Наргис Зияватдинованинг Ўзбекистон Президентига очиқ хати

Наргис Зияватдинованинг Ўзбекистон Президентига очиқ хати

Биз қуйида тақдим этаётган  Президент Шавкат Мирзиёевга қаратилган очиқ хат Ўзбекистонда туғилиб ўсган беш нафар боланинг онаси Наргис Тоҳировна Зияватдинованинг бугунги кунга қадар давом этаётган сарсон-саргардонликларининг қайғули ҳикоясидир. Бу воқеа “дунёнинг қудратли шахслари” ўртасида низо юзага келганида тақдир тақозоси билан уларнинг орасига тушиб қолган “кичкина одам” билан нималар юз бериши мумкинлигини намойиш этади.

Муҳтарам Президент! 
Ҳурматли Шавкат Миромонович !

Мен, Зияватдинова Наргис Тохировна, 1974 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилганман. Беш нафар ажойиб фарзанднинг онасиман. Денов туманида туғилиб ўсган онам Соҳиба Зияватдинова 2014 йилда вафот этган, у 1973 йили Тожикистон ССР Ленинобод вилоятининг Ўратепа шаҳрида Тоҳир Абдуғаниевич Зияватдиновга турмушга чиққан. 1991 йили мен ҳам Ўратепадаги мактабни тамомлаганман.
Ўша йилнинг ўзида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида истиқомат қилувчи Шуҳрат Мансуровга турмушга чиқдим.

2001 йили Сурхондарё вилоятида “Имкон” Ногирон болалар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш марказини ташкил қилиш ташаббуси билан чиқдим. Марказ Термиз шаҳар ҳокимлиги билан яқин ҳамкорликда ишлади ва ўз фаолияти билан нафақат республикада, балки ундан ташқарида ҳам катта нуфуз орттирди. 2003 йилда Термиз шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ногирон болалар учун ихтисослашган ўқув марказининг яратилиши Марказнинг асосий ютуғига айланди. Биз ижтимоий шериклик имкониятларини ва Ўзбекистонда инклюзив таълимни жорий этиш имкониятларини намойиш этган мамлакатдаги биринчи ННТлардан бири эдик.    
  
Ҳар йили марказимизнинг беш-олти нафар битирувчиси Термиз шаҳридаги ва вилоят туманларидаги умумтаълим мактабларига ўқишга кирарди. Балки бу катта рақам эмасдир, аммо келажакка ҳеч қандай умиди йўқ болалар учун – бу улкан қадам эди. 

Марказимиз ривожланиши билан бирга жамоамиз ва ўзим ҳам ривожландим, ўсдим. Жамоамиз ногирон болалар иштирокида театр ташкил қилди, кўплаб сафарлар уюштирдик. Болаларимиз Фарғона, Қўқон, Қарши, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Андижон ва бошқа шаҳарларда қўғирчоқ томошаларини намойиш этишди…

Марказимиз халқаро эътирофга ҳам сазовор бўлган, хусусан 2011 йили Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун АҚШ Давлат департаментидан “Олтин Юлдуз” мукофотини олди. Ўшанда мен кучлилар орасида бўлиш ва юртимни тақдим этиш ифтихорини туйдим. Бир нечта болага таълим орқали олдинга, келажакка қадам ташлашга ёрдам берганимдан бахтиёр эдим.     

2010 йилда мени Фонд Форумга, “Аёллар Кенгаши”нинг Сурхондарё вилоят бўлимида ишлашга ва бу ташкилотнинг фаолият даражасини кўтаришга таклиф қилишди.

Турмуш ўртоғим Шуҳрат Мансуров ўша пайтда Тошкентда, ЎзР Молия вазирлиги тизимида турли масъул лавозимларда ишларди, оиламиз билан пойтахтда истиқомат қилардик.

Мен Сурхондарёдаги ишимни оилам, фарзандларим ҳақидаги ташвишлар билан бирга олиб боришга мажбур бўлдим.

Ҳаётимдаги барча нохушликлар ва кулфатлар 2012 йил августида Гулнора Каримованинг Сурхондарё вилоятида “Мингта тўй. Мингта суннат тўй” тадбирини ўтказиш ташаббусидан бошланди. Биз ҳамма тайёргарлик ишларини бажардик.

Бироқ васийлик кенгашининг раиси Гулнора Каримованинг келиши вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар амалдорлари томонидан норозиликни келириб чиқарди, ҳаммаси шундан бошланди.

