессияларида биринчи бор дунё ҳамжамияти эътиборини Орол муаммосини бартараф этиш учун кучларни бирлаштириш зарурлигига қаратди.

Мамлакатимизнинг биринчи раҳбари 2010 йилнинг сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти саммити Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисида яна бир бор экологияни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитни асраб-авайлашга, айнан Орол фожиасига тўхталиб, «Бугун Оролбўйида нафақат экологик, балки дунё миқиёсида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммолар пайдо бўлди» деган фикрларни билдирган эди. Ҳақиқатдан ҳам бир вақтлар гўзал ва такрорланмас табиатига эга бўлган Орол денгизининг бир авлод кўз ўнгида қуриб бориши мисли кўрилмаган экологик фожиаларни келтириб чиқармоқда.  Ҳар йили Орол денгизига яқин бир минг километр ҳудудга 150 миллион тонна туз, қум, чанг аралашмаси ҳаво орқали тарқалади.

 Тўғри,  Оролнинг “дарди”га даво топилгани йўқ. Бу “дард” энг аввало инсон саломатлигига жиддий хавф туғдираётганлиги ҳеч кимга сир эмас. 60 даража иссиқ, қуруқ қирғоқчилик, шамолнинг тезлиги ошиб кетиши, шўрланишнинг ошиши, Оролбўйи ҳудудида ичимлик суви сифатининг  ёмонлашуви  экологик система эмас, балки инсон саломатлигига қаттиқ таъсир кўрсатаётган омиллардан ҳисобланади. Болаларда камқонлик, бўқоқ, ақлан ривожланишда нуқсонлар борлиги давом этмоқда. Ўткир ичак хасталиклари, қорин тифи, юқумли гепатит касалликлари Республика кўрсаткичидан бир неча бор юқорилиги  йиллар давомида кузатилмоқда.

Бундай муаммо такрорланмаслиги учун биз барчамиз бирлашишимиз, ҳамжиҳатликда иш юритишимиз шарт. Алматада ўтказилган семинар айнан ана шу  хайрли мақсадни кўзлаб , она сайёрамизни асраб қолиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини яна бир карра эслатди. Ва бу йўлда барчанинг экологик билими ва маданиятини ошириш зарурлигига  эътибор қаратилди.

Тажрибали экспертлардан  Олег Викторович Печенюк, Булат Есекин ва бошқаларнинг қимматли фикр ва мулоҳазаларидан экология бу бизнинг ҳаётимиз, саломатлигимиз,  бутун борлиқ, энг асосийси биз яшаб турган  макон- Ватан эканлигини яна бир карра ҳис этдик. Муштарак мақсадлар истиқболи белгилаб олинди.

Маруса Хосилова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.