Ногиронлар уюшмаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ногиронлик масалалари бўйича қўмита ташкил қилишни тавсия этмоқда

Ногиронлар уюшмаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ногиронлик масалалари бўйича қўмита ташкил қилишни тавсия этмоқда

Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси Ўзбекистон Республикаси томонидан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни амалга ошириш бўйича муқобил маърузани тақдим этди.

Унда таъкидланишича, миллий қонунчиликда “ногиронлик белгиси бўйича камситиш”, “универсал дизайн”, “инклюзив таълим”, “оқилона мослашиш”, “одил судловдан фойдаланиш”, “мобиллик”, “абилитация”, “мулоқот тили” каби тушунчалар мавжуд эмас, “ногиронликка эга шахс” тушунчаси эса БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциясига зид.

Ногиронлар уюшмасининг кузатувларига кўра, сўровдан ўтказилган ногиронликка эга кишиларнинг 70%  очиқ жисмоний муҳит йўқлиги туфайли ҳаётларининг катта қисмини уйда ўтказишга мажбурлигини қайд этишган. Бутун республика бўйлаб биноларнинг бор-йўғи 10% очиқ жисмоний муҳитга эга. Хусусан, Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йил 1 январь ҳолати бўйича республикада 62 та йўловчи транспорт воситаси ногиронликка эга одамлар учун мослаштирилган бўлиб, уларнинг 1 таси Бухорода, 1 таси Жиззахда, 1 таси Қаршида, 2 таси Самарқандда, 6 таси Фарғонада, 1 таси Хивада, 51 таси Тошкентда фаолият кўрсатади.
 
Ногиронликка эга одамларга 1 ёки 2 ногиронлик гуруҳи берилади, ТМЭК томонидан бериладиган меҳнат фаолияти ҳақидаги хулосага меҳнатга лаёқатсиз деб ёзилади.
 
«Иш излаётган ногиронликка эга одам учун бу “ўлим ҳукми” билан баробар, чунки ҳеч бир иш берувчи бундай хулоса билан ишга олмайди. Ногиронликни меҳнатга лаёқатлилик даражасини йўқотиш мезони бўйича белгилаш амалиёти ҳам ички, ҳам халқаро қонунчиликка зиддир. БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциясига кўра, ногиронлик меҳнатга лаёқатлилик даражасини йўқотиш бўйича эмас, балки муҳит тўсиқлари мавжудлиги бўйича белгиланади», – дейилади маърузада.

Ҳужжатда қайд этилишича, тиббий-ижтимоий экспертизани ўтказишда ногиронликни белгилаш учун қўлланадиган мезонлар 40 йил аввалги методикага асосланади. 
 
«Давлат кўмагини тақдим этувчи ногиронликни расмийлаштириш ҳамда уни тасдиқлаш процедураси шаффоф эмас, унда қоғозбозлик кўп бўлиб, ногиронликка эга кишиларнинг қадр-қимматини камситади», – қайд этади Уюшма.

Республикада протез маҳсулотлари ва ногиронлар учун техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқарувчи 7 та корхона фаолият кўрсатади, улардан бор-йўғи 2 таси замонавий талабларга жавоб беради.

Уюшма маълумотларига кўра, сўровдан ўтказилган ногиронликка эга кишиларнинг 90% протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича ижтимоий хизматлар сифатидан норозилик билдирган.

«Қонунчиликка мувофиқ, 1 ва 2 гуруҳ ногиронлари хусусий тиббий муассасаларда бепул тиббий хизмат олиш (стоматология ва косметика хизматларидан ташқари) ҳуқуқига эга. Бироқ амалда ушбу ижтимоий хизмат ишламайди, чунки хусусий тиббий муассасалар томонидан ногиронликка эга шахсларга кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар рўйхати белгиланмаган», – дейилади маърузада.

Ўзбекистон Конституциясининг 39-моддасида пенсиялар ва нафақалар мингимал яшаш минимумидан кам бўлмаслиги керак, аммо ҳозирга қадар пенсиялар ва нафақалар миқдорини белгилашнинг муҳим омили бўлган “истеъмол савати” ва “яшаш минимуми” тушунчалари жорий этилмаган. Давлат томонидан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг минимал миқдори минимал яшаш даражаси харажатларининг 60% ни қоплайди холос.

Текширилган 107 та веб-сайтнинг 88 тасидан кўзи ожиз кишилар фойдаланиши мумкин, веб-инструментлар ёрдамида шрифтлар ва интерфейс элементларининг масштаблаштирилиши 67 та сайтда мавжуд, ахборотни имо-ишоралар тилида ифодалаш эса ҳеч бир сайтда йўқ.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Уюшма “Ногиронликка эга шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилишдан ташқари, Ҳаёт фаолияти ва соғлиқ чекловлари ишлашининг халқаро таснифи асосида ногиронликни белгилашнинг замонавий тизимига ўтишни тавсия этади.

Хусусан, қуйидагилар таклиф қилинади:

-“Очиқ жисмоний муҳит” давлат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш
– ногиронликка эга кишиларни ишга жойлаштириш бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш
– “Инклюзив таълим тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш
– аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ягона органни ташкил қилиш
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ногиронлик масалалари бўйича идоралараро қўмитани ташкил қилиш
– ногиронликка эга кишиларнинг ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини таъсис этиш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.