2012 йил декабрь ойида мен, онам ва синглимга нисбатан ЎзР ЖКнинг 228-моддаси “Б” банди бўйича сохта ҳужжатлар асосида жиноий иш қўзғатилди (ЎзРЖК 228-модда, «б» банд: «Сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрланиши, расмий ҳужжатларнинг қалбакилаштирилиши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади»- муҳаррир). Бу онамнинг соғлиғига берилган биринчи зарба бўлди. Онам юрак хуружи билан Кардиология марказининг реанимация бўлимига тушди.   

ННТнинг ёпилиши эса иккинчи зарба бўлди. Энг қайғулиси ва кутилмагани эса худди ўша кучлар томонидан Термиз Ногирон болалар ўқув маркази ёпилди. Ҳеч қандай изоҳларсиз мендан марказ муҳрини олиб қўйишди, бунинг натижасида мен ўқитувчиларга маошини тўлай олмадим, ногирон болаларни озиқ-овқат билан таъминлай олмадим.  

Шавқатсизларча қилинган бу ишлар 68 нафар ногирон болага ўқув йилини тамомлаш имконини бермади. Думалоқ муҳр йўқлиги туфайли меҳнат дафтарчалари ёпилмаган ўқитувчилар ҳам маошсиз қолди.

Ўзларининг халқ таълими тизимига, ногирон болаларга зарар етказадиган ғайриқонуний ва асоссиз ҳаракатларини оқлаш мақсадида шаҳар ҳокимининг 2003 йилдаги қарори ўтиб кетган сана билан ноқонуний равишда бекор қилишди.  

Бу суд ва ҳоким қарорисиз ногирон болалар ўқув муассасаси мажбурий тарзда ёпилган биринчи ҳолат деб ўйлайман. Ўзбекистон тарихида бундай ҳолат бошқа бўлмаган бўлса керак, Худо хоҳласа бўлмайди ҳам.

Мен курашдим, юқори органларга аризалар ёздим. Ўқув марказининг муаммоларидан чалғитиш мақсадида тартибни сақлаш “посбонлари” томонидан навбатдаги жиноий иш қўзғатилди. Унда на бирор факт, на бирор далил-исбот, на тасдиқловчи ҳужжатлар ёки имзолар, на бирор гувоҳ бор эди.
Терговчи миясига келган нарсани ёзиб, ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган юзлаб саҳифа ҳужжатларни илова қилган ҳолда уни “жиной иш” деб номлаган.

Мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган жиноий ҳуқуқнинг “янги методи”ни қўллаш натижасида турмуш ўртоғим айбдор деб топилди. Кейинроқ менга айтишди, уни ноқонуний ишлатилган бюджет маблағларини (ўқитувчиларнинг маоши, ўқувчиларнинг озиқ-овқати) қоплашга мажбур қилишибди. Онам оғир касал бўлса-да, судьялар уни суд залига олиб келишга мажбур қилишди. Натижада, онамда иккинчи марта юрак хуружи юз берди.   
Вилоят судьяси турмуш ўртоғимни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Мен уйдаги ҳамма нарсамни сотдим, дўстларимдан қарз олдим ва 548 млн.сўмни тўладим.

22 йил ҳаётини давлат хизматига бағишлаган турмуш ўртоғимни, унинг иши ва фаолияти мен ишлайдиган ўқув марказига ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, қамашди. 

2014 йил 24 март куни учинчи юрак хуружидан вафот этган онамнинг ўлими мен ва оилам учун энг катта йўқотиш бўлди.
Мен ва бутун оилам (Зияватдинова Раҳима, Зияватдинова Замира, Зияватдинова Мухаммади) беш йилдан бери паспортсиз яшаяпмиз. Сиз бу нималигини яхши тасаввур қилсангиз керак: ишсизлик, барча ҳуқуқларнинг, шу жумладан Президент сайловларида қатнашиш ҳуқуқининг ҳам чекланиши. Бу 1.5 йил ишсиз ўтириш – турмуш ўртоғимнинг қарамоғида бешта фарзанд. Энг яқин инсоним бўлган онамнинг вафотидан кейин ўтган мудҳиш уч йил.

Мен оддий аёлман. Беш фарзанднинг онаси, бировга ёмонлик қилишни ёқтирмайман, буни истамайман ҳам. Ҳозир Сизга шу очиқ хатни ёзишга мажбурман, бошқа иложим қолмади. Ҳаётимни бузишда давом этаётганларни ҳеч ким тартибга чақира олмаяпти. Муҳтарам Шавкат Миромонович, фақат Сиз менга ёрдам бера оласиз!

Мени тушунишингизга ва ёрдам беришингизга умид қиламан.

Наргис Зияватдинова
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.